Аллоҳ – ҳар нарсадан беҳожат бўлган Зот!
24

Қадим замонда бир мўмин билан кофир киши балиқ овлагани боришибди. Кофир бутларининг номини айтиб тўр ташлабди ва тўрига жуда кўп балиқ илинибди. Мўмин киши Аллоҳнинг номини айтиб тўр ташлабди, аммо бирорта ҳам балиқ илинмабди. Кун ботишига яқин биттагина балиқ тушибди. Ўшани ҳам ололмай, сувга тушириб юборибди. Мўмин киши уйига қуп-қуруқ, кофир эса жуда кўп балиқ билан қайтибди. Мўминнинг елкасидаги фаришта унинг ҳолига кўп афсусланибди. Осмонга чиққач, Аллоҳ таоло ўша фариштага мўминнинг жаннатдаги жойини кўрсатибди ва фаришта:
— Аллоҳга қасамки, мўмин киши бу ерга келгандан сўнг дунёдаги қийинчиликлари эсидан чиқиб кетади, — дебди. Кейин Аллоҳ таоло унга кофир балиқчининг дўзаҳдаги жойини кўрсатибди ва фаришта:
— Аллоҳга қасамки, дунёда кўрганлари бу ерга келгандан кейин ҳеч қандай фойда бермайди, — дебди.
Илм ўрганишга йўл олган ёки қайсидир амал ва хизматга йўналган барча инсонлар нафсларини тарбиялашлари ўзлари учун фойдадир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китобида тазкия деб аталмиш нафс тарбиясига жиддий аҳамият беришлари илмларини мустаҳкамлаш ва амалларига қўллашда қоидадир.
Ҳар бир инсоннинг вужудида ўрнашган разил сифатлар борлигини барчамиз билишимиз ҳамда ушбу разил ва паст сифатлардан ўз нафсимизни қутқаришга ҳаракат қилишимиз лозим эканлигини англашимиз биз учун муҳимдир. Ушбу разил ва паст сифатлар барчамизга маълум ва машҳур.
Улар адоват, ман-манлик, ҳасад, мол — дунё ва ҳавойи нафсга бўлган иштиёқдан иборат сифатлардир.
Буларнинг барчасидан қутилиш йўли зикрни кўпайтиришдир. Аллоҳнинг зикрини кўпайтириш инсоннинг икки дунёсини саодатли қилишга олиб борадиган бир мўъжизадир. Қуръон тиловати ҳамда Аллоҳга бўлган илтижони кўпайтириш инсон ҳаётидаги ҳақиқий мўъжизани гувоҳи бўлишига замин яратадиган илоҳий кучдир аслида…
Чунки ёшлар айниқса, ҳозирги даврда машина ва уловларга йўлиқадилар. Уларда бу нарсаларга нисбатан қизиқиш ва рағбат бўлади. Улар оила қуриш, бойлик эгаси бўлиш ҳамда ҳаётлари фаровон бўлишни истайди ва бу йўлда ўзларига режалар тузади.
Айтайликки, улар ўзларига тўғри йўлни танлади. Бунда улар зикрдан ва бажариши лозим бўлган Аллоҳнинг Китобини ўқиш вазифасидан кейин Аллоҳга бўлган илтижони ҳам кўпайтиришлари зарурдир. Яъни, ҳақиқий суратдаги ёлворишни кўпайтиришлари керак. Хусусан кечалари ёлғизликда: “Эй Роббим мени ёлғиз ташлаб қўйма, мени ёлғиз қолдирма, агар ўз ҳолимга ташлаб қўйсанг менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Эй Роббим мени ўз нафсимдан қутқар, мен мана шундай аҳволдаман, ҳолим танг, Сендан бошқа ёлворадиганим йўқ”, дея ожиз қўл билан доим дуоларда бўлиши даркор.
Ана шунда, Аллоҳ таоло унинг туйғу — истакларига эриштиради, гўзал хулқларига етказади. Ва албатта ушбу фазилатларга эришишда унга ёрдам беради, инша Аллоҳ.
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи
