АҲЛИ СУННА КИМ?
33

Аҳли сунна вал жамоа – ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисми тутган йўлдир. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин (чаҳориёрлар) розияллоҳу анҳумнинг суннатларини ушлаган ва саҳобалар, тобеинлар, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомларидан иборат дин пешволари йўлига эргашган жамоадир. Аҳли сунна вал жамоа мазкур улуғларнинг йўлини узилмай келаётган силсила билан қабул қилиб олганлар.
Манбаларга қараганда Аҳли сунна вал жамоа атамасини дастлаб Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Оли Имрон сураси 106-оятини тафсир қилганда ишлатган бўлсаларда, бу атама исломнинг илк даврларида машҳур бўлмаган. Балки ўзларини турли номлар билан атаган фирқалар кўя бошлагач, Аҳли сунна вал жамоа атамаси юзага чиқди. Суннат ва жамоат аҳли ким дейилса,. Илмда пешво саҳобалар ва уларнинг йўлини тутган зотлар дейилади. Имом Муслим Ибни Сирин раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади:
Яъни: “Одамлар фитна (ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг шаҳид қилиниши) содир бўлгуига қадар бир-биридан иснод (ҳадисларни кимдан эшитганини) сўрмас эдилар. Ундан кейин (ҳадис эшитган) кишиларингиз номларини айтингчи, дейишарди. Кейин агар аҳли суннат бўлса, ҳадиси олинарди, аҳли бидъат бўлса, ҳадиси олинмасди”.
Аҳли сунна вал жамоани ташкил қилган саҳобалардан тобеинлар илм ўргандилар, улардан эса мужтаҳид олимлар дин илмини қабул қилиб олдилар.
Бугун ашъарийлар ва мотуридийлар ер юзидаги мусулмонлар ададининг тўқсон фоиздан ортиғини ташкил қилади. Имом Ашъарий олдин мўътазила бўлиб, кейин бу йўлдан қайтган. У киши Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг наслидандир. Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ эса Абу Ансорий розияллоҳу анҳунинг авлодидандир.
Ҳофиз Абу Бакр Байҳақий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Имом Ашъарий Аллоҳнинг динида бирор янгилик олиб келгани йўқ. Бидъатни пайдо қилмади. Балки саҳобалар, тобеинлар ва буюк имомларимизнинг сўзларини шарҳлаб тушунтириб берди ва бу йўлга нусрат берди”.
Имом Сафорийний Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ “Ла-вомиъул-анворил-баҳийя”да айтади:
- “ал-Асарийя”. Уларнинг пешвоси Аҳмад ибн Ҳанбалдир.
- “ал-Ашъарийя”. Уларнинг пешвоси Абулҳасан Ашъарийдир.
- “ал-Мотуридийя”. Уларнинг пешвоси Абу Мансур Мотурийдир”.
Салафий олимлардан бири: “Аҳли сунна(т) бу саҳобалар ва тобеъинларнинг барчаси аҳли сунна(т) имомлари, аҳли ҳадислар, жумҳур фуқаҳолар ва сўфийлардир”, деган.
Мадиналикларнинг мазҳаби Имом Молик раҳимаҳуллоҳга нисбатан берилади. Айни мазҳабда бўлганларга “моликийлар” дейилади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса ўзидан олдингилар йўлини қаттиқ тутарди. Имом Молик олдингилар йўлини очиқ-ойдин баён қилиб, тушунтириб бергани учун мазҳаб у зотга нисбат берилади.абдулҳасан Ашъарий ҳам шундай. У зот ҳам ўтган мужтаҳидлар эътиқодини тушунтириб бергани учун у зотга нисбатан берилади.
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Раддул-муҳтор ъалад-дуррил-мухтор” китобида “Аҳли сунна вал-жамоа-ашъарийлар ва мотуридийлардир” деган. Ҳофиз Зубайдий раҳимаҳуллоҳ ҳам “Иҳёу улумид дин” китобининг шарҳида худди шу фикрни айтган.
Икки буюк имом Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ аҳли сунна вал-жамоа ақидасини ҳам нақлий (манбалар асосида) ҳам ақлий далиллар билан исбот қилишган. Имом Мотуридийни “Имомул-ҳуда” (ҳидоят, тўғри йўл пешвоси), “Имомул-мутакаллимин” (мутакаллимлар пешвоси) деган лақаблари бор. Бу илмдаги тутган мақомлари учун уммат у зотга бу лақабни муносиб кўришган.
Манбалар асосида Хуррамов Ислом тайёрлади
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси талабаси
