Бароат кечаси қандай кеча?

Бароат кечаси Шаъбон ойининг 15 кечаси деган тахминлар бор. Бу кечанинг фазилати чексиздир. Дуҳон сурасининг дастлабки 3 ояти бу кеча ҳақида энг буюк далилдир.

“Ҳа мийм. Очиқ равшан Китоб (Қуръон)га қасамки, албатта Биз уни муборак-барокатли кечада нозил қилдик”.

            У кечанинг раҳмат, барокат ва фазилати санаб бўлмайдиган даражада ҳисобсиз. Бу муборак кечада Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ ﷺ ҳузурига келиб шундай деди:

“Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ бу кечада бир қанча инсонларни авф этади, баъзиларни авф этмайди. У кечадаги мағфиратга қуйидаги инсонлар сазовор бўлмайдилар:

  1. Аллоҳ таоло, Унинг Расули ва мўминларни масҳара қилганлар;
  2. Силайи раҳм қилмаганлар;
  3. Мусулмонлар билан аразлашганлар
  4. Кибрли инсонлар;
  5. Ота-онасини норози қилганлар;
  6. Сархушлик (кайф)да умр ўтказганлар.”

 

Ато ибн Ясир шундай деган:

“Шаъбон ойининг 15 кечаси, Азроил алайҳиссалом кейинги йил Шаъбон ойининг 15 кечасига қадар ўлиши керак бўлган инсонлар рўйхатини ҳозирлайди. У орада қанча инсонлар ўзини бурўйхатга тушиб қолганидан хабари бўлмайди.”

Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган бир ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ шундай деганлар:

Тўрт кеча борки, унда дуолар рад этилмайди:

  1. Ражаб ойининг илк кечаси;
  2. Шаъбон ойининг 15 кечаси;
  3. Қадр кечаси;
  4. Икки байрам кечаси.

 

“Тўрт кеча бордир-ки, кечалари кундузлар, кундузлари кечалар кабидир. Аллоҳ у кечаларда онт ичганларни онтига содиқ қилади, инсонларни авф этади, уларга чексиз савоб ва мукофот беради. Бу кечалар Қадр кечаси, Бароат кечаси, Арафа кечаси ва жума кечасидир”.

Ибн Можа Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ шундай деганлар:

“Шаъбон ойининг 15 куни келган вақт кунни рўза билан ўтказинг, кечаси ибодат қилинг. Чунки Аллоҳ қуёш ботиш вақтида дунё осмонига тушади ва шундай марҳамат қилади:

  • Истиғфор айтиб тавба қилган борми, унга ризқ бераман. Балога учраган борми хотиржамлик бераман. Фалончи қани, фистончи қани?

Бу овоз атроф ёришгунча қаддар шундай давом этади.

Ким Шаъбон ойининг 15 кечаси ва икки байрам кечалари ибодат қилса, барча қалблар ўлган бир кунда уни қалби ўлмайди”.

Аллоҳ таоло шундай гўзал бир кечаларда ўзимиз учун офият сўрамоқликни, гуноҳларимиз учун истиғфор айтмоқлик учун имкон бергани биз учун улкан бахтдир. Бу кечаларни эътиборсиз ўтказиб юборишимиз биз учун улкан йўқотишдир!

Нилуфар АҲАДОВНА тайёрлади.

 “Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи