Таборак сураси фазилати  

Таборак сурасида ер, осмон ва бошқа мавжудотларни яратишдаги ҳикматлар, Аллоҳнинг қудрати, бу дунёда имонсиз ўтганларнинг охиратдаги афсус-надоматлари, ризқ-рўз талаб қилиш, табиий офатлар – ер ютиши, осмондан бало ёғилиши хавфи, ҳидоят, залолат каби масалалар баён этилган.

Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръонда ўттиз оятдан иборат бир сура бор. Ким уни ўқиса, гуноҳлари кечирилгунича шафоат қилади. У Таборак сурасидир”, деганлар (644). Таборак сураси “шафоатчи” номи билан машҳур. Шу сабаб бўлса керак, кўп мусулмон диёрларида, хусусан бизнинг юртда маййит дафн этилгандан кейин Таборак сураси ўқилади. Саҳобалар бу сурани “қутқарувчи” деб аташган. Зеро, Таборак сураси бандани шафоат қилиши ҳақида ривоятлар келган. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Қуръондаги ўттиз оятдан иборат сура соҳибини жаннатга киритгунча тортишади. Бу Таборак сурасидир”, деб марҳамат қилинган (645).

Уламолар Таборак сураси шафоатини вақт жиҳатидан иккига бўлганлар:

  1. Бандани қабрда шафоат қилади;
  2. Қиёмат куни шафоат қилади.

Анас ибн Нуфайлдан ривоят қилинишича, қиёмат куни бир банда тирилтирилади. У биронта ҳам гуноҳни қолдирмай ҳаммасини қилганди. Бироқ Аллоҳни ягона деб билар, Қуръоннинг фақат битта сурасини ўқирди. Уни дўзахга киритиш буюрилади. Шунда ўша кишининг ичидан бир нарса учқундек отилиб чиқиб: “Ё Аллоҳ! Мен Пайғамбаринг алайҳиссаломга нозил қилганинг (Қуръондан) бир сураман. Мана бу банданг мени ўқирди”, дейди. Ўша сура бандани жаннатга киритгунича шафоат қилади. Таборак сураси (Аллоҳнинг изни билан бандани азобдан) қутқаради

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таборак сураси қабр азобидан сақловчидир”, деганлар (647). Таборак сураси – Аллоҳнинг изни билан – мўмин бандани гўр азобидан ҳимоя қилади.

Кези келганда муҳим бир нарсани эслатиб ўтамиз: шу маънода айтилган ҳадисларга ишониб, “Истаганча яшаб, вафотидан кейин бир марта Таборакни ўқиб қўйса, жаннатий бўларкан”, деб ўйлаш тўғри эмас. Аслида бундай ҳадислар қалбимизга қувонч бағишлайди. Уларни ўқиб кўнглимиз бироз бўлсаям таскин топади. Аммо бошқа муҳим вазифаларни унутиб, бор эътиборимиз маййит ҳузурида Ёсин сурасини қироат қилишга, марҳум дафн этилгандан сўнг Таборакни ўқишга қаратилмайди. Муҳими – ҳақиқий мусулмон бўлиб яшаш. Агар Аллоҳ рози бўладиган тарзда ҳаёт кечирсак, У Зот бизни қабрда ҳам, охиратда ҳам азоб-уқубатдан асрайди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Саҳобалардан бири қабр устига чодир тикди. Лекин ўша ерда қабр борлигини билмасди. Шунда гўр ичида бир одам Таборак сурасини охиригача ўқиганини эшитди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб: “Эй Расулуллоҳ, чодиримни қабр устига қурдим. Лекин у ерда қабр борлигини билмабман. Ўша жойда бир одам Мулк сурасини охиригача ўқиганини эшитдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У тўсувчидир, қутқарувчидир. Ўша (сура бандани) қабр азобидан сақлайди”, деб марҳамат қилдилар (648)”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Банда қабрга қўйилгач, унинг олдига оёқ томонидан келинади. Шунда оёқлари: “Сиз учун мен томонга йўл йўқ, чунки у мен билан туриб Мулк сурасини ўқирди”, дейди. Шундан сўнг кўкрак (ёки қорин) томонидан келинади. У: “Сизлар учун мен томонга йўл йўқ, чунки у мен билан Мулк сурасини ўқирди” дейди. Кейин бош томонидан келинади. Боши ҳам: “Сизлар учун мен томонга йўл йўқ, сабаби у мен билан Мулк сурасини ўқирди”, дейди. (Таборак сураси) тўсувчидир, бандани қабр азобидан сақлайди. У Тавротда ҳам Мулк сурасидир. Ким уни кечаси ўқиса, кўп ва хўп (иш) қилибди (649)”. Бу ривоятдан қуйидаги хулосалар чиқади:

  1. Қабр азоби – ҳақ.
  2. Қабрда азоб фаришталари банданинг оёқ, кўкрак, бош томонидан келиб азоблайди.
  3. Таборак сураси бандани гўр азобидан сақлайди.
  4. Кимда-ким Таборак сурасини ўқиб юрса, унинг аъзолари қабрда тилга киради, ҳаётлик чоғида қилган савобли ишларини эслаб, бандани азобдан ҳимоя қилади.
  5. Таборак сурасини кечаси, айниқса таҳажжуд намозларида ўқишнинг фазилати улуғ.

Яна Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким Таборак сурасини ҳар кечада ўқиса, Аллоҳ азза ва жалла уни қабр азобидан сақлайди. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Таборак сурасини (қабр азобидан) тўсувчи, деб атардик. Чиндан ҳам, Аллоҳнинг Китобида шундай сура бор. Ким уни ҳар кеча ўқиса, кўп яхшилик қозонибди.

Муаллим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Таборак сурасини ёдлаш муҳим эканини таъкидлаганлар, “Мен (Таборак сураси) умматимдан ҳар бир мўмин банда қалбида бўлишини хоҳлардим”, деганлар (651). Расули акрам алайҳиссалом тавсияларига кўра, ҳар бир мўмин-мусулмон киши Таборак сурасини ёдлаб, доим ўқиб юрса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ривоят қилинишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бир кишига: “Мен сени хурсанд қиладиган ҳадис айтайми?” деганида, у: “Ҳа, эй Абу Аббос, Аллоҳ сенга раҳм қилсин (айт)”, деди. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Таборак сурасини ўқи, уни ёдлаб ол. Кейин аҳли оилангга, барча фарзандларингга, қўшниларинга ҳам ўргат. Зеро, Таборак сураси қутқарувчи, фойдангни кўзлаб тортишувчидир. Бу сура қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида ўқувчилари фойдасига тортишади, уларни жаҳаннам азобидан сақлашини сўрайди. Шунда Аллоҳ Таборак сурасини ўқиган, ёдлаган одамни қабр азобидан сақлайди”, деди (652)”. Таборак сурасини ўқиб-ўрганиб, оила аъзоларига, қўни-қўшнилар фарзандларига ҳам ўргатиш яхшидир. Чунки Таборак сураси мусулмон киши ақидасини тўғрилайди, уни қабр азобидан, қиёматдаги машаққатлардан халос этади. Шунинг учун Меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сурасини қалбида имони бор ҳар бир банда ёд олиб, ўқиб юришини истаган бўлсалар ажаб эмас.

 

Махсумов Мақсуд

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

Тафсир ва Фиқҳ фани ўқитувчиси