Ўзингни шод тутқил, ғам емакка арзимас дунё

 

                       Ўзни, кўнгул, айш билан тутмоқ керак,

                       Бизни унутқонни унутмоқ керак.

                                                     Айшу тараб гулбуниға сув бериб,
Ғусса ниҳолини қурутмоқ керак.

                      Тийра турур зуҳд дамидин кўнгул,
Ишқ ўти бирла ёрутмоқ керак.

                                                    Ҳар нимаға ғам эма, ғам кўп турур,
Айш била ўзни унутмоқ керак.

                      Қўйма машаққат аро, Бобур, кўнгул,
Ўзни фароғат била тутмоқ керак
.
                                     З.М. Бобур.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг ҳокими Умар Шайх Мирзо оиласида дунёга келди. Бу даврда Марказий Осиё ва Хуросонда турли ҳокимлар, ака-укалар, тоға-жиянлар, амакиваччалар ўртасида ҳокимият — улуғ боболари Амир Темур тузган йирик давлатга эгалик қилиш учун кураш ниҳоят кескинлашган эди.

Бобур ва бобурий шахзоданинг  ҳаёт йўли, беқиёс бунёдкорликлари, давлат бошқарувидаги ислоҳотлари, колаверса, уларнинг инсоний қиёфалари ватандошлари қалбида катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Ҳиндистонда бобурийлар салтанати ўрнатилгандан буён 480 йиллик вакт ўтган бўлса-да, муаррихлар ва маҳаллий халқ, ҳали-ҳануз уларнинг номларини алоҳида эхтиром билан тилга олади. Бобурийлар сулоласи хақида нафақат Шарқ, балки Fapб мамлакатларида, шу жумладан, Буюк Британия ва АКШда унлаб илмий-тарихий ва адабий-бадиий асарлар яратилган. Бу асарларнинг аксарияти бобурий шахзодаларга замондошлари томонидан ёзилган бўлиб, улар 3 та бўлиб, ўтган воқеаларда шахсан иштирок этганлар. Бу асарлар Ҳиндистонда қарийб уч ярим асрга яқин ҳукмронлик қилган бобурийлар сулоласи хакида қимматли маълумотлар беради. Бу сулола ўзининг 332 йиллик тарихи давомида салтанатининг қудрати ва адолатли давлат бошқаруви билан дунё аҳлини ҳайратга солгани ҳамда келажак авлодларга битмас-туганмас маънавий мерос қолдиргани рост. Бу маънавий меросни ўрганиш ва салтанат асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг она-Ватани Ўзбекистонда тарғиб ва тавсиф этиш биз учун ғоят аҳамиятлидир. Зеро, бу сулола ўзга мамлакатда хукмронлик килган бўлса-да, уларнинг қон томирлари туркий қавмга, яъни ўзбекларга келиб туташади ва шу боис уларнинг маънавий мероси бизда миллий ғурур ва ифтихор хиссини уйғотиши табиий ҳолдир.

Диний акидага кўра, мамлакат ҳукмдори Аллоҳнинг ердаги соясидир. Ўша берилган ҳуқуқ ва имтиёзлар Парвардигорнинг ўз суюкли бандасига ҳадя этган инояти ва марҳамати ҳисобланади. Буюк соҳибқирон Амир Темурни бутун жаҳон халқлари ана шундай улуғ мартаба эгаси деб тан олган  айни ҳақиқатдир. “Подшоҳ амри — Худо амри” ёки “Подшоҳ амри вожибдир” каби ибораларни келиб чиқиши ва раиятининг унга итоат этиши боиси ҳам ана шунда. Мамлакат ҳукмдорига бу қадар ҳурмат ва итоатнинг сабаби ҳам ушбу итоатдаги адлия ишларини адолат тамойиллари асосида ташкил эталишида, деб билмоқ, жоиз. Соҳибқироннинг “Куч — адолатдадир” деган шиори ҳам айнан ана шу адолат тамойили маҳсулидир.[1]

Буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, улкан шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мовароуннаҳр тарихида учмас из қолдирган. Афғонистон ва Ҳиндистонда эса бир неча асрга татигулик бурилиш ясаган. Ушбу мамлакатлар халкларининг маданий, ижтимоий ва иктисодий хаётида сезиларли ўзгаришларни амалга оширган. У Хиндистонда “бобурийлар” салтанатига асос солди ва тарқоқ мамлакатнинг сиёсий бирлигини таъминлади. Унинг гуллаб-яшнаши учун асрлар оша ижобий таъсир кўрсатди. Бобуршох ва бобурий шахзодаларнинг ҳаёт йўли, уларнинг беқиёс бунёдкорлик ишлари, давлат бошқарувидаги ислоҳотлари, қолаверса, тарихий шахс сифатидаги қиёфаси ҳануз барчамизда катта қизиқиш уйғотади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ҳам ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. У сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, “Мубаййин” (“Баён этилган”), “Хатги Бобурий”, “Ҳарб иши”, Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Нилуфар Аҳадовна

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

[1] Манбалар асосида тайёрланди.