Никоҳ — охиратда ҳисоби сўраладиган амал
17

Никоҳ – инсонлар ўртасида сокинлик, барқарорлик алоқаси бўлиб исломий оилада содир бўладиган баъзи бир айбларни беркитиш ва ўзаро эҳтиром алоқасидир. Ислом инсондаги табиий рағбат ёки шаҳватни қораламайди, балки уни поклайди ва тартибга солади ҳамда эркагу аёлдаги мавжуд ҳоҳишларни ҳайвоний даражадан инсоний даражага кўтаради. Никоҳ икки жасаднинг қўшилишини, икки руҳ икки қалб, икки нафснинг қисқаси икки инсоннинг розиликлари орқали қўшилишига айлантиради ва уларнинг ҳар бирини зиммасидаги вазифасини ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини адо этишга бундан ташқари ўзаро ҳурмат ва эҳтиром билан яшашга тарғиб қилиш билан бирга талаб ҳам қилади.
Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини сақлайди. Бундан ташқари никоҳ ёрдамида инсон ўз насли насабининг поклигини ҳам сақлаб қолади. Агарда никоҳ бўлмаса, ким кимдан дунёга келганлигини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолинар эди.
Никоҳ туфайли оила, деб номланган муҳташам бир ошён қурилиб, унда эру хотин ва улардан пайдо бўлган ўғил – қизлар, набира- чеваралар бир- бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар. Улар орасидаги қариндошлик алоқалари алоҳида маъно касб қилади. Шундай йўл билан оила номли кичик бир жамият пайдо бўлиб, улар бир – бирлари билан қўшилиши оқибатида катта жамият юзага келади.
Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оилалар эса унинг ғиштлари ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса бино бўлмаганидек оилалар бўлмаса жамиятлар бўлмаслиги аниқ. Ана ўша ғиштлар чиройли ва мустаҳкам бўлса иморат ҳам мустаҳкам ҳам чиройли бўлади. Никоҳнинг ва оила қуришнинг бундан бошқа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинган.
Ҳозирги кунда баъзи бир кишилар тарафидан содир бўладиган нохуш никоҳлар пайдо бўлмоқда. Жамиятда баъзи бир шахслар томонидан вақтинчалик никоҳ қуриб ўзича ўзи худди шариъатни талабини бажарадиган қилиб кўрсатмоқда. Худдики ўзини тақводор ёки дин пешвоси ёки зиёли қилиб кўрсатмоқда ва бу ҳам етмагандек бошқаларни ҳам бунга тарғиб қилмоқда. Никоҳи мутъа ва никоҳи муваққат шариъатда ҳамма мазҳаб соҳиблари тамонидан ҳаромлигига ижмоъ қилинган буни ҳеч қандай шахс ҳаром эканлигини инкор қила олмайди. Эмишки савоб бўлади зино бўлмайди никоҳлаб олинглар деган шариъат талаби бажарилмоқда бу савоб иш деган қўштирноқ ичидаги шайхлар ёки тақводорлар билиб қўйсинлар. Бу фатвони берадиган отинойилар ҳам пайдо бўлмоқда. Мақсади аниқ узоқ яшаш нияти йўқ бир ёки икки йил ёки олти ой яшаш ниятида олиб кунлар ўтиши билан айбу нуқсонларини топиб уни талоқ қилиб ташлаб кетадиган кишилар кимлар булар бу фатвони қаердан олмоқдалар ва кимларга ишониб яшаябдилар. Балки бу фатвони Ҳаж ёки Умра сафарига борган кимсалардан олаётганлар бордир, шуни билиб қўйингки, динда ҳар бир нарса тартибга солинган ва ижроси талаб қилинган. Масалан, шариъатдаги бошқа бир ибодатни олайлик “Намоз” бу ҳам фарз лекин қачон фарз кимларга фарз вақти қачон фарз қилинган талаблари нималар қандай адо қилинади таҳоратга қодир бўлмаса нима қилади аёллар қандай адо қилади сафарда бўлса қандай адо қилинади бемор бўлса нима қилади. Битта намозни талаблари шунча бўлса демак никоҳнинг ҳам ўзига яраша талаблари ҳам бор. Агарда бир киши 50 йил яшайман деб никоҳлаб олсалар ҳам никоҳ боғланмайди. Чунки йили тайин қилингани учун никоҳ боғланмайди ва агарда фарзанд бўлиб қолса насаб собит бўлмайди. Айниқса бу ҳолат хорижга ишлаш учун кетган ака- укаларимиз тамонидан содир бўлиши мумкин. Сафарда бир ёки икки йил бўлиши мумкин ундан кейин уйига қайтиб келадику, унда никоҳ никоҳи муваққат бўлиб қоладику. Бу ҳолат ажримлар кўплиги сабабли юртимизда ҳам жуда кўп содир бўлаябди, ҳеч ким билмасин деб хуфёна никоҳ ўқитиб вақтинча яшаб юрганлар билиб қўйингиз никоҳни жорий қилган Аллоҳ таолонинг ўзи ҳисобини ҳам ўзи қилади мукофотини ҳам ўзи қилади. Вақтинча ёки номига никоҳ ўқитиб юрган ёки никоҳ нима эканлигини тўлиқ англамаган кишилар билиб қўйинглар биринчи аёлингизга қандай нафақа қилиш фарз бўлган бўлса, иккинчи аёлингизга ҳам шундай нафақа қилишингиз шарт бўлади. Ҳозирги кунда қанчадан қанча аёллар мазкур никоҳлар сабабидан қийналиб азият чекиб юрибдилар ваъда қилиб ваъдасида турмасдан иккинчи аёлига худди бегона аёлга муомала қилаётгандек муомала қилишлик мусулмон инсонни айниқса никоҳ фарз деб, никоҳ ўқитган инсонни иши эмас. Биз сизни шунчаки оғоҳлантирамизки зиммамиздаги масъулият сабабидан ижроси ўзингиздан. Роббимиз ўзининг каломида шундай огоҳлантиради ва таълимот беради: “Яхшиликча ушлаб қолиш ёки хурсанд қилиб қўйиб юборишлик бор” (Бақара сураси 229 оят). Демак абадий никоҳ билан ушлаб қолишлик керак ёки яхши гаплар билан эҳсонлар бериб ажрашиб кетишлик керак экан. Барчамизни яратган зот ўзининг ҳидоятидан узоқ қилмасин ва билиб билмай қилган гуноҳларимизни кечирсин. Сиз никоҳлаб олаётган аёл ҳам кимнингдир синглиси, опаси, ҳоласи, аммаси ёки онаси ёки қизи бўлиши мумкин. Ким бўлганда ҳам, Аллоҳнинг бандаси бўлади. Бундай кишилар бизда ҳам бор шуни унутман ҳар бир амалимиз учун ҳисоб беришимизни унутмайлик. Чунки халқимизда шундай мақол бор: “Қилма топасан экма ўрасан” бу мақол бежиз айтилмаган кеч бўлмасдан кўзимизни очайлик азизлар.
А. Бозоров
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассаси
тафсир фани ўқитувчиси
