Қуръон ўқиш фазилатлари ва тиловат одоблари
24

Қуръон тиловати энг улуғ ибодатдир. У банданинг қиёмат кунида нажот топишига ва Парвардигори розилигига эришишига восита бўлади. Чунки Қуръон Аллоҳ ҳузурида ўз соҳибини шафоат қилади.
Аллоҳ Таоло марҳамат қилади:
“(Эй Муҳаммад!) Сизга ваҳий қилинган Раббингизнинг Китоби (Қуръон)ни тиловат қилинг!” (Каҳф сураси, 27-оят).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Қуръонни моҳирлик билан ўқийдиган киши улуғ-мукаррам фаришталар билан биргадир. Қуръонни ўқишга қийналса-да, уни мудом тиловат қилиб юрадиган кишига иккита ажр бордир” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта яхшилик ёзилиб, у ўн баробарга кўпайтирилади. Мен “Алиф, лом, мим”ни битта ҳарф демайман. Балки, “алиф” бир ҳарф, “лом” бир ҳарф ва “мим” бир ҳарфдир” (Имом Термизий ривояти).
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ ﷺ нинг бундай деганларини эшитганман: “Қуръон ўқинглар! Чунки у қиёмат куни ўз соҳибига шафоатчи бўлиб келади” (Имом Муслим ривояти).
Қуръонни тинглаш фазилати уни тиловат қилишдан кам эмас. Қуръонни диққат билан эшитмоқ эса Аллоҳ таолонинг мағфирати ва раҳматига етишишга сабабдир. Зеро, Қуръони Каримда бундай марҳамат қилинади: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!” (Аъроф сураси, 204-оят).
Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Ким Аллоҳнинг Китобидан бир оятга қулоқ тутса, унга кўплаб савоблар ёзилади. Ким ундан бир оят тиловат қилса, қиёмат кунида унинг учун нур бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Пайғамбаримиз ﷺ ҳам Қуръон эшитишни хуш кўрганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ ﷺ: “Менга Қуръон ўқиб бер”, дедилар.
Қуръон сизга нозил этилган бўлсай-ю, мен сизга уни ўқиб берайми? – дедим.
Мен уни бировдан ешитишни ёқтираман, — дедилар.
Мен Нисо сурасини ўқиб, ушбу оятга етдим: “Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!” (Нисо сураси, 41-оят). Расулуллоҳ ﷺ: “Кифоя”, дедилар. Қарасам, у зотнинг кўзларидан ёш оқаётган экан” (Имом бухорий ва Муслим ривоятлари).
Қуръон тиловатида тадаббур ва хушу жамланса, ажр-савоби янада ортиб, нур устига нур бўлади. Шунингдек банданинг Аллоҳ ҳузуридаги даражаси юксалди: “(Эй Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир” (Сод сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло Қуръонни тадаббур билан тиловат қилган мўминларни тўрт жиҳатдан азиз этади:
“Улар устига сукунат ёғилади”.
“Уларни раҳмат қоплайди”.
“Уларни фаришталар ўраб олади”.
“Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар олдида эслайди”.
Қуръони Каримни тиловат қилишнинг ҳам ўз ўрнида бир қанча одоблари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:
Таҳоратли бўлиш;
Қиблага юланиш;
Қироатдан олдин мисвок ишлатиш;
Кийим ва баданнинг пок бўлиши;
Диққат ва эътаборни жамлаб, хушу билан қалбни ҳозирлаш;
Оят маъноларини тафаккур қилиш;
Ўйин-кулги ва бошқа чалғитувчи нарсалардан узоқ бўлиш;
Босиқ, тартил ва чиройли овозда қироат қилиш, чунки бу ҳолат оят маъноларини тушунишга ёрдам беради;
Хунук, ҳазил оҳанг ва мусиқий эшиттиришлардан сақланиш;
Азоб оятлари ўтганда Аллоҳдан паноҳ сўраш, раҳмат оятлари ўтганда, раҳмат сўраб дуо қилиш;
Қуръон буйруқларига амал қилиш ва қайтариқларидан қайтиш. Чунки Пайғамбаримиз ﷺ қуръоний ҳулқлар билан сифатланганлар.
Қуръонни ўқиб тугатганда яна давомли бўлиши учун Фотиҳа сураси ва Бақара сурасидан беш оят ўқиш.
Акбархон АСҚАРОВ
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
