Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси ва билим манбаидир

52

Маълумки, жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси – бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси – китоб ўқишдир. Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман васвасаларни киши онгидан қувиб чиқаради.

Китоб замонлар денгизида саёҳат қилаётган ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга ташиётган ҳикмат кемасидир. Китоблар бизни асрлар аввал дунёдан ўтган буюк инсонлар билан учраштиради.

Китоб –ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир! Кўп китоб ўқийдиган инсон ҳаётда улкан муваффақиятларга эришади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ! Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқ!

Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни азизлаб, мўътабар деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Буюк аждодимиз Амир Темур ҳам: “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, – деганлар.

Ҳасан ибн Саҳл раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Маъмун ухлаганда атрофида китоблари турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир, уйқудан уйғониб кетганида ҳам китоб ўқир эди.

У шундай деб кўп насиҳат қилар эди:

“Ёлғизлик ғурбатини китоб ўқиш билан енггин. Зеро, китоблар сўзлагувчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир”.

Ҳасан Ал-Луълуий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Қирқ йилдирки, турганимда ҳам, ухлаганимда ҳам кўксимдан китоб тушган эмас”.

Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида енгини кенг қилиб тиктирар эканлар. Чунки унга китоб солар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ўзлари билан бирга  китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча енгларидан китобларини олиб ўқир эканлар.

Ўтган машҳур уламолардан Абул Фараж Ибн Жавзий китоб мутолаасига бўлган муҳаббати ҳақида шундай дейди: “Мен ўз ҳолим ҳақида айтадиган бўлсам, китоб мутолаасидан ҳеч тўймаганман. Агар ўзим ўқиб кўрмаган бирор китобни кўриб қолсам, гўё хазинанинг ичига тушгандек бўлиб қолардим. Агар мен: “йигирма минг мужаллад китоб ўқиб чиққанман” десам ҳам, муболаға қилган бўлмайман, лекин китоб ўқишда давом этяпман”.

Уламолардан бирлари: “Агар биз китоб ўқишдан топаётган лаззатни мулкдорлар билсалар эди, уни биздан тортиб олишарди”, – дер эди.

Доноларимиз: “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, у – китоб ўқимаслик”, – деганлар.

Аллоҳ таоло юртимизнинг тинчлиги ва фаровонлигини, халқимизнинг илм ва маърифатини бунданда зиёда айласин! Барчамизни ўқимишли ва китобсевар инсонлардан бўлишимизни насиб этсин!

Алимардон Кароматов 
 “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси