Шаъбон ойи
24

﷽
Ҳамд ҳамднинг эгасига бўлсин! Оламларга раҳмат пайғамбарга салом ва саловот бўлсин. Ул зотнинг аҳли оилаларига ва асҳоби икромларига саломлар бўлсин. Уммати муҳаммадияга рамазонни раҳмат ойи, шаъбонни мағфират ойи қилган роббимиз улуғдир.
Дарҳақиқат, Шаъбон ойи муқаддас Ражаб ва Рамазон ойлари орасидаги барокатли бир ойдир. Бу ойда Аллоҳ таоло ўз барокатини ёғдиради. Шаъбон ойи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ойларидир. Аллоҳнинг росули бу ой келганда шундай дер эдилар. Шаъбон ойида нафсимизни ислоҳ қилайлик! Бу ойда яхши ниятлар қилайлик. Аллоҳ шаъбон ойини бошқа ойлардан мени сизлардан устун қилгани каби устун қилган деб айтдилар. Ислом тарихидаги айрим энг муҳим воқеаларнинг шу ойда юз бериши унинг қадрини янада оширган. Шаъбон ойи ўрталарида мусулмонлар қибласи “Байтил мақдис”дан “Каъбайи муаззама”га ўзгартирилди. Рамазон рўзасини тутишлик ҳам айнан шу ойда фарз қилинган. Аллоҳнинг росули бу ой ҳақида “Шаъбон менинг ойимдир, ражаб Аллоҳнинг ойи, рамазон эса умматимнинг ойидир деб айтганлар.” Оиша онамиз “Аллоҳнинг росули Шаъбонда шунчалик маромига етқазиб рўза тутардилар-ки биз ҳатто у киши ҳар доим рўзадор бўлсалар керак дер эдик. Рўза тутмаган пайтларида энди сира рўза тутмасалар керак деб ўйлар эдик. Рамазон ойидан бошқасида шаъбондаги каби рўза тутмас эдилар” деганлар.
Бу ойни муқаддас қилган кунларидан бири шаъбоннинг ўн беши бароат кечаси бўлди. “Бароат” сўзи араб тилида қийинчиликдан ҳалос бўлиш деган маънони билдиради. Бу кечада Аллоҳнинг мағфират ва раҳмат эшиклари мўмин бандалари учун очилади. Барокат ва фазли ёғилади. Муборак кечада Жаброил алайҳис салом Росулуллоҳнинг ҳузурларига келиб “Эй Аллоҳнинг росули Аллоҳ бу кечада қанчадан қанча бандаларни мағфират қилади, баъзиларини эса мағфират етмайди. У кечадаги мағфиратга Аллоҳ, унинг росули ва мўминларни масхара қилганлар, мусулмонлар билан аразлашганлар силайи раҳимни узганлар, кибрли одамлар, ота-онасини норози қилганлар, умрини сарҳушликда(мастликда) ўтказганлар муносиб бўлмагай” — деб айтди.
Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо Росулуллоҳни қуйидаги гапларини ривоят қилганлар: “Албатта Аллоҳ шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади. Калб қабиласи қўйларининг юнги ададидан кўпроқ кимсани мағфират қилади.” Шунинг учун ҳам Росулуллоҳ “Шаъбоннинг ўн бешини рўза билан ўтказинглар, кечасида ибодат қилинг, чунки, Аллоҳ таоло шу кечада истиғфор айтиб тавба қилган борми, унга ризқ бераман, балога учраган борми хотиржамлик бераман дея марҳамат қилади” деб айтганлар.
Бу кечани ибодат ва дуода ўтказишликка шариатимиз чақиради. Росулуллоҳдан бароат кечасида қандай дуо қиламиз деб сўралганда “Эй Аллоҳим розилигинг билан ғазабингдан сенинг улуғ шаънинг билан паноҳ тилайман, сенинг мақтовингни сен ўзингга мақтов айтгандек тамомига етказа олмайман” деб айтганлар.
Уламоларимиз бу кечани нафл ибодат, истиғфор ва дуолар билан ўтказишлик тавсия қиладилар. Бу йил йигирма бешинчи феврали шаъбоннинг ўн бешинчи кунига тўғри келади. Аллоҳ таоло бу кечанинг барокатидан барчамизни насибадор қилсин.
Файзуллайев Солижон
«Хожа Бухорий» ислом таълим муассасаси 2- курс талабаси
