Ҳожатхона Мусулмон киши эътибор бериб, қаттиқ аҳамият қаратиши зарур бўлган жойлардан бири. Чунки ибодат учун тайёргарлик энг аввало шу макондан бошланади. Айнан шу ерни аҳамиятли бўлгани сабабли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уни одобларини саҳобаларга алоҳида ўргатиб ўтганлар. У ҳадисларни барчасини мазмунини хало одоблари қисмида келтирамиз.

Хало одобларига қуйидагилар киради:

– халога чап оёқ билан кирилади. Халога киришдан аввал “Аллоҳумма инний аъузу бика минал хубси вал хабааис” дуосини ўқийди;

– халога кирганда гапириш жоиз эмас;

– кўпчилик болалар ўйнаб халода кўп қолиб кетишади. Халода кўп қолиш касалликка сабаб бўлиши мумкин;

– қазои ҳожатни қиблага қараб бажариб бўлмайди;

– Аллоҳнинг исми ёзилган нарса ёки Қуръони карим билан халога кириб бўлмайди;

– халодан чиқаётганда эса “Ғуфронака” дейиш ва ҳадисга биноан, “Алҳамду лиллаҳиллазий азҳаба анний ал-азаа ва аъфаний” дейди. Дуонинг маъноси: “Мендан озорни кетказган ва менга офият берган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” Ҳадисни бир тафаккур қилинадиган бўлса, Аллоҳ таоло барча жонзотларни еган овқатини фойдасини қолдириб қолганини ахлат тариқасида чиқадиган қилиб яратган. Фаразан бундай бўлмаганида эди, мисол учун фойдасию зарарини ҳаммасини чиқадиган қилганда, ёки ҳамма егани чиқмасдан ичида қолганда нима бўлишини ўйлаб кўраверинг…

– халода ўтирганда оғирлигини чап оёғига солиб, икки оёғининг орасини кериб, кенг қилиб ўтиради. Шундай қилинса, чиқадиган нарса осон чиқади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза бор, яъни унитазда қандай ўтириш масаласи. Аввало унитаз инсон соғлиғига зарар. Лекин юқоридаги одобга амал қилиш учун оёғини тагига бирор нарса қўйиши билан чиқадиган нарсани осон чиқишига шароит қилган бўлади.

–имкон бўлса халога алоҳида бир кийим қилиб қўйиш.

–қазои ҳожат қилаётган шахс осмонга, фаржига ва ўзидан чиқаётган нарсага назар солмайди.

Инсон бу ва бундан бошқа тавсия қилинган одобларга амал қилса ўз танаси учун фойдалик бўлади ва шариат кўрсатмасига амал қилгани учун савоб олади.

Турдибаев Анасхон

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси