ҚУРЪОНДА ИККИ ШИФО БОР
28

Аллоҳ таоло бандаларига жуда кўплап неъматлар берган. Ана шундай неъматлардан бири асалдир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَأَوۡحَىٰ رَبُّكَ إِلَى ٱلنَّحۡلِ أَنِ ٱتَّخِذِي مِنَ ٱلۡجِبَالِ بُيُوتٗا وَمِنَ ٱلشَّجَرِ وَمِمَّا يَعۡرِشُونَ
ثُمَّ كُلِي مِن كُلِّ ٱلثَّمَرَٰتِ فَٱسۡلُكِي سُبُلَ رَبِّكِ ذُلُلٗاۚ يَخۡرُجُ مِنۢ بُطُونِهَا شَرَابٞ مُّخۡتَلِفٌ أَلۡوَٰنُهُۥ فِيهِ شِفَآءٞ لِّلنَّاسِۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَأٓيَةٗ لِّقَوۡمٖ يَتَفَكَّرُونَ
Аллоҳ таоло бандаларига жуда кўп неъматлар берган. Ана шундай неъматлардан бири асалдир. Қуръони каримда шундай дейилган: (Эй Муҳаммад ﷺ), Парвардигорингиз асаларига ваҳий — амр қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга уя солгин. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг (сен учун) осон-қулай қилиб қўйган йўллардан юргин!” Унинг қорнидан одамлар учун шифо бўлган алвон рангли ичимлик-асал чиқур. Албатта, бу ишда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир. (Наҳл сураси, 68-69-оятлар).
ИЗОҲ. Арининг ёшига, жинсига ва асал оладиган гул ҳамда меваларининг таъмига кўра асаларининг қорнидан оқ, сариқ, қорамтир ва бошқа рангли асал шарбати чиқади (Қози Байзовий; Жалолайн). Ояти каримада “шифоун” лафзи накра (мажҳул) бўлиб келгани учун “Асал ҳар турли касалликка шифодир”, дейилган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръонда икки шифо бор: Қуръон ва асал. Қуръон қалблардаги касалликларга шифо, асал ҳар бир дардга даводир”.
Ойша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ ﷺ ширинлик билан асални яхши кўрардилар. Пайғамбаримиз ﷺ асални яхши кўрар, бошқаларни ҳам бу тотли неъматдан ейишга, у билан даволанишга чақирардилар.
Бир киши Набий ﷺ ҳузурларига келиб: – Биродарим қорни оғрияпти, – деди. Расулуллоҳ унга:– Биродарингга асал ичир, – деб тавсия қилдилар. Ҳалиги одам унга асал ичирди. Кейин келиб айтди:– Мен унга асал ичирдим. Аммо баттар ичини кеткизиб юборди.
Шунда Набий ﷺ: – Аллоҳнинг гапи рост, биродаринг қорни алдаган! – дедилар.
Мутахассислар илиқ сувда еритилган асалга Қуръон оятларини ўқиб дам солиб ичишни тавсия етишган. Айниқса, ерта тонгда ичилса, натижаси яхши бўлади.
Пайғамбар ﷺ шундай деганлар: “Кимда-ким ҳар ойда уч марта, наҳорда (оч қоринга) асал яласа, касалликнинг каттаси унга яқин йўламайди”.
Халқ табобатида асалнинг қуйидаги фойдалари зикр этилган:
– асал турли касалликларни даволайди, одамни бардам-бақувват қилади;
– мижозни тозалайди, қоннинг томирларда юришини равонлаштиради, гўштни бузилишдан сақлайди;
– кўз хиралигидан халос этади;
– навқиронликни сақлаб қолиш, узоқ умр кўриш учун муттасил асал истеъмол қилиш тавсия этилади;
– қонга жуда тез сўрилади, уни тозалайди;
– микробларни ўлдиради;
– асал суви меъдани кучли қилади, иштаҳани очади, овқат ҳазмини яхшилайди;
– шамоллаш, ҳолсизлик, асаб тўқималари касалликларини даволайди;
– танасида модда алмашинуви бузилган кишиларга асал жуда фойдали;
– ошқозон-ичак яралари касалликларини даволайди, мияни озиқлантиради;
– юқори нафас йўллари, ўпка касалликлари, юрак, жигар, буйрак, асаб тўқималари, тери, кўз касалликлари ҳам асал ёрдамида муолажа қилинади;
– камқонликда асални малина билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади;
– ревматизмга қарши энг яхши дори;
– қон босимини туширади, терига суртилса, терининг ҳолатини яхшилайди;
– хотирани, ақлий қобилиятни кучайтиради;
– юракка қувват беради;
– овқат ҳазм бўлишини яхшилайди;
– грипп касаллиги олдини олишда, уни даволашда ҳам асал тенги йўқ малҳамдир;
– асал шарбати кишини тетик қилади, мия фаолиятини яхшилайди.
Аллоҳ таоло бандаларига ином қилиб берган табиий нарсалардан шифо излайлик. Аллоҳ дард бериб уни шифосини ҳам билдириб қўйгандир.
Омонов Оллоёр
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Манбалар асосида тайёрлади
