ВОҚЕА СУРАСИ ФАЗИЛАТИ  

Воқеа – қиёмат номларидан бири. Воқеа сурасида қиёмат қоим бўлганда рўй берадиган ҳодисалар баён этилган, охиратда бандалар оладиган мукофотлари, жаннат неъматлари, дўзах аҳлининг азоб-уқубатлари тафсилоти келтирилган.

Ибн Асокир нақл қилишича, Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумо уни кўргани бориб, ҳол-аҳвол сўради:

 

– Нимадан шикоятинг бор?

– Гуноҳларимдан.

– Нимани хоҳлайсан?

– Парвардигорим раҳматини.

– Сенга табиб буюрайми?

– Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди.

– У ҳолда сенга совға-салом буюртирайми?

– Ҳожати йўқ.

– Сенга керак бўлмаса, қизларингга қолади.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бунга жавобан бундай деди:

– Қизларим камбағал бўлиб қолишларидан қўрқяпсанми? Мен уларга ҳар кеча Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар кеча Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман.

Тунда Воқеа сурасини бошидан охиригача ихлос билан ўқиган одам қашшоқлик кўрмайди: ризқи кенг бўлади, касб-корига барака киради. Тажрибада синаб кўрганлар бунинг ҳақиқат эканини таъкидлашган.

Воқеа сураси кенг ризққа сабаб бўлиши ҳақида бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Воқеа бойлик сурасидир. Уни (ўзингиз) ўқинг, фарзандларингизга ҳам ўргатинг”, деганлар (Ибн Мардавайҳ ривояти).

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим тиловати буюк ибодатлардан. Қуръон дунёда ҳидоятчи, охиратда шафоатчидир.

Икки дунё саодатини таъминловчи бу Китобнинг тиловати кўнгилларга ҳузур бағишлайди. Қалбга баҳорий ифорлар олиб киради. Қиш кунларини, тунларини илоҳий роҳатда ўтказишга сабаб бўлади. Сураларнинг, оятларнинг фазли, улардан оладиган кўплаб фойдаларимиз бизни қироатга бошлайди…

Шом намозидан кейин қўлимизга Каломуллоҳни олиб, “Воқеа” сурасини ўқишга бел боғлаймиз. Ўқий олмаганларимиз тинглашга чоғланамиз. Келинг, ундан аввал сура ҳақида баъзи маълумотлар билан танишиб олсак.

“Воқеа” қиёматнинг номларидан бири бўлиб, бу сўз ушбу суранинг биринчи оятида тилга олинган ва унга исм бўлиб қолган. Сураи карима асосан қиёмат манзаралари, жаннат ва дўзах ҳамда уларнинг аҳллари ҳақида сўз юритади.

Сурада қиёмат манзаралари ҳақида батафсил баёнотлар ҳам келади.

Воқеа сурасида Аллоҳнинг борлиги, ягоналиги ва қудратининг баркамоллиги; Унинг инсонни яратишдаги, набототни ўстиришдаги, ёмғир ёғдиришдаги ва бошқа ишлардаги ажойиб тадбирлари ҳақида сўз кетади.

Сура қиёматдаги даҳшатли воқеалар – тоғларнинг учиши, ернинг қаттиқ ларзага келиши, умуман, ердаги вазият остин-устун бўлиб кетиши, яхшилар обрў топиб, ёмонлар ер билан яксон бўлишлари ҳақидаги тасвирлар билан бошланади.

Сураи каримадаги сўнгги оят “Воқеа” (“Бас, буюк Роббинг исмини поклаб ёд эт!”) нозил бўлганда, Набий алайҳиссалом: Ушбу оятни рукуъингизда айтинглар, – деганлар. Шунинг учун намозда рукуъга борилганда, “Субҳаана Роббиял азиийм”, дейилади.

Бошқа бир ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ким “Субҳааналлооҳил азийм ва биҳамдиҳи”, деса, унинг учун жаннатда бир хурмо экилади”, – деганлар.

Воқеа сурасининг фазли ҳақида кўп ҳадислар келган. Бу сураи карима Ризқ сураси деб ҳам номланган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий алайҳиссалом: “Ким Воқеа сурасини ҳар кеча ўқиса, камбағаллик ва ҳожатмандлик кўрмайди”, – деганлар.

Maxsumov Maqsud

“Xoja Buxoriy” islom ta’lim muassasasi

Tafsir va Fiqh fani o‘qituvchisi

 

Foydalanilgan adabiyotlar:

Тафсири насафий

Таъвилот ал-Қуръон

Islom.uz

Tafsiri Irfon

https://quronvasunnat.uz