Экстримизм ва терроризм – жамият бирлигига таҳдид
27

“Айни вақтда дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизмнинг тарқалишига ҳамда уларнинг глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келмоқда. Бундай вазиятда миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти ва хавфсизлигимизни сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ислом динига назар соладиган бўлсак, қадимдан бу дин тинч тотувликка, бир-бири билан ўзаро яхши муомалада бўлишга, сабр тоқатга, бир-бирига яхшилик қилишга, қўшнилар билан яхши муомалада бўлишга, миллати, дини, ирқидан қатъий назар одамларни бир хил кўришга ундаганини доимо гувоҳи бўлиб келмоқдамиз.
Лекин ҳозирги кунда баъзи бир қора кучлар томонидан ислом инсонлар учун ёмон кўрсатилмоқда. Ислом дини ҳақида турли нотўғри фикрлар тарқатилиб, террорчилик каби иллатларни айни пайтда бевосита исломга боғлаб, муборак динимиз ва мусулмонларга нисбатан нафрат ўтини ёқишга ҳаракат қилинмоқда. Буларнинг исботи ўлароқ баъзи бир “саҳна кўринишлари” уюштирилмоқда. Буни хоҳлайдиганлар ва бундан фойда кўрадиганлар бу каби хунрезликларни молиялаштирмоқда. Катта аудиторияларда исломни мусулмонларни ёмонлаш учун инсонлар кўзига ёмон кўрсатилиши учун катта-катта жамоалар турли режаларни ишлаб чиқармоқдалар, мусулмонларни диндан узоқлаштириш учун тун-у кун бош қотирмоқдалар. Оммавий ахборот воситалари газета ва журналларида исломни мусулмонларни ёмонотлиққа чиқарувчи мақола ва рисолалар билан тўлдирмоқдалар. Нима сабабдан улар бу ишларни қилмоқда? Бундан кўзлаган мақсад-у, оладиган манфаатлари нима? Қуйида бу ҳақда тўхталиб ўтамиз.
Уларнинг бу ишларни қилишидан кўзлаган мақсадлари — давлатнинг асосий қатлами бўлмиш ёшларни ақлий, маънавий, руҳий жиҳатдан заифлаштириш ва келажакда бемалол ўз йўлларига кирита оладиган даражада онги паст, манқурт авлодни етиштиришдир. Лекин уларнинг қаршисида тура оладиган ягона куч бу Исломдир. Жамият устуни бўлмиш ёшлар қатламини кичик пайтларидан бошлаб илм олишга, ватанни севишга, доимо унга содиқ бўлишга, ўз аҳли оиласини, юртини кўз қорачиғидек асрашга, одоб-ахлоқли, фаҳм-у фаросатли бўлишга, ҳар доим замон билан ҳамнафас бўлиб яшашга ўргатадиган энг кучли тўсиқ. Мана нима учун улар исломни бунчалар кўп ёмон кўришади. Шунинг учун улар мусулмонларни ёмон кўрсатмоқдалар. Ёшларини онгини ҳар хил ботил эътиқоду, бузғунчи ғоялар билан заҳарлашга ҳаракат қилмоқдалар. Улар шундай тузоқлар қуришмоқдаки, унга одамлар қандай кириб қолганини ва уни қандай қилиб ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолганини сезмай ҳам қолишади. Улардан баъзилари ҳозирги кундаги энг машхур “Тик ток” ва яна шунга ўхшаш платформалардир. Ана ўшалар инсонларни динидан ўзлигидан узоқлаштириш йўли билан, уларни ўз йўлида фойдаланадиган қилиб тайёрлашади. Қайсики давлат илмдан маданиятидан узоқ бўлса, ўша давлатни босиб олиш, талаш ва қул қилиш эҳтимоли юқори болади.
Шунинг учун биз чуқур илм ўрганиб, замон билан ҳамнафас яшашимиз, қаршимизда биз учун тайёрланаётган чохларни кўра билишимиз, ватанимизни оиламизни ёвдан ҳимоя қилишимиз керак. Ҳозирда юртимизда ҳоҳ дунёвий бўлсин, ҳоҳ диний бўлсин илм олишга барча имкониятлар мавжуд. Биз эса бу имкониятлардан тўлақонли фойдаланиб, ҳар тарафлама кучли кадрлар бўлиб етишиб чиқишимиз, юртимизни равнақ топишига, мустақиллигини мустаҳкамлашга, янги Ўзбекистонни пойдеворини мустаҳкамлашга, дунёда ўз ўрнини топишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.
Музафаров Муҳаммадали
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси талабаси
“Ёш илмий тадқиқотчи” жамияти аъзоси
