Расулуллоҳ ﷺнинг таълим беришда саҳобаларини имтиҳон қилишлари, тўғри айтганни мақтаб қўйишлари
15

Набий ﷺ саҳобаларнинг заковатлари очилиши учун олган илмларидан имтиҳон қилардилар. Саҳобалардан ким тўғри жавоб берса, елкасига уриб қўярдилар. Чиройли жавоб берганларнинг кўнглини кўтариб, яхши сўзлар айтиш Расулуллоҳ ﷺнинг гўзал одатларидан эди.
Убай ибн Каъб (Абу Мунзир) розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ ﷺ: “Эй Абу Мунзир, сенингча Аллоҳнинг Китобидаги қайси оят улуғроқ?” — дедилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ”, — дедим. У зот: “Абу Мунзир Аллоҳнинг Китобида қайси оят улуғроқ эканини билмайсанми?” — дедилар. Мен: “Оятул Курсий”, — дедим. У зот кўксимга уриб қўйдилар ва: “Эй Абу Мунзир, илм сенга фойда беради” (яъни, бу илмдан фойдаланасан), — дедилар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Абу Мунзир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ ﷺнинг саволларига тўғри жавоб қилганларида, Набий ﷺ у кишининг кўксиларига уриб қўйиш орқали мақтаб қўйдилар. Шаксиз бу нарса ҳар қандай кишининг кўнглини кўтаради.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ ﷺ мени Яманга юбораётиб: “У ерда сенга бир масала пайдо бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?” — дедилар. Мен: “Аллоҳнинг Китоби билан”, — дедим. Расулуллоҳ ﷺ: “Аллоҳнинг Китобидан тополмасанг—чи?« — дедилар. Мен: “Аллоҳ Пайғамбарининг суннати билан”, — дедим. Расулуллоҳ ﷺ: “Аллоҳ Пайғамбарининг суннатидан тополмасанг—чи?” — дедилар. Мен: “Фикрим билан ижтиҳод қиламан”, — дедим. У зот кўксимга уриб: “Аллоҳ Расулининг вакилини Аллоҳ ва Унинг Расулини рози қиладиган нарсага муваффақ этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, — дедилар (Имом Абу Довуд, Термизий, Доримий ва Аҳмад ривояти).
Юқорида келтирилган ҳадислардан намоён бўладики, ҳозирги кунимизда ҳам таълим берувчи ҳар қандай устоз ҳам мана шу ишларни ўз шогирдларига қилишлиги уларни илмга бўлган рағбатларини янада оширади. Бу ишларни қилиш билан ҳам Расулуллоҳ ﷺнинг суннатларига эргашишлик бўлади.
Асқаров Акбархон
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
