Мазҳабларни лозим тутиш

14

Барчамизга малумки Муқаддас динимиз исломда бир неча мазҳаблар мавжуд. Бугунги мусулмонларнинг аксарият қисми фиқҳий жиҳатдан бўлсин, ақидавий жиҳатдан бўлсин шу мазҳаблардан бирига эргашади. Нега энди барча мусулмонлар мазҳабларга эргашади, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо ﷺга эргашишлари керак эмасми? Қуйида булар ҳақда гаплашиб ўтамиз.

Мазҳаблар мавзусига тўхталишдан олдин мазҳаб сўзига таъриф берсак. Мазҳаб сўзи луғатда йўналиш, оқим, йўл деган маънони англатади. Истелоҳда эса, шариат қоидаларининг маълум бир шаклда тартибга келтирган илмламлари йиғиндисига айтилади. Ислом оламида аҳли сунна вал жамоа таркибига кирувчи тўрт фиқҳий ва икки ақидавий мазҳаблар мавжуд. Энди аҳли суна вал жамоа деган сўзни изоҳласак. Аҳли сунна вал жамоа луғатда суннат аҳли ва жамоатни лозим тутувчилар деган маънони англатади.   У бир қанча фиқҳий ва ақидавий мазҳабга бўлинади. Дастлаб, ислом оламида мазҳаб деган тушунча бўлмаган. Ҳамма Пайғамбаримиз ﷺнинг илм мадрасаларида дарс олиб, тушунмаган саволларини, билмаган нарсаларини Ул зотдан сўраб ўрганган. Саҳобалар даврларида ҳам инсонларда савол пайдо бўладиган бўлса, машҳур муфассир, муфаққиҳ саҳобалардан сўраб ўрганишган. Вақт ўтиши билан ислом дунёга кенг ёйилиши, ажам халқарнинг динг кириши сабабли инсонларда дин борасида саволлар пайдо бўлган ва динни яхши тушунмай туриб фиқҳ ва ақийда борасида адашган инсонлар чиқа бошлаган. Бу эса мазҳабларнинг шакилланишига асосий сабаблардан бири бўлган. Кейинчалик бундай жамоалар кўпайганлиги сабабли тўғри йўлдаги, соф эътиқоддаги кишилар алоҳида жамоа бўлиб ажралиб чиқиши зарурийяти юзага келган. Мана шундай қилиб ислом оламида мазҳаблар шакилланган.

Нима сабабдан кўп мазҳаблар орасидан фақатгина баъзи бирлари сақланиб қолган? Кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўртта мазҳабнинг сақланиб қолганига сабаб, бу тўрт мазҳаб асосчиларнинг вафот этиши билан тўхтаб қолмай, уларнинг шогирдлари томонидан давом эттирилгани ва асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлганидир дея жавоб берилади.

Нега мусулмонлар мазҳабларга эргашиш зарур?  Аллоҳ таоло Анбиё сурасининг 7-оятида “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” деб марҳамат қилган. Мазкур оятнинг мазмунидан келиб чиқиб, уламолар қуйидаги фикрга ижмоъ қилганлар: “Ушбу оят ҳукм ва унинг далилини билмаганлар билганларга эргашишларига буйруқдир”. Усул илми уламолари оми инсон мужтаҳид олимга эргашиши вожиб эканига мазкур оятни асос қилиб олганлар. Шунингдек, тўрт мазҳаб имомлари “Зикр аҳли”дан эканликларига бутун уммат олимлари иттифоқ қилишган. Мазҳабларни лозим тутишликда Пайғамбаримиз ﷺ марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор, яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонни лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, мазҳабларга эргашиш – шариат кўрсатмасига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун Ислом уламоларига қарши чиқиш ҳисобланади. Зеро, мазҳабни лозим тутиш энг тўғри ва саломат йўлдир.

 

Музаффаров Муҳаммадалихон

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси талабаси