УЛУҒЛАР ОДАТИ ЯХШИЛИКЛАРДА ПЕШҚАДАМ БЎЛИШДИР
19

Ватанимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ўтган аждодларимиз илм-фан тараққиёти ривожига беқиёс ҳисса қўшишган, илм-фаннинг барча соҳаларида пешқадам бўлишган. Уларнинг ушбу ютуқларининг негизида динимиз асосларини пухта билишлари ва унга ихлос билан амал қилишлари ётади. Зеро динимиз кўрсатмалари мўмин-мусулмонларни ҳар қандай хайрли ишларда пешқадам бўлишга, ўзаро мусобақа қилишларига тарғиб қилади:
Аллоҳ таоло:
فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ أَيْنَ مَا تَكُونُوا يَأْتِ بِكُمُ اللَّهُ جَمِيعًا إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
яъни: “Бaс, xaйрли ишлaрдa ўзиб кeтингиз! Қaердa бўлмaнгиз, Aллoҳ ҳaммaнгизни (мaҳшaргoҳгa) кeлтирaди. Aлбaттa, Aллoҳ ҳaр нaрсaгa қoдирдир”, деган.[1]
Бошқа бир оятда эса яхши амалларда ўзгалардан пешқадам бўлувчи зотларни мақтаб, шундай зикр қилади:
إِنَّهُمْ كَانُوا يُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ ويَدْعُونَنَا رَغَبًا ورَهَبًا وكَانُوا لَنَا خَاشِعِينَ
яъни: “Албатта улар эзгу ва хайрли ишларда бошқалардан кўра тезлашувчи эдилар. Ва бизга (раҳматимиздан) умид қилиб, ҳамда (азобимиздан) қўрқиб, дуо қилар эдилар. Шу билан бирга улар биздан қўрқувчи эдилар”, деган.[2]
Ҳар қачон яхшиликда пешқадам зотларни эсга олсак биринчи ўринда улуғ ватандошларимиз бутун Ислом оламида “Амирул мўминин фил ҳадис” – “ҳадис илмида мўъминларнинг амири”, “Шайхул-ислом” – “мусулмонларнинг устози” каби унвонлар билан танилган Имом Бухорий ёдимизга келади. Имом Бухорийнинг бу даражага етишишига илмга бўлган қизиқиши билан у зотнинг тақвоси, парҳезкорлиги ва омонатдорлиги каби кўплаб фазилати сабаб десак янглишмаган бўламиз. Имом Бухорийнинг қолдирган илмий мероси ҳозирги кунгача дунё мусулмонлари томонидан ўрганилиб, ундан манфаат олиб келмоқдалар.
Шунингдек ҳисоб илмида пешқадам бўлган ислом дунёси олимларидан бири, ватандошимиз Муҳаммад ал-Хоразмийнинг ихтироси шарофати билан бугунги замонавий ахборот технологиялари кашф қилиниб, жамиятга катта манфаатлар келтирмоқда. Зеро, у зот “Ал-Жабр вал-муқобала” фанига яъни, Алгебрага асос солди ва фанга нол рақамини киритди. Бугунги компютер, планшет, смартфон каби барча ақлли технологияларнинг ишлашига асос бўлувчи алгоритмлар “Ал-Хоразмий”нинг ғарбдаги номларидан келиб чиққан.
Расули акрам алайҳиссалом саҳобаи киромларни доимо одоб-ахлоқда ва юриш-туришда одамларга намуна бўлишларига буюрганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«إِنَّكُمْ قَادِمُونَ على إِخْوَانِكُمْ، فَأَحْسِنُوا لِبَاسَكُمْ وأَصْلِحُوا رِحَالَكُمْ حتى تَكُونُوا كَأَنَّكُم شَامَةٌ في الناسِ فَإِنَّ اللهَ لا يحبُ الفُحْشَ ولا التَّفَحُّشَ» (رواه الامام الحاكم)
яъни: “Сизлар биродарларингизни олдиларига борганингизда, либосларингизни гўзал қилинг ва эгарларингизни чиройли қилингиз, ҳаттоки, одамлар орасида гўёки юздаги хол каби бўлингиз. Албатта Аллоҳ таоло фаҳш сўзлашни ва фаҳш ишларни яхши кўрмайди” (Имом Ҳоким ривоятлари).
Мазкур ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики, биз мусулмонлар жамиятнинг барча соҳасида пешқадам бўлишимиз ва худди юздаги хол каби барчага ибрат ва намуна бўлмоғимиз даркор экан.
Шунингдек Ислом динидан бехабар инсонларга унинг соф инсонпарварлик тамойилларини сўз билан ифодалаб бериш мумкин бўлганидек, жамиятда ижтимоий одобларга риоя қилиш билан ҳам уни кўрсатиб бериш мумкин. Бунга тарихдан қуйидаги биргина мисолни келтириб ўтишнинг ўзи етарли:
Бир мусулмон савдогар ҳозирги Индонезия ҳудудларига боради ва у ерда ўрнашиб, тижоратида давом этади. У пайтда ўша ҳудудларга ислом етиб бормаган, маҳаллий аҳоли турли динларга эътиқод қилишарди. Мусулмон савдогарнинг сотаётган ипак матолар халққа манзур бўлади. Савдогар қаноатли мўмин бўлгани учун “Кам топсам-да, ҳалол ва покиза ризқ бўлсин” деган ниятда собит эди. Шунинг учун молининг устига ортиқча нарх қўймас, инсофли тижоратчи эди. Қисқа пайтда бойиб кетиш орзу-ҳавасига берилмасди. Бир куни ишга кечроқ келса, сотувчиси сотган матоларидан яхшигина фойда қилганини сезиб қолади ва сотувчини сўроққа тутади:
– Қайси матодан сотдинг? – Шу матодан, хўжайин. – Қанчадан сотдинг? – Ўн ақча! – Нега? Беш ақчалик матони ўн ақчага ҳам сотасанми? Ўша кишининг ҳақи бизга ўтиб кетибди. Уни кўрсанг танийсанми? – Ҳа, танийман! – Унда бор, ўша мижозни бу ерга олиб кел, вақт ўтмай ундан рози-ризолик олишимиз керак. Сотувчи бориб мижозни олиб келади. Савдогар мижозни кўриб, ундан рози-ризолик сўрайди ва пулнинг ортиғини қайтаради. Мижоз бундай муомаладан ҳайратга тушади. Ўз-ўзича “Рози бўл!” жумласининг маъносини мулоҳаза қилишга уринади.
Бу гап тилларда айланади. Кўп ўтмай қиролнинг қулоғига ҳам етиб боради. Қирол ипак матолар савдогарини саройга чақиртиради ва ундан сўрайди:
– Сиз қилган муносабатни биз аввал ҳеч қачон кўрмаганмиз ҳам, эшитмаганмиз ҳам. Бу ишингиз ҳақида бизга бир оз тушунча берсангиз? Савдогар унга шундай дейди: – Мен мусулмонман. Исломда мулк Аллоҳдандир. Банда омонатдор, холос. Қолаверса, Исломда ҳаром фойда, фоиз, зулм, одамларни алдаб асл нархдан қиммат сотиш ва инсонларга зарар берадиган савдолар ман этилган. Ўша савдода эса мижознинг ҳақи менга ўтган эди. Қирол яна савол беради:
– Ислом қандай дин? Мусулмон бўлса нима бўлади?
Тужжор ҳам саволларга дона-дона, чиройли ва ёқимли услубда жавоб қайтаради. Шундай диннинг борлигини савдогардан эшитган қирол, кўп ўтмай Исломни қабул қилади. Қисқа вақт ичида аҳоли ҳам Ислом динига кириб, мусулмон бўлади. 250 миллионга яқин мусулмонлар яшайдиган Индонезиянинг Исломни қабул қилишида Исломнинг табиатидаги юксак инсоний одоб-ахлоқ, олий даражадаги маданият намуналари сабабчи бўлган эди.
Биргина савдогарнинг Ислом дини кўрсатмаларига амал қилиб инсонлар манфаатини ўйлаб ишлаши, бировнинг ҳаққи унга ўтиб кетганда эгасини топиб узр сўраб ҳаққини қайтариб бериши каби қилган амали туфайли катта бир давлат аҳолиси тўғри динни қабул қилмоқда.
Тарихда бу каби ҳодисалар жуда кўп бўлган. Бизнинг этибор қилишимиз керак бўладиган жиҳати биргина амал билан кўпчиликнинг ислом динини яхши кўриб унга амал қилишига сабабчи бўлмоқда. Бунинг акси ҳам бўлиши мумкин эди.
Аллоҳ таоло инсон зотини бошқа жонзотлардан ақл неъмати билан устун қилган. Қачонки инсон зоти ўзига берилган ақлни яхшиликка ишлатса ва бошқа неъматларни ҳам Аллоҳ таолодан эканини тафаккур қилиб шукрини адо қилишда бардавом бўлса икки дунё саодатига эришади.
Халиков Нурулло
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] Бақара сураси, 148-оят
[2]Анбиё сураси, 90-оят
