Ҳадисларни Қуръон таълимотлари асосида англаш

Ҳадиси шарифларни тўғри англаб етмоқчи бўлган одам аввало Қуръони Каримни, унинг таълимотларини, турли иршодларини, ҳукмлари ва кўрсатмаларини яхши тушуниб етган бўлиши керак. Чунки, Қуръони Карим Исломнинг руҳи, унинг асосий баёнчиси, илоҳий дастуридир. Исломнинг асосий таълимотлари, қонун-қоидалари Қуръони Каримда баён қилингандир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати мутаҳҳаралари эса асосий дастур бўлмиш Қуръони Каримнинг шарҳи, назарий баёни ва амалий татбиқидан иборатдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифлар доимо Қуръони Карим маъноларига мос келади. Қуръон таълимотларига мос келмайдиган “ҳадис”лар аслида ҳадис эмас, балки ислом душманлари томонидан тўқилиб, “ҳадис” дея тиқиштирилган гап бўлади. Уламоларимиз Қуръони Каримга солиштириш йўли билан кўплаб ҳадис сақланиб юрилган гапларнинг сохталигини фош этганлар.

Агар ҳадис саҳиҳ (ҳақиқий) ҳадис бўлсаю, маъноси Қуръони Карим таълимотларига зид кўринаётган бўлса, унда сиз билан биз уни тўғри тушунмаётган бўламиз. Бундоқ ҳадиснинг нозик нуқталари бўладики, уни мутахассис олимларгина баён қилиб беради.[1]

Ҳадиснинг айтилиш сабаби ва мақсадларини яхши тушуниб етиш: Қуръони Карим оятларини яхши тушуниш учун ўша оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билиш жуда зарурлиги маълум ва машҳур ҳақиқат! Ҳудди шу нарса ҳадиси шарифларга ҳам таълуқлидир. Баъзи ҳадиси шарифларнинг айтилиш сабаблари бор. Ана ўша сабабаларни ўргангандагина ҳадисдан кўзланган мақсадни аниқ англаб етиш мумкин. Шунингдек, баъзи ҳадиси шарифларда маълум бир шахсга, замонга, маконга, шарт-шароитга тегишли муаммолар муолажа қилинган бўлади. Ушбу зикр қилинган ва яна бошқа баъзи зикр қилинмаган сабабларга кўра ҳадиси шарифларни тўғри тушиниш учун етарли илм, дақиқ назар, шариатимиз мақсадларини идрок қилиш, динимиз таълимотларидан тўла хабардорлик зарур бўлди. Ана шундагина ҳадиси шарифларда келган ҳукмларнинг қайси бири умумий, қайси бири маълум шахслар учун хусусий, қайси бири вақтинча, қайси бири доимий, қайси бири жузъий ва қайси бири куллий эканини тушуниб оламиз.[2]

Бир мисол келтирайлик: Имом Абу Довуд ва имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен учун, мушрикларнинг ичида яшайдиган ҳар бир мусулмон бегонадир”-деганлар.[3]

Агар ҳадиси шарифнинг сиртқи маъносига қаралса мусулмон бўлмаган жамиятда битта ҳам мусулмон турмаслиги керак. Агар ким ғайридин жамиятда яшаса мусулмонлиги қолмайди. Чунки, ундай одамни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “менга бегоналар”, демоқдалар. Лекин, қадимдан бундай бўлмаган. Бугунги кунда ҳам кўплаб мусулмонлар бошқа юртларда яшамоқдалар. Уларга ҳеч ким, хатто насиҳат юзасидан ҳам танбеҳ бераётгани йўқ. Баъзи уламоларнинг ўзлари ҳам ғайридин ўлкаларда яшамоқдалар. Бунинг сабаби мазкур ҳадиснинг ҳақиқий маъноси юзаки маъносидан тамомила фарқ қилишидадир. Уламолар мазкур ҳадисни ўрганиб чиқсалар, унинг айтилишича ўша даврдаги аянчли бир воқеа сабаб бўлган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хасъам қабиласи томон бир гуруҳ жангчи саҳобаларни юборибдилар. Улар ўша жойда намозда сажда қилиб турганларида душман кўпларини ўлдириб юборибди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида улар хунининг ярмини беришга буюрибдилар ва: “Мен учун мушриклар ичида яшайдиган ҳар бир мусулмон бегонадир” дебдилар. Бу–ўша мусулмон у ерда ўлдирилса мен учун унинг хунини тўлаш бегонадир, деганлари экан. Чунки, мазкур ҳодисага учраган кишилар хавф-хатарни кўра-билиб туриб, бепорволик қилганлар. Душманга ўзларини ўлдиришга шароит яратиб берганлар. Шунинг учун ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга нисбатан юқоридаги муомалани қилганлар.[4]

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида фитр садақаси Ҳайит куни Бамдод намозидан кейин, Ҳайит намозидан олдин чиқарилар, кўпроқ хурмо ва буғдойдан иборат бўлар эди. Чунки, ўша пайтда Мадинаи Мунавварадаги асосий овқат шулардан иборат эди. Ислом жамияти ҳам кучаймаган, ҳамма гуруҳ бўлиб, бир жойда яшар, бир-бирларини яхши танир эдилар. Бамдоддан кейин фақир-фуқораларни топиб, уларга фитр садақасини беришга улгуриш мумкин эди.

Саҳобаи киромларнинг даврларида Ислом давлати кенгайиб, мусулмонлар сони кўпайди. Шаҳар-қишлоқлар катталашди. Бoмдод намози билан Ҳайит намози орасида фитр садақасини тарқатиш мумкин бўлмай қолди. Шунда саҳобаи киромлар бу ҳолатни тўғри тушуниб фитр садақасини Ҳайитдан бир ёки икки кун олдин берадиган бўлишди.

Кейинроқ эса Ислом бутун дунёга тарқалди. Турли юрт ва эллар мусулмон бўлдилар. Мазҳаббоши имомларимиз барча омилларни ҳисобга олиб баъзилари фитр садақасини рамазон ойининг ярмидан, баъзилари эса аввалидан берса бўлади, деган фатво чиқардилар.[5] Шунингдек, ҳар юртдаги кўп саналган таомдан ёки ўша таомнинг қийматини бериш ҳам мумкинлиги ҳақида фатволар чиқарилди. Демак, ҳадисларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини Бамдод билан Ҳайит намози орасида, буғдой ва хурмодан беришни тайин қилганлари ҳақидаги ривоятга келсак, ҳозирги вақтда Ҳайитдан аввал ёки буғдой ва хурмодан бошқа нарсадан фитр садақа бераётганларни айблаб юришимиз дуруст эмас.

Баъзи бир кишилар ўзларича билағонлик қилиб: “Одамлар ҳаммаси иссиқ сувда таҳорат қилади, ҳолбуки Пайғамбаримиз совуқ сувда таҳорат олганлар”, деб қишда ҳам совуқ сувда таҳорат қилиб, касал ортириб олганлари ҳам бор. Бу ҳам ҳадиснинг сиртини ушлаб, жавҳарини, аслини тушунмасликнинг бир турига киради.

 Алимардон Кароматов 

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

 3-курс талабаси

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Мусталаҳул Ҳадийс Илми” 82-бет

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Мусталаҳул Ҳадийс Илми” 90-бет

[3] “Сунани термизий” 135-ҳадис ва “Сунани Довуд” 3410-ҳадис

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Ҳадис ва Ҳаёт”, 1-жуз, 32-бет

[5] Фатово Ҳиндийя, 3-жуз, 204-бет