Ҳашр — тўплаб сургун қилиш

                     Сурада Мадинадаги Бану Назир исмли яҳудийлар қабиласининг ёвуз кирдикорлари туфайли юртларидан сургун қилинишлари тўғрисида маълумотлар бор. Шунингдек, унда мўминлар ва мунофиқлар, яхшилар ва ёмонларнинг таъриф ва тавсифлари ифода этилган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

  1. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир.
  2. У аҳли китоблардан (яҳудийлардан) кофир бўлган кимсаларни биринчи «тўплаш»даёқ ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарган зотдир. (Эй, мўминлар,) сизлар уларни чиқиб кетишларини ўйлаган ҳам эмас эдингиз, улар ҳам ўзларининг қалъаларини Аллоҳ (азоби)дан тўсувчи деб ўйлаган эдилар. Бас, Аллоҳ(нинг азоби) улар ҳисобга олмаган томондан келди ва дилларига қўрқинч солди. Улар уйларини ўз қўллари ва мўминларнинг қўллари билан бузар эдилар. Бас, эй, ақл эгалари, (улардан) ибрат олингиз!

Изоҳ: Пайғамбар алайҳиссалом Маккайи мукаррамадан Мадинайи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг яҳудийларнинг Мадина атрофида яшайдиган Бану Назийр қабиласи у киши билан бетарафлик тўғрисида сулҳ тузган эди. Лекин мусулмонлар Ухуд жангида мағлубиятга учраганларидан кейин Бану Назийр яҳудийлари ўртадаги сулҳни бузишиб, мусулмонлар орасига суқулиб кириб олган айрим мунофиқлар билан тил бириктириб, Макка кофирларига одам юборадилар ва Муҳаммад алайҳис-саломга қарши жанг қилиш учун улар билан ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирадилар. Расулуллоҳ бу хиёнатдан хабар топгач, яҳудийларнинг Маккага юборилган элчилари Каъб ибн Ашрафни қатл қилишга буюрадилар ва ўзлари қўшин билан бориб Бану Назийр қабиласини қамал қиладилар. Қамалниннг йигирма биринчи кунида дилларига қўрқинч тушган яҳудийлар Пайғамбаримизга қайта сулҳ, тузишни таклиф қилишганида у зот хоинлар билан ҳеч қандай сулҳ тузилиши мумкин эмас эканлигини билдириб, улардан кўтарганларича нарса-матоларини олиб дарҳол бу юртдан чиқиб кетишларини талаб қиладилар. Шундай қилиб яҳудийлар яшаётган уйларнинг устун-тўсинларигача бузиб туяларга юклашиб ҳеч қандай жанг-жадалсиз ўз диёрларидан жўнаб қолдилар.

  1. Агар Аллоҳ уларга сургунни ёзмаганида, албатта, уларни мана шу дунёда (қатл қилиш ёки асрга олиш билан) азоблаган бўлур эдик. Улар учун охиратда дўзах азоби ҳам бордир.
  2. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турганларидир. Кимки Аллоҳга қарши турса, бас, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир.
  3. (Эй, имон келтирганлар,) сизлар (Бану Назир хурмозорларидан) бирор хурмо дарахтини кесдингларми ёки уни ўз таналарида турган ҳолида қолдирдингларми, бас, (қилинган иш) Аллоҳнинг изни билан ва фосиқ (итоатсиз) кимсаларни расво қилиш учундир.
  4. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига улардан ўлжа қилиб берган нарсалар устига сизлар от ва туяларни миниб борганларингиз йўқ (қийналиб қўлга киритганларингиз йўқ), лекин Аллоҳ Ўз пайғамбарларини Ўзи хоҳлаган кимсалардан устун қилиб қўяр. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
  5. Аллоҳ қишлоқ (шаҳар)ларнинг (кофир) аҳолисидан ўз пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар — токи сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина қўлма-қўл бўлиб юраверадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун — Аллоҳга, Пайғамбарга ва (у зотнинг) қариндошлари, етимлар, мискинлар ва мусофирларга тегишлидир. Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олинглар, у сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир.
  6. (У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар — камбағал муҳожирларникидир, зеро, улар Аллоҳдан фазл ва ризолик истаганлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берганлар. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар.
  7. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадинадек) диёрда яшаган ва имонни сақлаганлар (ансорлар) эса ўзлари (ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга берилган нарса (ўлжалар) сабабли ҳасад сезмаслар ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда ўзгаларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар иқболлидирлар.

Изоҳ: Бу ояти каримада Мадиналик мусулмонлар қанчалик олийжаноб мурувватли ва сахий эканлари таъриф этилган. Ўзлари муҳтож бўлатуриб, нарсаларини ўзга муҳтожларга эҳсон қилиш бу саховат ва карамнинг энг юқори чўққисидир. Бу хислат араб тилида «ийсор» дейилади. Мазкур оятларда ўзларининг уй-жой ва мол-мулкларини тарк этиб, Пайғамбар алайҳиссалом билан Мадинайи Мунавварага ҳижрат қилиб келган муҳожирларнинг орзу-ниятлари фақат Аллоҳнинг розилигини исташ ҳамда Аллоҳ ва Пайғамбар алайҳиссаломга ёрдам қилиш бўлганлиги таъкидланди ва ғазотлардан тушадиган ўлжаларнинг бир қисми ўшаларнинг ҳақлари эканлиги уқтирилди. Шунингдек, уларнинг йўлларига уй- жой ва иймон-эътиқод билан пешвоз чиққан ансорлар – ёрдамчилар (улар Пайғамбаримизга ва бошқа муҳожирларга ҳар бир ишда кўмак берганлари учун мана шу номга сазовор бўлганлар), ва уларнинг бағрикенгликлари, ўз манфаъатларидан ўзгаларнинг манфаъатини устун қўя олишлари таърифланди. Ҳукамолардан Абу Зайднинг ғоят ибратли мана бу сўзи худди ўша ансорлар ҳақида айтилгандек: “Балхлик бир йигит менга: “Ўзларингизнинг зуҳд- тақволарингиз ҳақида гапириб бергин”, деган эди, мен айтдим: “Топсак еймиз, топмасак сабр қиламиз”. Шунда у деди: “Бизда Балхнинг итлари шундай қилишади, биз эса топмасак сабр қиламиз, топсак ўзимиздан муҳтожроқларга берамиз”

  1. Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй, Раббимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари имон билан ўтганларни мағфират қилгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз, албатта, Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан
  2. (Эй, Муҳаммад,) мунофиқ кимсалар ўзларининг аҳли китобларидан (яҳудийлардан) бўлмиш кофир биродарларига: «Қасамки, агар сизлар (Мадинадан) қувиб чиқарилсангизлар, албатта, бизлар ҳам сизлар билан бирга чиқиб кетурмиз ва сизлар(га қарши ҳаракат)да ҳеч қачон ҳеч кимга итоат этмасмиз. Агар сизларга қарши жанг қилинса, албатта, бизлар сизларга ёрдам берурмиз«, дейишларини кўрмайсизми? Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар, албатта, ёлғончидирлар.
  3. Қасамки, агар (яҳудийлар ўз диёрларидан) қувиб чиқарилсалар, (мунофиқлар) улар билан бирга чиқиб кетмаслар. Қасамки, агар (яҳудийларга қарши) жанг қилинса, (мунофиқлар) уларга ёрдам ҳам бермаслар. Мабодо ёрдам берсалар ҳам, албатта, яҳудийлар (мағлуб бўлиб) ортларига қараб қочурлар ва кейин уларга ёрдам берилмас.
  4. (Эй, мўминлар,) сизлар (мунофиқларнинг) дилларида Аллоҳдан кўра қўрқинчлироқдирсизлар. Бунга сабаб, улар (Аллоҳнинг қудратини) англамайдиган қавм эканликларидир.
  5. Улар (мунофиқ ва яҳудийлар) ҳаммаси сизлар билан фақат қалъали қишлоқлар (ичида беркиниб) ёки деворлар ортидагина жанг қила олурлар. Улар ўз ўрталарида «кучли«дирлар. (Сўзларидан) уларни бир деб ҳисоблайсизу, (аммо) диллари хилмахилдир. Бунга сабаб уларнинг ақлсиз қавм эканликларидир.
  6. (Улар) худди ўзларидан озгина олдин ўтган, ўз қилмишларининг уволига қолган кимсаларнинг (Бадр жангида енгилган мушрикларнинг) ўхшашидирлар. Уларга (охиратда ҳам) аламли азоб бордир.
  7. (Улар) худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Қайсики, у инсонга: «Кофир бўл», — дейди. Бас, қачонки, (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга): «Мен сендан безорман. Зеро, мен (барча) оламлар Парвардигори — Аллоҳдан қўрқарман», — дейди.
  8. Бас, иккисининг (шайтон ва кофирнинг) оқибати дўзахга кириб, унда мангу қолишлари бўлди. Золим кимсаларнинг жазоси шудир.
  9. Эй, имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (Қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
  10. Сизлар Аллоҳни унутиб қўйганлар, бас, (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унутдириб қўйган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ (итоатсиз) кимсалардир.
  11. Дўзах аҳли билан жаннат аҳли баробар бўлмас. Жаннат аҳли ютуққа эришган зотлардир.
  12. Агар Биз ушбу Қуръонни бирор тоғ узра нозил қилганимизда эди, албатта, у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан бўйин сунган ва ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. Биз бу мисолларни одамларга зора улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз.
  13. У — Аллоҳ, шундай зотдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) яширин ва ошкора нарсаларни билувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир.
  14. У — Аллоҳ, шундай зотдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) пок, (бандаларига) омонлик берувчи, кузатиб турувчи, қудрат соҳиби, бўйин сундирувчи ва кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир.
  15. У — Аллоҳ, яратувчи, (йўқдан) бор қилувчи, (барча нарсага) сурат (ва шакл) берувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир.

Суранинг фазилати

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳу­дан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: Мўмин киши уйғонгандан сўнг уч марта “Аъузу биллааҳис самиъил Ъалим минаш шайтонир рожийм” ва бир марта “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” деб, сўнгра Ҳашр сурасининг сўнгги оятларини ўқиса, Жаноби Ҳақ у бандасига етмиш минг фаришта юборади. Фаришталар у инсон учун истиғфор айтадилар. Шунингдек, у киши турли бало-қазолардан муҳофаза этилади. Агар ушбу сура оқшом ўқилса, аввалги яна етмиш минг фаришта юборилиб, тонгга қадар Аллоҳга унинг номидан истиғфор айтиб, уни муҳофаза қиладилар (Имом Термизий ривояти, “Мухтасари ибн Касир”).

Maxsumov Maqsud

“Xoja Buxoriy” islom ta’lim muassasasi

Tafsir va Fiqh fani o‘qituvchisi

 

 

Foydalanilgan adabiyotlar:

  1. Тафсири насафий
  2. Таъвилот ал-Қуръон
  3. Tafsiri hilol
  4. uz
  5. Tafsiri Irfon
  6. Қуръони карим маънолари таржимаси
  7. https://quronvasunnat.uz