Вақт-улуғ неъмат
28

Вақт, бу сўз ҳар биримизни умримиз, ўтаётган ҳар бир онимиз ҳақида тафаккур қилишга ундаб туради гўё. Бизга берилган неъматлар ичида энг қадрлиси ҳам бу вақтдир. Ҳар бир киши вақт аталмиш бу неъматни қадрлашлиги, уни фойдали ишларгагина сарфлаши лозим. Яшаётган ҳар бир кун, соатнинг ҳар бир мили аслида бизнинг азиз умримизни қисқариб бораётганидан далолат беради гўё. Буни яхши англаган киши ҳеч бир сониясини беҳуда ўтишига йўл қўймайди. Улуғлардан бири шундай деган экан: “Вақт сизнинг ягона сармоянгиздир, уни ўзгалар сарфлаб юборишига йўл қўйманг!”. Бу сўзлар айни хақиқатдир. Ҳеч бир киши ўз сармоясини бегона кишилар бекорга сарфлаб юборишига рози бўлмаса керак. Шундай экан умримизни яъни вақтимизни бекорчи кишилар фойдасиз гап-сўзлари билан ўғирлашига ҳам асло йўл қўймаслигимиз, вақт аталмиш қўлимиздаги сармоямизни керакли ишларгагина сарфлашимиз лозим бўлади.
Баъзида кунлар жуда секин ўтаётгандек туйилади. Айниқса, ғам ташвишли пайтларда вақт ўтиши секинлашгандек туюлади. Аслида эса вақт жуда тез ўтиб бораётгани касаллик ва ғам ташвишлардан ҳоли бўлган, шод-у хуррам пайтларда аниқ билиниб қолди. Бу ҳақида ҳикматли бир шеърда шундай дейилган:
Ғамгин пайтда қисқа кун ҳам ҳеч ўтмас,
Шодлик вақтда узун кунлар сира етмас.
Ҳа, шодон кунларда вақт жуда тез ўтгани билиниб қолади. Чунки вақтни ўзи аслида жуда тез ўтиб кетувчи нарса ҳисобланади. Шунинг учун шодлик ёки қайғули пайтларда ҳам вақтимизни фақатгина дин-у дунёимизга фойдали ишларгагина сарфлашимиз лозим бўлади. Агар биз вақтимизни фойдали ишларга сарфламасак, унда вақтимиз кераксиз бекорчи ишлар билан ўтиб кетади. Вақтни керакли ўринга сарфламаслик уни зое қилиш, вақтни ўлдириш саналади. Бу эса жуда хунук нарса. Бугун бизнинг энг катта камчиликларимиздан бири шуки, вақтимизнинг қадрига кўп ҳам етавермаймиз, бугунги қилишимиз керак бўлган ишни эртага қолдирамиз. Ваҳоланки эртанги кунимизни ҳам бажарилиши керак бўлган ўз ишлари бор. Бунга эса аҳамият бермаймиз гоҳо.
Кунлардан бир куни Умар ибн Абдулазиз роҳматуллоҳи алайҳ иш кўплигидан сал хорғин кўринганларида яқинлари ачинганларидан: “Бу ишни эртага колдира қолинг”, дейишибди. Шунда зот: “Бир куннинг иши оғир келмоқда-ку, икки куннинг иши тўпланиб қолса қандай бажараман”, деб жавоб берган экан.
Тарихда ўтган улуғ инсонларнинг ҳаёти нақадар ибратли. Улар “Бир куннинг иши оғир келмоқда-ку, икки куннинг иши тўпланиб қолса қандай бажараман”, деб ҳар кунлик ишларини ўша кунда бажаришга интилишарди. Шунинг учун ҳам улар катта ютуқларга эришганлар.
Улуғ боболаримиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Али Ибн Сино каби кўплаб дунё таниган аждодларимизнинг ёзиб қолдирган юзлаб асарлари, уларнинг қилиб ўтган буюк иларига назар солган кишини қалбида ўз-ўзидан: “Улар шунча ишларга қандай қилиб улгуришган экан-а?”, деган савол пайдо бўлади. Бу каби саволларнинг жавоби эса оддийгина. Улар вақтларини қадрига етиш, тунларни илм билан бедор ўтказишлик билан шундай даражага эришганлар. Агар биз ҳам улуғ боболаримиз каби катта ютуқларга эришишни, келажак авлодларга ўзимиздан яхши ном, илмий меърос қолдиришни, режалаштирган ишларимизга ўз вақтида етишишни истасак унда вақтимизни ҳар сониясини қадрига етиб, уни фақатгина керакли ишларга сарфлайлик. Шунда бизлар ҳам улкан ютуқларга эришиб, бахтли ҳаёт кечарамиз. Ҳамда ораларимиздан яна Имом Бухорийлар-у, Имом Термизийлар чиқиши давом этади. Аллоҳ таоло барчамизни вақтларимизни барокотли, умримизни хайрли айласин!
Қурбонов Хайрулла
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
Ҳадис фани ўқитувчиси
