БИРОВНИ КУФРДА АЙБЛАМАНГ!  

18

 “Далил исботсиз бировни куфрда айблаш оғир гуноҳдир”

Имом Бутий

Бу ибора арабча “куфр” сўзи ўзагидан олинган. Луғатда “инкор қилиш”, “ёпиш”, “каффорат бериш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса мўмин кишини асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш демакдир.

Имом Бухорий “Саҳиҳ”идаги бир боб “Жоҳилият ишларидан бўлиб, куфр саналмайдиган гуноҳлар боби” деб номлангани ҳам мусулмон инсон гуноҳ содир этиш билан Исломдан чиқмаслигига ишора қилади. Катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши, Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди. Шунингдек, тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди.

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва Суннада бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир” (Нисо, 94).

Саъдуддин Тафтазоний “Шарҳул ақоиди Насафийя” асарида: “Гуноҳи кабиралар мўмин бандани иймондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди”, деган. Ояти карима ва ҳадиси шарифлардан биламизки, қотиллик, ўғирлик, сеҳргарлик, зино, ароқ ичиш, бўҳтон қилиш, ота-онага оқ бўлиш, рибо ейиш шариати исломияда қаттиқ қораланган гуноҳи кабиралар сирасига киради. Қатор ақида китобларида куфрдан бошқа ҳар қандай гуноҳ мўмин бандани иймондан чиқармаслиги айтиб ўтилган. Ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол санаган, фарзни инкор этган, куфр сўзларни гапирган, Аллоҳдан ўзгага сажда қилган, Қуръоннинг илоҳий каломлигига шак келтирганлар кофир саналади. Шундай экан, ҳар қандай мўминни куфрда айблаш асло мумкин эмас. Бу айрим “такфир”чиларнинг ишидир. Бизнинг ақидамизга кўра, иймон шартларини инкор этмаганлар иймонини ҳаргиз йўқотмайди.

Мўътазилийлар наздида амаллар иймоннинг бир қисми саналиб, гуноҳи кабира қилган банда мўмин ҳам, кофир ҳам бўлмайди, балки шу икки манзил ўртасида аросатда қолади. Исломда илк ихтилоф қўзғаб, аҳли сунна вал-жамоадан чиққан тоифа – хорижийлар “Гуноҳи кабира қилган кофир бўлади”, деб эътиқод қилишган. Бугунги кунда шу каби ғояларни илгари сураётганлар мазкур тоифалардан қай бирининг услубини тутган экан-а?

Биз – аҳли сунна вал-жамоа мазҳабидагилар “Иймон – тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқлашдан иборат, амаллар эса иймон шартига кирмайди”, деб эътиқод қиламиз. Буни машҳур мутакаллим Нуриддин Собуний[1] ҳам айтиб ўтган. Гуноҳи кабирани қилган банда фосиқ бўлади. Фосиқлик тавба билан кетади. Бу тавбадан сўнг қайта иймон келтириш шарт эмас. Тавбадан сўнг иймон калимасини айтиш эса муртадларга шарт, холос. Оят ва ҳадисларда гуноҳ қилган кишиларга “кофир”, “мушрик”, “муртад”, “иймонсиз” деб мурожаат этилмагани фикримизнинг яққол исботидир. Уларнинг мўминлигига эса қуйидаги ҳадис далил бўлади.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келдим. Устларида оппоқ кийим бор эди. У зот ухлаётган эдилар. Қайтиб келганимда уйғонган эканлар. “Бирор банда Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини айтса, сўнг мана шу эътиқодида вақот этса, албатта жаннатга киради”, дедилар. Мен: “Зино ва ўғирлик қилса ҳамми? деб сўраганимда, у зот: “Зино ва ўғирлик қилса ҳам”, деб жавоб бердилар. Мен: “Зино ва ўғирлик қилса ҳамми? деб сўраганимда, у зот: “Зино ва ўғирлик қилса ҳам”, деб жавоб бердилар. Мен: “Зино ва ўғирлик қилса ҳамми? деб сўраганимда, у зот: “Зино ва ўғирлик қилса ҳам. Абу Заррнинг бурни ерга ишқалансин-да”, деб жавоб бердилар”. Абу Зарр қачон ушбу ҳадисни айтсалар: “Абу Заррнинг бурни ерга ишқалансин-да”, деб қўяр эканлар.[2]

Ушбу ҳадисни тан олмаган ёки инкор этганлар, шубҳасиз, аҳли сунна вал-жамоадан ажраган ва адашганлардир.[3]

 

Манбаалар асосида Нилуфар БЕРДИЕВА тайёрлади

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи

[1] Аллома ҳижрий 580 йил, мелодий 1184 йилда вафот этган.

[2] Саҳиҳул – Бухорий, 5827-ҳадис.

[3] Манба: https://mirarabmadrasa.uz/uz/maqolalar/-birovni-kufrda-ayblamang