Риёни даволаш ва қалбни поклаш йўллари

24

Риё – инсонлар уни мақтаб алқашлари учун бировга кўз – кўз қилиб амал қилиш, яхшиликларини кўрсатишдир. Киши бу амали билан атрофидагиларнинг розилигини истайди, лекин Робби ва ўзи орасидаги алоқага парво қилмайди. “Риё” сўзи араб тилидаги “руъя”, яъни “кўриш” сўзидан олинган бўлиб, инсонлар кўриши учун амал қилишдир. У ихлосга терсдир. Ихлос – фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб амал қилишдир.

Халқ орасида шундай тоифадаги одамлар кўпайиб кетганки, сўз билан риё қилувчилардир. Бундай кишилар ўзига зарар қилибгина қолмай теварак атрофдаги соддадил инсонларни ўзларига бемалол, ҳеч қийинчиликларсиз сўзамонликлари билан қаратиб, маънавий зарар етказаётган риёкорлардир. Булар халқ ичида юриб амри маъруф қиладилар, наҳйи мункар қиладилар. Бу ишлари билан гўё одамларни тўғри йўлга чорлаётгандек бўладилар. Хато ва гуноҳ ишларни кўрганда ундан ғазабланган бўлиб кўринадилар. Сўзларида ўлчов ва эътиборга қаттиқ риоя қиладилар. Қуръон ўқиётганда овозларини майинлаштириб оладилар, баъзан йиғлагудек бўладилар. Қиёмат ҳақидаги оятларга келганда йиғлаб ҳам қўядилар. Ҳадис ёдлаганларида буюк зотларни танишини, устозлари фалончи эканини айтиб мақтанадилар. Ҳадис айтаётган кишининг ровийси ва санадига диққат билан эътибор бериб, хатоларини топишга ҳаракат қиладилар. Бу ҳаракатлари билан гўё ҳадис оламида энг катта олим эканликларини намойиш қиладилар. Душман ва рақибларини енгиш учун сўздан фойдаланадилар. Дин олими эканликларини жумлаи олам билиши учун сўзда риёкорлик қиладилар. Экстремистик оқим эгалари учун айнан риёкорликка муккасидан кетган шуҳрат учун, мансаб учун, обрў учун, бойлик учун динни ниқоб каби кийиб олиб, уни остидан ўз хунрезликларини амалга ошириш мақсадида юқоридаги тоифадаги инсонларни ишга соладилар. Соф ақидадаги соддадил халқ олдида ўзларини дин пешволари каби тутиб юрадилар.

Риёкор кимсанинг қалби “касал” бўлади. У бор куч – ғайратини инсонлар амалини кўришларига бағишлайди. Ўзи ёлғиз қолганда эса танбаллик қилади. Уни мақтасалар, оширади. Мазаммат қилсалар, камайтиради. Қилаётган ишини мақташларини, ундан ҳайратланишларини кутади. Лекин охирати ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло билан ўртасидаги алоқа ҳақида фикр юритмайди. Бирор яхшилик қилса, ҳаммага ошкор қилади. Фойдалироқ бирор нарса бажарса, тўрт томонга овоза қилади, Холиқи учун эмас. Риёкор кимса амали туфайли Қиёмат кунида ҳеч бир савобга эга бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло холис Ўзининг розилиги учун бажарилган амалларнигина қабул қилади. Ундан бошқа яна бирор киши ирода қилинса, уни мақбул кўрмайди.

Аллоҳ таолонинг мушрик ва риёкорлар борасида айтган қуйидаги ояти каримаси шундай марҳамат қилади:

“Ва қилган амалига келиб, уларни тўзон каби сочиб юборурмиз”. (Фурқон сураси, 23– оят).

Инсон риёдан бўлиши учун Аллоҳ таолодан кўмак сўраши даркор. Уни ягона деб  билиши, унга бандалик изҳор қилиб, дуо қилиш билан бўлади.

“Бас, юз ўгириб кетсалар, сен “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзига ибодатга сазовор зот йўқ. Унга таваккал қилдим. У улуғ аршнинг Роббидир”. (Тавба сураси, 129 – оят).

Алллоҳ таоло кузатиб тургувчи Зотдир. Бу ҳақда Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Ўз китобида бундай дейди:

“Албатта, Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 1–оят).

Қуйидаги дуо ила риёдан паноҳ сўралади:

“Аллоҳумма инний аъзу бика ан ушрика бика ан ана аъламу ва астағфирука лима ла аъламу”. (Маъноси: “Аллоҳим, Сендан билиб туриб ширк келтиришимдан паноҳ тилайман. Билмасдан қилиб қўйганимни мағфират этишингни сўрайман”).

Бу дунёда сизга ҳурмат ила яшашингизга кафолат берувчи энг устун нарса – сиз яшаётган амалларингизнинг одамларга изҳор қилаётган амалларингиз каби бўлишдир. (Арасту)

Амалида риё бор кишининг бир неча белгилари бор: ёлғиз қолса, дангасалик қилади; инсонлар орасида бўлса, фаоллик кўрсатади; уни мақтасалар, амалларини кўпайтиради; агар маломат қилсалар камайтиради. (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)

Манбаалар асосида

Нилуфар АХАТОВНА тайёрлади.

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

“Ўқув–услубий” бўлим бошлиғи