АЛЛОҲ НАЗДИДА ҚУРБОН БАЙРАМИ КУНИДАН ҲАМ, РАМАЗОН БАЙРАМИ КУНИДАН ҲАМ БУЮК “КУН”НИНГ ФАЗИЛАТИ

22

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намоз учун азон ўқилган вақт Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва олди-сотдини тарк қилинг. Агар билсангиз мана шу ўзингиз учун яхшироқдир”. (Жумъа 9)

Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло у соатда Аллоҳни зикр этишдан чалғитадиган турли хил ишлар билан шуғулланишни ман этган.

Набий ﷺ айтадилар:

“Жума куни икки китоб Таврот ва Инжил аҳлига байрам сифатида берилди. Улар бу хусусда ихтилоф қилганликлари боис Аллоҳ уларни Жума кунидан маҳрум этди. Биз бу дунёда охирги умматлармиз, қиёмат куни эса ҳурмат жиҳатидан биринчилармиз. Шу сабабли Аллоҳ бу кунни байрам қилишни бизларга муяссар этди. Яҳудийлар ва насронийлар биздан кейин, яъни шанба ва якшанба кунлари байрам қилишади.” (Бухорий ва Муслим)

Жаброил алайҳиссалом оппоқ ойна келтириб:

“Шу ойна Сиз ва умматингиз учун байрам қилинган Жума кунидир” деди. Мен ундан бу куннинг қандай фазилатлари бор деб сўрадим. Жаброил алайҳиссалом:

            “Бу кунда шундай вақт борки, банда Аллоҳдан нима сўраса берилади. Агар берилмаса, дуо ҳурмати истагидан ортиқроқ даражада охиратга заҳира қилиб қўйилади. У вақтда нимадан паноҳ тиласа, Аллоҳ таоло ундан ҳам ёмонроқ фалокатлардан асрайди. Биз бу кунни “ошириш куни” маъносини билдирган “Явмул мазид” деб номлаганмиз. Аллоҳ Жаннатда мушкдан ҳам хушбўй оппоқ бир водий яратган бўлиб, қиёмат куни аҳли жаннатга ўз жамолини кўрсатади”. (Шофеъий, Табароний, Ибн Можа)

“Шубҳасиз, Жума куни кунларнинг мубораги ва буюгидир. У Аллоҳ наздида қурбон байрами кунидан ҳам, Рамазон байрами кунидан ҳам буюкдир”. (Аҳмад, Байҳақий, Ибн Можа)

“Қуёш ҳеч бир кунда жума кунидагидан афзал бўлиб чиқмайди ва ботмайди. Одам алайҳиссалом яратилган кун Жума кунидир, шу куни жаннатга кирган ва шу куни ер юзига тушган. Тавбалари ҳам айнан шу кун қабул қилинган. Жума куни вафот этганлар. Қиёмат ҳам шу куни бўлади. Аллоҳ наздида у кун “Явмул Мазид”дир. Фаришталар осмонда унга бу номни беришган. У Жаннатда мўминларнинг Аллоҳни кўрадиган кундир”. (Муслим)

“Жума куни масжид эшикларининг ҳар бирида фаришта бўлиб, Жума намозига келаётганларни ёзиб ўтиришади. Ким Жума куни масжидга биринчи бўлиб борса бир туя қурбон қилган ҳисобланади. Ким ундан сўнг борса, бир қора мол, ундан сўнг борган бир қўчқор, ундан сўнг борган эса, бир товуқ қурбонлик қилган ҳисобланади. Кимки ундан сўнг борса бир тухум қурбонлик қилган ҳисобланади. Имом минбарга ўтиргандан сўнг саҳифалар ёпилади. Фаришталар хутба эшитиш учун минбар юқорисида тўпланишади”. (Бухорий, Муслим)

“Жума куни бўлганда фаришталар қўлларига кумуш дафтар ва олтин қалам олиб масжид эшиги олдида ўтирадилар. Масжидга вақтли келаётганларни даражасига қараб ёзиб ўтиришади”. (Ибн Мурдавайҳ)

Аллоҳ азза ва жалла наздида бу кунни улуғ ва буюклигининг эътирофи боис, ҳар бир Жума кунини ўзимиз учун ғанимат билиб, гуноҳларимиз мағфиратини сўраб, Ўзига чин юракдан ихлос ила тоат – ибодатида маҳкам туриб, зикрида ва саловотларида бардавом бўлишлик барчамизга насиб этсин.

 

Манбаалар асосида

Нилуфар БЕРДИЕВА тайёрлади.

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи