КИЙИНИШ ОДОБЛАРИ

Ислом Аллоҳ таолонинг мукаммал, барча замон ва маконларга салоҳиятли дини ўлароқ, инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Шу билан бирга, кийиниш ҳам инсон ҳаётининг муҳим соҳаси экани ҳаммамизга яхши маълум. Ислом бошқа ҳамма соҳаларда ўз кўрсатмаларини берса-ю, кийиниш борасини тарк этса, унинг мукаммаллигига путур етган бўлар эди.

Шунинг учун ҳам Исломда бу масала ҳам бошқалари катори, етарли даражада муолажа қилинган. Бу эса мусулмонлар учун катта бахтдир. Чунки улар ҳаётнинг бошқа соҳаларида бўлгани каби кийиниш масаласида ҳам тайёр таълимотларга амал қилиб, икки дунё саодатига эришиш учун яна бир илоҳий ёрдам ола биладилар.

Баъзилар кийиниш масаласига бунчалик катта эътибор беришнинг боиси нима, ахир бу арзимаган нарса-ку, дейишлари мумкин. Аввало, кийиниш арзимаган нарса эмас. Қолаверса, Исломда инсон ҳаётининг арзимайдиган томонлари йўқ, балки динимизда инсон ҳаётининг барча соҳалари баравар эътиборга сазовордир.

Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир, дейишимиз мумкин. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади.

Бунинг устига, кийим-бош инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлгани учун, унга таъсир қилиши турган гап. Мисол келтирадиган бўлсак, аскарларга ўзига хос кийим кийдириш ҳамма халқларда қадимдан одат бўлиб келган. Бу аввало, аскарларга ўз вазифасини адо этишда қулайлик туғдирса, иккинчидан, махсус кийим уларга таъсир қилиб, аскарлик руҳини тутиб туришда, кучайтиришда иш беради. Ҳатто оддий одам аскар кийимини кийиб олса, аскарларга ўхшаб шахдам юришга интилиб қолиши ҳам шундан. Бундан билинадики кийим инсоннинг ҳаётида, яшаш тарзида муҳим муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга ҳар бир мусулмоннинг ҳаётида динининг кўрсатган кўрсатмасига кўра кийиниши унинг ҳаётига ўзига хос кайфият баҳш этади.

Мана шу ва шунга ўхшаш бошқа кўпгина мулоҳазаларга кўра, Исломда кийим-бошга алоҳида эътибор берилган. Диққат билан қарайдиган бўлсак, Ислом динининг батафсил ҳукмлари баён этилган барча китобларимизда алоҳида “Либос китоби” бор. Айниқса, ҳадис, тасаввуф ва фиқҳ китобларимизда бунга алоҳида эътибор берилган. Юқоридаги мулоҳазалардан кийим ва ташқи кўриниш ҳеч нарсани ҳал қилмайди балки қалб тоза бўлса бўлди дейдиган инсонларнинг даъволари пуч ва ёлғон экани билинади!

Тошмирзаев Фаҳод

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси