РАМАЗОНИ ШАРИФ — РАҲМАТ ВА  МАҒФИРАТ ОЙИДИР

23

Инсонни камолот сари етакловчи миллий ва диний қадриятларимиздан бири Рамазон ойи билан боғлиқ маросимлардир. Бу ойда тутиладиган рўза амали  инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр — қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Бу фазилатларни ўзида мужассам  этган инсон эса ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта олади.

Рўза исломнинг беш асосидан бири бўлиб, пайғамбар юборилган ҳар-бир умматга фарз қилинган. Қуръони каримда “…сизларга ҳам саноқли  кунларда рўза тутиш фарз қилинди”, “…сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин” (Бақара сураси. 183-184-оятлар) каби хитоблар билан рўзанинг фарзлиги собит бўлган.

Ҳар-бир илоҳий амрда ўзига хос ҳикмат бўлади. Рўзанинг барча хусусияти ва ҳикмати ёлғиз Аллоҳга аён. Бир нарса аниқки, Рамазон — раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза жасадга ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди, уни қайта тирилтиради. Моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза қилади. Бошқа ойларга нисбатан  бу ойда Аллоҳга яқинлашиш, улуғ ажру — мукофотларга сазовор бўлиш имкониятлари кўпроқ. Қадр кечасининг минг ойдан афзаллиги, бу кечада қилинган ибодатнинг савоби минг ойлик қилинган ибодатнинг савобидан ортиқлигини бир тасаввур қилиб кўрсак. Бу ойда ихлос, самимият ила тавба қилсак, гуноҳларимиз кечирилади, дуолар қилсак, ижобат бўлади, иншаоллоҳ!. Ҳатто фаришталар ҳам бу  ойда Аллоҳнинг махсус фармонини бажариш учун ерга тушадилар…

Қуръони карим шу ойда нозил бўлди. Аллоҳнинг расули одамларни ислом динига даъват қилишни шу ойда бошлади. Шунинг учун ҳам Рамазон ойи ва Рамазон рўзаси бутун уммат тарафидан буюк бир муҳаббат ва айрича ҳурмат билан эъзозланади.

Бу ойда ер юзининг турли тарафидаги мусулмонлар муштарак туйғу ва муштарак қарашлар билан бирлашадилар…. бир хил вақтда очиқадилар, чанқайдилар, жамоат бўлиб  тартибли, эътиқодли ҳолатда Аллоҳга таслим бўладилар, муҳаббат намунасини кўрсатадилар. Яхшилик, хайру саховат эшиклари барчага баробар очилади. Аллоҳнинг авф ва мағфират хазинасидан ҳар-бир мўъмин ўз улуш ва насибасини олишга ҳаракат қилади. Мўмин-мусулмонлар рўза давомида руҳларини сабр — қаноат, машаққат ва қийинчиликларда тоблайдилар. Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига етиш ҳақида ўйлай бошлайдилар.

Рўза исломнинг бошқа аҳкомлари ва ибодатлари каби жамият ҳаёти ва тараққиётига ҳам шубҳасиз ижобий таъсир кўрсатади. Хатми Қуръон, таровиҳ намозлари ва ифторликлар мусулмонларни янада жипслаштиради, уларга меҳр оқибат, дину — диёнат туйғуларини жунбушга келтиради.

Рамазони шарифни ҳар-бир мусулмон яхши кутиб олиб, ҳурмат ва иззатини ўз жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Бунинг учун аввало, биз бу муборак ойнинг хислат ва фазилатларидан хабардор бўлмоғимиз лозим. Чунки рўза ойи ҳар йилда бир келиб кетадиган азиз меҳмон. Уйимизга бир меҳмон келадиган бўлса, уни яхши кутиб олиб, ҳурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.

Худди шунингдек, моҳи Рамазонни ҳам иштиёқ ва ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганча солиҳ амалларни қилишга ҳаракат этмоғимиз лозим. Рамазон ойи ҳам дилларимизни йиғилиб қолган ғуборлардан тозалаб, вужудимизни ахлоқий фазилатлар касб этишга тайёрлаб оладиган ғанимат бир фурсатдир. Бинобарин, бу ой бошқа ўн бир ойдан фарқ қилиши керак. Шунинг учун масжидларда хатми Қуръон жорий этилади. Бундай маросимларда Қуръони карим бир карра тўлиқ ўқиб, эшиттирилади. Қуръони карим эса ер юзидаги барча мусулмонларнинг энг муқаддас китоби ва диний ҳаётлари учун дастуруламал ҳисобланмиш илоҳий қонун-қоидалар мажмуасидир.

Рўза руҳнинг озуқаси.   Рўза — руҳга маънавий озуқа беради. Ҳақ таолонинг пинҳоний марҳаматларига эриштиради. Рўзадор киши руҳий покланишга эришади. Ақлини нафсидан ғолиб бўлишга ўргатади. Ўзини ҳар хил шаҳватлардан тия олади. Қалбида бева — бечора, оч — наҳорларга нисбатан меҳр пайдо бўлади.

Рўза қиёмат куни рўзадорларни шафоат қилиб: “Ё Роббим, булар сенинг розилигинг учун ейиш ва ичишни, шаҳватни тарк қилиб рўза тутдилар, буларни бизга бағишла!”-дейди.

Рўзанинг шафоати ҳам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари каби рад этилмайди, қабул бўлиб, мағфирати илоҳийга ва жаннатга дохил бўлишга сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаннатда алоҳида бир эшик бўлиб, у Раййон (чанқоқлик йўқ) дейилади. Қиёмат куни бу эшикдан фақат рўза тутган кишиларгина кирадилар” Имом Бухорий ривояти.

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси киши бир кун рўзасини Аллоҳ розилиги учун тутса, Аллоҳ таоло ундан дўзахни етмиш йиллик масофага узоқ қилади”. Имом Бухорий ва Сунан эгалари ривояти.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини муборак қилсин, гуноҳларимиздан покланиб, қалб кўзларимиз очилишини насиб айласин..

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

 Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи