ШАЪБОН ОЙИДА ТУТИЛГАН РЎЗА — РАМАЗОН ОЙИГА ТАЪЗИМДИР
12

Расулуллоҳ ﷺ Шаъбон ойининг фазилати ҳақида шундай деганлар: “Ушбу ой Ражаб билан Рамазон ўртасидаги ойдир”.
“Шаъбон ойида тутилган рўза Рамазон ойига таъзимдир”. “Ойларнинг севимлиси Рамазон ойига боғлиқ Шаъбон ойидир.”
Олимлар Расулуллоҳ ﷺнинг бу ойда кўп рўза тутишлари ҳикматини турлича ифодалашган. Баъзилар бунинг сабаби номаълум дейишади. Айрим олимлар эса, Расулуллоҳ ﷺ ҳар бир ойда уч кун рўза тутар, тута олмаган кунларини эса Шаъбон ойида қазо қилар эдилар, дейишган. Бошқа олимлар эса, Расулуллоҳ ﷺнинг аёллари Рамазонда қазо қилган рўзаларини шаъбон ойида тутар эдилар. Расулуллоҳ ﷺ ҳам улар билан бирга рўза тутар эдилар, деб изоҳлашган.
Ибн Ҳажар “Фатҳ ал-Борий” асарида (4/253) буни бундай изоҳлаган: “Бу борада берилган жавобларнинг энг афзали қуйидаги ҳадисда ўз ифодасини топган: “Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ ﷺдан:
“Ё Расулуллоҳ! Мен Сизни шаъбонда бўлганидек бошқа ойларда ҳам кўп рўза тутганингизни кўрмадим. Бунинг сабаби нимада?” деб сўради. Шунда У зот: “Бу ой ражаб ва Рамазон ойларининг орасида бўлиб, унда инсонлар ғафлатда қоладилар. Бу ойда амаллар Оламлар Раббиси Аллоҳга кўтарилади. Мен амалим кўтарилаётган вақтда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, деб жавоб бердилар”.
Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ ﷺ рўза тутсалар, энди (бу ой охиригача) рўзаларини очмас эканлар, деб ўйлаб қолардик, рўза тутмай юрсалар, энди тутмас эканлар, деган ҳаёлга борардик. Рамазондан бошқа бирор ойда тўлиқ рўза тутганларини билмайман, Шаъбон ойида эса бошқа ойлардан кўра кўп рўза тутганларининг гувоҳи бўлганман”, дер эдилар.
(Бухорий ва Муслим ривояти)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоятларида: “Расулуллоҳ ﷺ Рамазондан бошқа ойда тўлиқ рўза тутмаганлар”, дейилади. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир куни мен Расулуллоҳ ﷺга шундай савол бердим: “Ё Расулаллоҳ, мен (Рамазондан ташқари) биронта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?” Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Ҳожасига кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман”, – дедилар. (Насоий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ айтдилар: “Қачонки Шаъбон ойининг ярми ўтса, рўза тутманглар!” (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида: «Бу ерда Шаъбон ойини тўлиқ рўза тутиш билан ўтказмасликка таъкид борлиги, аммо баъзи инсонларнинг душанба ва пайшанба, ёки ҳар (Ҳижрий) ойнинг 13-14-15 кунларида тутадиган одатий (нафл) рўзалари бўлса, Шаъбон ойининг ярмидан кейин ҳам уларнинг рўза тутишларида ҳеч қандай монеълик йўқ. Чунки, Пайғамбаримиз ﷺ бошқа бир ҳадисларида: “Рамазондан бир ёки икки кун аввал рўза тутманглар. Бироқ, бир киши (нафл) рўза(ларини) тутаётган бўлса, тутаверсин”,– деганлар», – деб айтишади». (Бухорий ва Муслим ривояти)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар ﷺ Шаъбон ойини жуда ҳам кам (ҳолатларда) рўзасиз ўтказардилар” .
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси “Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи
Манбаалар асосида тайёрланди.
