Меҳр ва мурувват – инсонийликнинг ажралмас белгиларидир

Меҳр бу инсоннинг юксак туйғуларидан биридир. Шарқ фалсафасида раҳм – шафқат, мурувват, одамийлик каби фазилатлар доимо улуғланиб, мадҳ этилиб келинган. Одамийлик – бу кишининг бошқа одамларга, уруғ – аймоғига меҳр-шафқат кўрсатиши, яхшилик қилишини, инсонпарварлик муносабатларида бўлишини тақозо этадиган фазилатдир. Меҳр ва мурувват – инсонийликнинг ажралмас белгиларидир. Меҳр тушунчасига муҳаббат, садоқат, оқибат каби тушунчалар ҳамоҳанг бўлиб, буларнинг ҳар бирида халқ донишмандлиги ва миллий қадриятлар ўз ифодасини топган. Мурувват эса саховат ва раҳмдил, ўзгаларга шафқатли бўлишни, қўли очиқлик ва бағрикенгликни ҳам англатади.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: Эй Уқба, сенга дунё ва охират аҳллари ахлоқларининг афзалларидан хабар берайми? Ким сен билан силаи раҳмни узган бўлса, сен уни боғлайсан, ким сени бир нарсадан маҳрум қилган бўлса, унга ўшани берасан ва ким сенга зулм қилган бўлса, афв қиласан.

Абу Наср Фаробийнинг Фозил одамлар шаҳри асаридаги меҳрли бўлиш, инсонпарвар бўлиш борасидаги ғояларини ёшлар онгига сингдириш инсоний фазилатдир. Чунки, Форобий фозил шаҳарни орзу қилиб, бу шаҳарда ҳамма кишилар меҳр-мурувватли, бошқа кишиларни иззат қиладиган инсонпарвар одамлар эканлигини кўрсатиб ўтади.

Ҳаётни кузатсак, яхши муомала ва самимий муносабат қалбларга севинч бағишласа, қўрслик ва манманлик, кибр эса кишиларга азият етказишини англаймиз. Севинчга тўла қалблар яхшилик, эзгулик истайди. Ҳамсуҳбат кишига қувонч улашиш гуноҳларнинг кечирилишига ҳам сабаб бўларкан. Ширинсўзлик ва мулойимлик билан муомала қилган инсон нафақат ўзини, балки суҳбатдошининг қалбини ҳам чароғон этади. Кўришганда саломлашиш, чақирганда лаббай дейиш, хайрлашганда омонлик тилаш халқимизга хос эзгу фазилатлардандир. Зеро, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, аҳил-иноқликнинг зиёда бўлиши, биринчи навбатда, одамлар билан мулоқотда хушмуомалаликка боғлиқ.

Хулоса ўрнида, ёнимиздаги инсонга баҳо берганда, энг аввало, унинг муомаласига, одамлар билан муносабатига эътибор қаратамиз. Муомала одоби эса Ассалому алайкум, ваалайкум ассалом дан бошланади. Чиройли хулқ ва яхши муомала — одамийлик зийнатидир. Халқимиз кечаю кундуз қимирлаб меҳнат қилар экан, тўйлар қилсам, одамларга эҳсонлар қилсам деб ҳамиша хаёлидан ўтказиб туради. Бир-бирларининг ҳақларига дуо қилганда ҳам топганинг тўйларга буюрсин дейишлик одат бўлиб қолган. Чунки уларга очиқ қўл бўлишлик аждодларидан мерос бўлиб қолган. Халқимиз биладики, унинг фароғати дунёда ҳам барака келтиради, охиратда ҳам улкан ажрларга сабаб бўлади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахтдур, унинг томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради дедилар.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

 Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи