Аллоҳ қалбларимиз ва амалларимизга боқади
31

Ислом ва имон неъмати билан сизу бизни неъматлантиргани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз! Зеро, Аллоҳ таоло бу дини орқали бутун инсоният ҳаёти даврида ҳам жисмонан, ҳам қалбан яхши яшаш учун барча мушкулотларнинг ечимини Қуръони карим ва суюкли Пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари орқали билдириб қўйган.
Ер юзида яшаётган инсонларнинг ўз мезон ва андозалари бор. Улар эркагу аёлдаги чиройли сурат ва гўзаллик, мол-дунёдаги кенгчилик ва мўлчилик, мансаб ва амалдаги фахрланишдир. Ушбу сифатлардан бирига эга инсонда албатта бошқалардан ўзини устун қўйиш ва ўзини кучли деб ҳис қилиш бор.
Аммо еру осмонларни яратган Аллоҳ таолонинг Ўз мезон ва андозаси борки, у ҳам бўлса эрта қиёмат кунида инсонларнинг қалби ва амалларига қараб ҳисоб-китоб қилади.
Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро сураси, 88-89 оятлар).
Шуни таъкидлаб, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай деганлар:
«إِنَّ اللَّهَ لا يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَأَمْوَالِكُمْ وَلَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَأَعْمَالِكُمْ»
яъни: “Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингиз ва молларингизга назар солмайди, балки Аллоҳ сизларнинг қалбларингиз ва амалларингизга боқади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Зеро Аллоҳ Қуръони каримда шундай деган: “Ўз аҳдларини бузганлари сабабли уларни лаънатладик ва қалбларини бешафқат (меҳрсиз) қилиб қўйдик” (Моида сураси, 13-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қалбнинг қорайиш сабабларини зикр қилиб, қуйидаги ҳадисларини айтганлар: “Агар мўмин киши бир гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора доғ пайдо бўлади. Агар у тавба қилиб, гуноҳдан қайтиб, истиғфор айтса, у йўқолади. Аммо гуноҳни зиёда қилса, у қора доғ ҳам кўпаяди ва натижада бутун қалбини ўраб олади” (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, мусулмон киши гуноҳ қилиши билан қалбнинг қорайишини ва унинг касаллигини зиёда қилади. Қалбнинг касалланиши бу – бир банданинг Аллоҳ таолога бўлган итоатидаги сусткашлик ва бандадан талаб қилинадиган солиҳ амалларга бўлган бепарволикни келтириб чиқариши демакдир. Зеро, бандаларнинг амаллари яхши ёки ёмон бўлиши унинг қалбидаги сакина, қаноат, сабр ва иффатига қаралади.
Аммо ёмон амаллар бажаришида эса унинг бесабрлиги, гуноҳларга енгил қараши, дунёга ҳаддан ошиқ муҳаббат қўйиши, орзу-ҳавасларининг кўплигидан келиб чиқиб баҳоланади.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун вужудга ўз таъсирини ўтказувчи қалбга эътибор қаратиб, “Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деганлар.
Ҳар бир эзгу амалларимизни холис Аллоҳ учун бажариш орқали қалбни поклаб, қалблар Эгаси Раббимизнинг розилигига эришиш неъматини барчамизга насиб этсин!
Алимардон Кароматов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси
