Қуръони Каримда сажда оятлари

178

Сажда оятини ўқиган ёки тинглаган киши сажда қилиши вожибдир. Бунда сажда ояти ўқилганидан кейин қиблага юзланиб: “Аллоҳу Акбар” деб саждага борилади. Сўнг уч марта тасбеҳ айтиб, яна “Аллоҳу Акбар”, деб саждадан турилади. Саждадан турилганда тиловат саждасидан сўнг ўқиладиган дуолардан бири ўқилади.

Тиловат саждасини адо қилишликда жуда кўп фазилатлар мавжуд. Бу борасида Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺнинг бир неча ҳадисларида ворид бўлган:

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз ﷺ: “Агар одам боласи сажда оятини ўқиса ва сажда қилса, шайтон йиғлаган ҳолида узоқлашади, сўнгра: “Эй, мен ҳалок бўлдим, одам боласи саждага буюрилди, бас, сажда қилди, унга жаннат бўлди ва мен саждага буюрилдим ва унга осий бўлдим ва менга дўзах бўлди”, дейди” (Имом аҳмад, Муслим ва Ибн Можа ривоятлари).

Пайғамбаримиз ﷺ ўз муборак ҳадисларида сажданинг фазлини баён қилиб, умматни унга қизиқтирганлар. Ана ўша собит бўлган аксар ҳадисларга биноан сажданинг қуйидаги фазилатлари мавжуд:

Сажда ўз соҳибини жаннатга киритадиган амалдир;

Сажда ўз соҳибини жаннатда Набий ﷺ билан ҳамроҳ бўлишига сабабдир;

Сажда орқали Аллоҳ инсоннинг даражасини кўтаради ва гуноҳларини ўчиради;

Одам боласи сажда қилганида шайтон узоқлашиб йиғлайди;

Сажда бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган амалдир;

Қиёмат куни Пайғамбаримиз ﷺ умматларини сажда қилганлари туфайли таниб оладилар;

Аллоҳ дўзах аҳлига раҳмат қилишни ирода қилганда, малоикаларга Унга сажда қилган кишиларни чиқаришни буюради ва ҳоказо.

Қуръони Каримда ўн тўртта сажда ояти бор.

Аъроф сураси охиридаги 206 – оят.

Раъд сурасидаги 15 – оят.

Наҳл сурасидаги 49 – оят.

Исро сурасидаги 109 – оят.

Марям сурасидаги 58 – оят.

Ҳаж сурасининг биринчиси, яъни 18 – оят.

Фурқон сурасидаги 60 – оят.

Намл сурасидаги 26 – оят.

Сажда сурасидаги 15 – оят.

Сод сурасидаги 24 – оят.

Фуссилат сурасидаги 37 – оят.

Нажм сурасидаги 62 – оят.

Иншиқоқ сурасидаги 21 – оят.

Алақ аурасидаги 19 – оят.

Бир сажда оятини бир вақтда бир жойда икки ёки ундан кўп бора ўқиган киши бир марта тиловат саждасини қилади. Ҳудди шунингдек, таълим олаётган талабалар бир синфда барчалари сажда оятини такрор ўқисалар ҳам, бир марта сажда қиладилар.

Агар бир сажда ояти бошқа – бошқа жойларда ўқилса, ҳар бири учун алоҳида сажда қилинади. Сажда оятига бир ёки бир неча оят қўшиб ўқиш мустаҳабдир. Намозда сажда оятидан сўнг тиловат саждасини ният қилиб намознинг рукусига борса ёки уни ният қилмаса ҳам, намознинг саждасини қилса, тиловат саждаси ўрнига ўтади.

Асқаров Акбархон

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси