Суюкли пайғамбаримиз ﷺнинг муқаддас ойлари…
20

“Шаъбон менинг ойим. Ражаб Аллоҳнинг ойи. Рамазон эса умматимнинг ойидир.”
Исломиятдаги муқаддас ойларидан бири Шаъбон ойидир. Бу ой ҳақиқатдан жуда муқаддас, фазилатли ойдир. Бу ойнинг фазилатлиги шундаки, унда ибодат қилганлар, қўлини дуога очиб Аллоҳга илтижо қилиб тавба қилганларни тавбасини Аллоҳ қабул қилади.
Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий ойларнинг саккизинчиси бўлиб, у рамазондан битта олдинги ой ҳисобланади. Бу ойнинг бундай ном билан аталиши пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бешинчи боболари Кулоб ибн Мурра яшаган давр, яъни 412-милодий йилга бориб тақалади.
У вақтларда араблар ҳар бир ойни унда рўй берган муҳим воқеа-ҳодиса ва ҳолатларга қараб номлар эдилар. Масалан, кетма-кет келувчи жумода-л-увло ва жумода-л-охира (биринчи жумодо ва кейинги жумодо) ойларини ўша вақт қишнинг энг совуқ пайтига тўғри келиб, сувлар ва ерлар музлаб қолганлиги учун шундай номлаганлар. Жумодо сўзи музлаш, қотиш маъносини англатувчи “тажаммада” феълидан олинган. Ойларга ном берилаётган даврда Рамазон ойи ёзнинг жазирамасига тўғри келганлиги боис, унинг номини қаттиқ қизиб, чўғ бўлиш маъносини англатувчи “рамаз(ун)” сўзидан олганлар. Худди шунга ўхшаб, шаъбон ойининг номланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор эди.Ражаб уруғ экиш, Шаъбон уни суғориш ва Рамазон ҳосилни йиғиб олиш ойидир.
Ражаб ойидаги “уруғ экиш” тавба қилиш, ҳаром амаллардан тийилишдир. Шаъбон ойида уни шавқ, муҳаббат ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавотни кўп айтиш ила уларни “суғориш” лозим. Рамазон ойи ана шу ҳосилни йиғиш вақтидир.
Шаъбон ойи Пайғамбаримиз ﷺнинг ойи ҳисобланади. Аллоҳнинг Расули ﷺ Шаъбон ойи кирганда шундай дер эдилар: “Шаъбон йида нафсимизни ислоҳ қилайлик. У ойда яхши ниятлар қилайлик. Чунки Аллоҳ Шаъбон ойини бошқа ойлардан, мени сизлардан устун қилгани каби устун қилган.”
Бу ой ҳақида олимлардан бири бундай деган: “Ражаб ойи баданни, шаъбон ойи қалбни, рамазон ойи эса руҳни тозалайди. Агар ражаб ойида бадан, шаъбон ойида қалб тозаланмаса, рамазон ойида руҳ қандай қилиб тозаланади?”.
Ушбу ой ҳақида Аллоҳнинг Расули ﷺ: “Шаъбон менинг ойим. Ражаб Аллоҳнинг ойи. Рамазон эса умматимнинг ойидир.”
Ислом тарихидаги айрим энг муҳим воқеаларнинг айнан шу ойда юз бериши унинг қадрини янада оширади. Шаъбон ойининг ўрталарида Аллоҳ тарафидан нозил бўлган оят билан қибланинг Байтул Мақдисдан Каъбаи муаззамага ўзгартирилиши, иккинчи ҳижрий сананинг айнан шаъбон ойида мусулмонларга рамазон ойи рўзасини тутишнинг фарз қилиниши шулар жумласидандир.
Бир киши Набий ﷺдан сўради: “Эй Аллоҳнинг Расули, ойларнинг ҳеч бирида шаъбонда рўза тутганингиздек рўза тутганингизни кўрмадим”. Набий ﷺ унга жавобан: “Бу бир ойки, одамлар ундан ғофил қолурлар. У ражаб билан рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар оламлар Раббига кўтарилур. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, дедилар” (Муснаду Аҳмад, “Усома ибн Зайд ҳадислари” боби, 22385-ҳадис).
Ушбу ойда Бароат кечаси бўлиб, унда Аллоҳнинг мағфират ва раҳмат эшиклари мўмин бандалари учун очилгани боис кечага шундай ном берилган.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий ﷺ: “Аллоҳ шаъбоннинг ярмидаги кечада мушрик ва хусуматчидан ташқари барча махлуқотларини мағфират қилади”, дедилар. (Сунани Ибн Можа, “Шаъбоннинг ярмидаги кеча” боби, 1390-ҳадис).
Яна у зот бундай деганлар:
“Шаъбоннинг ярмидаги кечада ибодат қилиб чиқинг, кундузида рўза тутинг. Чунки Аллоҳ қуёш ботганда дунё осмонига тушади ва бундай марҳамат қилади: “Истиғфор айтиб тавба қилган борми, уни мағфират қиламан. Ризқ сўрайдиган борми, унга ризқ бераман. Балога учраган борми, офият бераман. Фалончи қани, пистончи қани?” Бу тонг отгунга қадар шундай давом этади” (Сунани Ибн Можа, “Шаъбоннинг ярмидаги кеча” боби, 1388-ҳадис).
Шаъбон ойида ибодат қилиб, рўза тутиб Пайғамбаримиз ﷺга кўпдан – кўп саловот айтиб ойни жонлантирган бандаларига Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Қаранг, менинг бандаларим Расулимнинг ойига қандай ҳурмат кўрсатаяптилар. Иззатим ҳаққи мен ҳам уларни афв этдим.”
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи
Манбаалар асосида тайёрланди.
