ҲАДИСЛАРНИ ЯХШИ ТУШУНИШ УЧУН ЗАРУР ОМИЛЛАР
20

Аввало, шуни таькидлаб ўтмоқчимизки, керакли шаръий илмларни чуқур ўрганмай, ҳар бир илмнинг ўз устозларидан изн олмай туриб, кўпчиликка шариат ҳукмлари ҳақида иршод қилиш мумкин эмас.
Бирор мавзуда узил-кесил гап айтишдан аввал текширилаётган ўша нарсани атрофлича ўрганиб чиқиш керак. Доимо билим борасида ўзидан юқори кишилардан сўраш лозим. Хилофли нарсаларни илмсиз кишилар ўртасига олиб чиқмаган маъқул.
Пайғамбаримиз ﷺдан ворид бўлган ва бизгача нақл қилинган ҳадисларни тушуниш, уларни тўғри англаш ва бу учун ҳадис ўрганувчи кишига лозим бўладиган нарсалар хусусида уламоларимизнинг маьлум йўналишдаги тавсияларини сиз азиз ўқувчининг эътиборига Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда тақдим этмоқдамиз.
Улардан биринчиси: Араб тилини яхши билиш.
Араб тили дунёдаги энг нозик ва энг мукаммал тил бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримга айнан шу тилни ихтиёр қилган. Ҳадиси шарифлар луғавий, балоғат ва фасоҳат ҳамда адабий жиҳатдан Қуръони каримдан кейин иккинчи ўринда туради. Ана шундоқ олий мақом каломни яхши тушуниш, нозик маъноларини тўла англаб етиш, улардаги шаръий ҳукм, ваъз-иршод ва ибратларни мукаммал ўзлаштириб олиш учун араб тили, унинг балоғат ва фасоҳатидан яхши хабардор одам бўлиш керак.
Иккинчиси: Ҳадисларни Қуръон таълимотлари асосида англаш.
Ҳадиси шарифларни тўғри англаб етмоқчи бўлган одам аввало Қуръони каримни, унинг таълимотларини, турли иршодларини, ҳукмлари ва кўрсатмаларини яхши тушуниб етган бўлиши керак. Исломнинг асосий таълимотлари, қонун-қоидалари Қуръони каримда баён қилингандир. Пайғамбаримиз ﷺнинг Суннати мутаҳҳаралари эса асосий дастур бўлмиш Қуръони каримнинг шарҳи, назарий баёни ва амалий татбиқидан иборатдир.
Учинчиси: Бир мавзудаги ҳадисларни жамлаб, солиштириб кўриш.
Агар бирор ҳадис маъносини яхши тушуна олмай қолсак ёки ғайриоддий ҳолатни кўрсак, дарҳол шу мавзудаги бошқа ҳадисларни ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади. Ана ўшанда умумий солиштириш йўли билан мазкур ҳадисни тўғри тушуниш имконига эга бўламиз.
Тўртинчиси: Ҳадиснинг айтилиш сабаби ва мақсадларини яхши тушуниб етиш.
Қуръони карим оятларини яхши тушуниш учун ўша оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билиш жуда зарур экани маълум ва машҳур ҳақиқат! Худди шу нарса ҳадиси шарифларга ҳам тааллуқлидир. Баъзи ҳадиси шарифларнинг айтилиш сабаблари бор. Ана ўша сабабларни ўргангандагина ҳадисдан кўзланган мақсадни аниқ англаб етиш мумкин. Шу билан бирга, баъзи ҳадиси шарифларда маълум бир шахсга, замонга, маконга, шарт- шароитга тегишли муаммолар муолажа қилинган бўлади. Мана шу зикр қилинган ва яна бошқа зикр қилинмаган сабабларга кўра, ҳадиси шарифларни тўғри тушуниш учун етарли илм, дақиқ назар, шариатимиз мақсадларини идрок қилиш, динимиз таълимотларидан тўла хабардорлик зарур. Ана шундагина ҳадиси шарифларда келган ҳукмларнинг қайси бири умумий, қайси бири маълум шахслар учун хусусий, қайси бири вақтинча, қайси бири доимий, қайси бири жузъий ва қайси бири куллий эканини тушуниб оламиз.
Саҳобаи киромлар ҳадисларнинг сабаблари ва мақсадларига қараб амал қилишда ҳаммага ўрнак бўлишган. Чунки улар орасида Пайғамбаримиз ﷺ билан бирга яшаганлар, ҳадиси шарифларни нима учун, қай тарзда, нима мақсадда айтилганини биладиганлар кўп бўлган.
Бешинчиси: Ҳадиснинг собит мақсади ва унга етиш воситаларини ажрата билиш.
Ҳадиси шарифларни фаҳмлаб етиш, уларга амал қилишда хатога сабаб бўладиган нарсалардан бири ҳадисдан кўзланган мақсад қолиб, кўпроқ мақсадга эришиш йўлидаги воситага эътибор беришдан келиб чиқади.
Имом Бухорий, Имом Насаий, Имом Шофеъийлар.
Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ: “Мисвок оғизни тозаловчи ва Роббни рози қилувчидир”, деганлар. Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, ҳадисдан асосий мақсад оғизни тоза тутишга қизиқтириш. Агар ҳадиснинг лафзини ушлаймиз, десак дунёдаги барча мусулмонларга Арок дарахти ёғочидан мисвок етказиб бериб туриш керак бўларди. Баъзи кишилар шундоқ тушунишади ҳам. Имом Абу Ҳанифа мазҳабларида оғизни тозалаши мумкин бўлган ҳамма нарса билан, латта (бирор мато бўлаги) ёки панжа билан мисвок қилса бўлаверади, дейилган. Демак, замон ўзгариши билан пайдо бўлган янги тиш тозалаш воситаларини ишлатиш ҳам айни муддао бўлаверади.
Тиб борасида Пайғамбаримиз ﷺдан ривоят қилинган ҳадиси шарифнинг кўпида ҳам мазкур маъно бор.
Олтинчиси: Ҳадисни тушуниш учун мажоз билан ҳақиқатни ажрата билиш зарурлиги.
Ҳар бир тилда ўзига яраша киноя, қочирим, ўхшатиш каби услублар ишлатилади. Араб тилида бу нарсалар жуда ривожланган. Пайғамбаримиз ﷺнинг ҳадиси шарифлари араб тилининг энг юқори чўққисида бўлгани учун мазкур нарсалар ҳам керагича У зотнинг сўзларига кирган. Буни араб тилида мажоз, дейилади. Баъзи ҳадисларни тушуниш учун мажоздан ҳақиқатни ажрата билиш лозим бўлади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Насаийлар Жаҳима розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда ёрдамга муҳтож онасини қўйиб, жиҳодга рухсат сўраб келган йигитга Пайғамбаримиз ﷺ: “Сен у(она)ни лозим тут, жаннат унинг қадами остидадир”, деганлар. Албатта, жаннат ўша йигитнинг онаси қадами остида эмас. Балки гап онасининг қадамини ўпиб бўлса ҳам хизматини қилиб, розилигини олган киши жаннатга сазовор бўлиши ҳақида кетмоқда.
Еттинчиси: Ғойибдаги ва ҳозирдаги нарсаларни ажрата билиш.
Кўпгина ҳадиси шарифларга ғайб олами ҳақида сўз юритилган. Булар биз яшаётган оламда кўзимизга кўринмайдиган, масалан, фаришталар, жинлар, шайтонлар, иблиснинг лашкарлари, Арш, курси, Лавҳул Маҳфуз каби нарсалардир. Шунингдек, барзах ҳаётига (ўлим билан қиёмат орасидаги ҳаётга) тегишли, қабрда савол бўлиши, қабр азоби ёки неъмати ҳам ғайб нарсаларга киради. Ғайб ҳақидаги гаплар асосан охират ҳаётига боғлиқдир. Бу мавзуда собит бўлган саҳиҳ ҳадисларда келган маъноларга ишониб, уларни тасдиқлаш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Бу ҳадисдаги гапни “ақл бовар қилмайди, унга ишона олмайман”, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳадиси шарифларда келган маънолар бир вақтлар одамларнинг ақлига сиғмаган бўлса, замон ўтиб воқеъликда бўлиб сиғди ҳам. Яна замон ўтиши билан бошқалари ҳам сиғиб келмоқда. Охиратда эса, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло қудрати чексиз, хоҳлаганини қила оладиган Зотдир. Шунинг учун саҳиҳ ҳадисда келган маънони инкор қилгандан кўра, бу маънони мен тушуна олмаяпман, деб ўкинган яхши. Шариатдаги, Қуръон ва Ҳадисдаги баъзи ғайбий нарсаларни ўзларининг чегараланган ақл тарозуси билан ўлчашга ҳаракат қилганлар қадимдан залолатга юз тутиб келганлар.
Мусулмон инсоннинг вазифаси динимизда келган ҳар бир буйруқни “эшитдик ва итоат қилдик”, деб, ҳар бир ғайбий нарсани “иймон келтирдик ва тасдиқ қилдик”, деб кутиб олишдир. Ана ўшанда ҳамма нарса дин талабига мувофиқ бўлади.
Юқорида зикр қилинган мулоҳаза ва қоидаларни билиш ҳадис ўрганмоқчи бўлган ҳар бир кишига зарурдир. Албатта, ҳадис илми билан шуғулланиб мутахассис бўлмоқни ният қилганлар юзлаб китобларни ўқиб-ўрганишлари керак.
Дулабов Абдурашид
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси талабаси
“Ёш илмий тадқиқотчи” жамияти аъзоси
