ЁШЛАРНИ ЁТ ҒОЯЛАРДАН АСРАЙЛИК!

“Дунёда турмоқ учун диний дунёвий

илм лозимдур, замон илмидан бебаҳра

миллат бошқаларга поймол бўлур”

Маҳмудхўжа Беҳбудий.

Ёшлик ҳар-бир инсонга бир марта бериладиган тенги йўқ неъматлардан бири бўлиб, унинг қадрига етмоқ керак. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг илмий ва маънавий салоҳиятини ошириб борган инсон ўз зиммасидаги энг олий вазифани уддалаган ҳисобланади. Ахборот глобаллашуви туфайли турли мафкуравий таъсирлар, айниқса, ёшлар тафаккурини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучайган бугунги даврда бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар-биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Юртимизда ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбиясини тўғри шакллантириш, уларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, онгу тафаккурини юксалтириш маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан биридир.

Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик нафақат ҳукуматимиз ёки таълим муассасаларининг вазифаси, балки ҳар-бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчи эканлигини унутмаслигимиз зарурдир.

Бугунги тезкор ўзгаришлар давридаги энг мураккаб муаммо бу — ғоявий ва мафкуравий таҳдидлар бўлиб, улар ёшларимиз онги ва қалбини эгаллаш учун астойдил уринишмоқда… Бу каби ёвуз кучлар айрим ёшларнинг соддадиллигидан фойдаланиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби баҳоналар билан ўз тузоқларига илинтиришга ҳаракат қилишаётгани айни ҳақиқатдир.

Бунёдкор ғояларга эргашиб, вайронкор ғоялардан омонда бўлиш учун инсонга ғоявий иммунитет керак бўлади. Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришнинг энг самарали йўли ёшликдан соф эътиқод ва миллий қадриятлар асосида таълим-тарбия олишдир.

Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар-бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири ҳисобланади. Ватандошимиз буюк муҳандис Имом ал-Бухорий: “Нажот фақат илмдадур”, деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизлик – жаҳолатдан, жаҳолат эса – такаббурлик, мутеълик ва бузғунчиликдан келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки динни илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради”, — деб айтган ҳадислари ўз мазмунини йўқотган эмас…

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

 Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи