Рамазон – раҳмат ойи!
16

Аллоҳ таоло айтади:
“Рамазон ойида одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” (Бақара сураси, 185-оят).
Ушбу оятда Рамазон ойининг бошқа ойлардан афзаллиги, уларга нисбатан устун эканига далолат бор. Ушбу ойнинг фазилатларидан бири шуки, унда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади.
Набий ﷺ: “Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур”, дедилар” (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).
Термизийнинг лафзида шундай дейилган: “Рамазон ойининг биринчи кечасида шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилади, уларнинг бирортаси очилмайди. Жаннатнинг эшиклари очилади, уларнинг бирортаси ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!” деб нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган бандалари бўлади. Ҳар кеча шундай бўлади”.
Рамазон ойи фазилатларидан яна бири Муҳаммад умматига берилган бешта хислатдир. Бу хислатлар Расули Акрам ﷺга берилган.
Каъб ибн Ужрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ ﷺ: “Минбар олдида тўпланинглар”, деган эдилар, тўпландик. У зот минбар зинасининг биринчи поғонасига кўратилганларида: “Омин!” дедилар. Иккинчи поғонасига кўтарилганларида ҳам: “Омин!” дедилар. Учинчи поғонасига кўтарилганларида яна: “Омин!” дедилар. Хутба айтиб бўлиб, минбардан тушганларида: “Эй Аллоҳнинг Расули, бугун сиздан ҳеч эшитмаган нарсамизни эшитдик”, дедик. У зот шундай дедилар: “Жиброил алайҳиссалом менга рўпара келиб, “Рамазонга етиб кела туриб ҳам мағфират қилинмаган кимса йўқолсин!” деган эди, “Омин!” дедим. Иккинчи поғонага чиққанимда “Ҳузурида сени зикр қилишса, сенга салавот айтмаган кимса йўқолсин!” деган эди, “Омин!” дедим. Учинчи поғонага чиққанимда “Ота‑онаси ёки уларнинг бири қариб қолган пайтида улар туфайли жаннатга кириб олмаган кимса йўқолсин!” деган эди, “Омин!” дедим”.
Ота‑она туфайли жаннатга кириб олмаган одам уларга хизматда, муомалада нуқсонга, қусурга йўл қўйган бўлади. Унинг фазилатларидан яна бири шуки, бу ойда минг ойдан афзал бўлган Қадр кечаси бордир. Унинг яна бир фазилатларидан бири Қуръони Карим ҳам Рамазон ойида туширилгандир. Бу эса ўз навбатида рамазон ойи шаънига шаън, шарафига шараф қўшади. Чунки Аллоҳ таоло томонидан рўза тутиш амр қилинишининг ўзи бу ой учун улкан шаъну шараф эди.
Энди Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Китоби, қиёмат кунигача боқий қоладиган улкан мўжизаси, бутун инсониятнинг икки дунё саодатини топиши учун илоҳий дастур бўлиш Қуръони Каримнинг айнан шу ойдан туширилиши бежиз эмас. Бу эса Рамазон ойининг Аллоҳ таоло ҳузурида ғоят шарафли ой эканлигидан даололат беради. Қуръони Карим Рамазон ойида нозил бўлган экан, демак уни мана шу ойда тиловат қилишнинг ҳам улкан ажру савоблари бор. Ислом уммати ҳам Қуръони Каримни мана шу ойда кўпроқ тиловат қилишга ҳарис бўлиши керак.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий ﷺ яхшилик қилишда одамларнинг энг саҳийси эдилар. У зотнинг энг саҳий пайтлари эса рамазонда ҳузурларига Жаброил келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча у зотнинг ҳузурларига келар эди. Набий ﷺ унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар”.
Бошқа бир ривоятда: “Бас, у билан Қуръонни (бир – бирларига) ўқиб беришар эди. Шунда қачон Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келса, эсган шамолдан ҳам саҳийроқ болиб кетар эдилар”, дейилган (Икки шайх ривоят қилганлар).
Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, ҳар Рамазонда Пайғамбаримиз ﷺ Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссалом ҳузурларида ўқиб, ўтказиб олганлар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ҳам Рамазонда Қуръони Каримни камида бир марта ўтказиб олиши лозим. Рамазонда Набий ﷺ билан Жаброил алайҳиссалом Қуръон ўқишган. Яъни аввал Қуръонни Жаброил алайҳиссалом ўқиб бериб, кейин Набий ﷺ қайтариб ўқиб берганлар. Демак, Рамазонда устозлардан шу тарзда Қуръонни ўтказиб олишга ҳаракат қилиш лозим.
Асқаров Акбархон
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
