ҲАЛОЛЛИКДАН ОЛИМЛАР ДУНЁГА КЕЛАДИ
14

“Ҳалоллик – барака омили” мазмунидаги суҳбатни ҳар доим, ҳар даврада: фарзандлар даврасида, шогирдлар даврасида, ёр-у дўстлар даврасида кўпроқ гапиришимиз керак. Чунки ҳалоллик бор жойда барака бўлади.
Барака – бу унум дегани, фойда дегани. Яъни арзимаган ризқ баракали бўлиши дегани – ўша ризқнинг фойдали ва унумли бўлишидир. Биз учун манфаатли бўлиши – баракали бўлди дегани. Умрингга баракот берсин дегани – умринг унумли ва манфаатли бўлсин, деганидир.
Барака қачон унумли ва манфаатли бўлади? Қачонки, инсоннинг қилаётган ҳаракати ҳалол бўлса, нияти ҳалол бўлса. Шундагина меҳнат ва ҳаракатнинг замирида содир бўладиган ишда барака ва файз бўлади.
Ҳалол ризқ деб юрган – Аллоҳ йўлида юрган ҳисобланади: Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ ҳалолни талаб қилишлик ҳаттоки жиҳод деганлар. Жиҳод-жиҳод, дейишади. Ҳақиқий жиҳод – нафсга қарши жиҳод, ҳалол меҳнат билан юриш бу. Жиҳод – Аллоҳнинг йўлида юришдир.
Пайғамбаримиз ﷺ бир куни эрта тонгда саҳобалар билан ўтиргандилар. Қадди-қомати келишган бир йигит тез шахдам қадамлар билан ўтиб кетаётганда саҳобалардан бирлари: “Агар шу йигит Аллоҳнинг йўлида бўлганида борми, динга қанча фойдаси йетган бўлар эди”, – деди. Шунда Пайғамбаримиз ﷺ: “Агар шу йигитнинг ота-онаси, фарзандлари, рўзғори бўлса, бола-чақам, ота-онам деб кетаётган бўлса, бу Аллоҳнинг йўлидаги йигитдир”, – дедилар.
Шунинг учун фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, бугун ота-онасининг хизматини қилиб, бола-чақасининг рўзғорини қилиб ҳалол меҳнат, касб-у корга эрталабдан чиқиб кетиб ҳориб-чарчаб оиласига келаётган, шу билан ҳаёти ўтаётган йигитларимиз ҳалолликнинг риоясини қилсалар, мана шу йигитларимиз, иншааллоҳ, Аллоҳнинг йўлидаги йигитлардир.
Ҳалолликдан олимлар дунёга келади: Агар биз тарихга қарайдиган бўлсак, тарихда яшаб ўтган улуғларимизнинг улуғлигининг тамал тоши бу – ҳалолликдир.
Масалан, Имом Бухорийнинг отаси онасига айтган экан: “Менинг фарзандларимга қолдирадиган меросимда бир дирҳам шубҳа борлигини билмайман”, – деган эканлар.
Бу киши ҳаром эмас, ҳаттоки шубҳа борлигини билмайман, деган эканлар. Мана бу ҳалолликнинг натижасидан туғилган фарзанд дунёнинг олими бўлди.
Ёки Имоми Аъзамнинг туғилишини биласиз. Оталари сувдан оқиб келаётган битта олмани тишлаб, э, ахир бу кимнингдир ҳаққи-ку, деб туриб, суриштириб эгасини топган. Боғ егаси бу инсоннинг ҳалоллигига харидор бўлиб, қизларини никоҳлаганлар. Мана шу никоҳдан Имоми Аъзам таваллуд топган еканлар.
Ҳалолликдан дуолар қабул бўлади: Бугун биз қандай фарзанд тарбия қиляпмиз. Фарзандларимизнинг келажакда улуғ инсон бўлиши, халқпарвар ва юртига керакли инсон бўлишини умид қилсак, албатта уларга илм, одоб берамиз. Лекин мана шу илмимиз, одобимизнинг баракаси бўлиши учун ўша илм ва одоб юқиши учун уларнинг луқмасига эътибор беришимиз керак.
Илгари оналаримиз фарзандларини таҳоратсиз эмдирмаган. Бизнинг оналаримизнинг алласи ўша “Аллоҳ” деган сўз бўлган. Биз ҳалолликка жуда катта эътибор беришимиз керак. Бугун мамлакатимиз учун ҳам ҳалол ходимлар керак.
Хонадонимизда ҳалоллик ва поклик бўлса, иншааллоҳ Аллоҳнинг нури, баракоти ёғилади. Қолаверса, қўл кўтариб қилган дуоларимиз ижобат бўлади.
Омонов Оллоёр
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
