«МУСТАЛАҲУЛ ҲАДИС» илми тарихи
29

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У зотнинг улуғлиги ва поклигига хос ва мос ҳамду санолар ҳамда мақтов ва олқишлар бўлсин!
Оламларнинг сарвари, Набийларнинг афзали Муҳаммад Мустафога мукаммал ва давомли саловоту саломлар бўлсин!
Салафи солиҳдан кейин келган уламолар суннатга риоя қилиш, уни эслаб қолиш борасида жорий этилган қоидаларни аввал ўтган уламолардан яхшилаб қабул қилиб олдилар ва уларни тартибга солдилар, сайқалладилар, жамладилар ва бу борада мустақил китоблар таснийф қилдилар. Мана шу қилган ишларини кейинроқ “Мусталаҳул ҳадис илми” деб атадилар.
Диққат билан кузатувчи шахс ривоят илмининг асосий арконлари, хабарларни нақл қилиш илмининг асослари Қуръони Каримда ва суннати Набавийяда бор эканини мулоҳаза қилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Ҳужурот” сурасида бундай деб буюради:[1]
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا : تعالى قال
“Эй, иймон келтирганлар, агар бир фосиқ хабар келтирса, текшириб кўринг” (6-оят).[2]
Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин мусулмон бандаларига нидо қилиб, бир одам сизга хабар келтирса, уни шундайича олмасдан, текшириб кўринг, демоқда. Хабар қандай хабар, айтаётган одам ким, унга ишонса бўладими ёки йўқми, асоси борми ёки асоссизми? Ана ўшанда Аллоҳнинг амрига юрилган бўлади, хабарлар содиқ ёки содиқ эмаслиги аниқланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай деб марҳамат қиладилар:
صلى الله عليه وسلم : قال وعن عبد الله بن مسعود
«نضر الله امرأ سمع منا شيئا فبلغه كما سمعه فرب مبلغ أوعى من سامع»
وفي رواية » فرب حامل فقه إلى من هو أفقه منه ، ورب حامل فقه ليس
بفقيه »
“Биздан бир нарсани эшитиб, уни худди ўзи эшитганидек бошқаларга етказган одамни Аллоҳ ёрлақасин! Бас, баъзи бир хабар етган одамлар эшитгандан кўра яхшироқ англовчидир”.[3]
Шу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида: “Баъзи бир илмни кўтариб юрувчилар ўзидан кўра фақиҳроқга беради”, яна бошқа ривоятда: “Баъзи фиқҳни кўтариб юрувчиси фақиҳ эмас”, дейилган. [4]
Юқорида зикр қилинган ояти карима ва ҳадиси шарифда хабарни қабул қилиб олишда, собитликни текшириб кўриш ва унга эътибор бериб қараш, уни яхшилаб тушуниш ҳамда бошқаларга нақл қилишда диққатли бўлиш асослари талаб қилинган.
Аллоҳ таолонинг ва Расулининг амрларига бўйсунган ҳолда саҳобалар розияллоҳу анҳум хабарларни нақл қилиш ва қабул қилишда собитликка қаттиқ эътибор берар эдилар. Хусусан, хабарни нақл қилувчи шахснинг ростгўйлигида шубҳа қилиб қолсалар, яна ҳам алоҳида эътиборлироқ бўлар эдилар. Шунга биноан, хабарларни қабул қилиш ёки рад қилиш борасида санадга иноят қилиш, унинг қийматини ўлчаш иши зоҳир бўлди.
Агар санади маълум бўлмаса, хабар қабул қилинмайди. Мана шунга биноан, жарҳ ва таъдийл илми – ровийларнинг жароҳатли ёки адолатли эканини ўрганишга бағишланган илм – юзага чиқди. Шу билан бирга, ровийлар ҳақида гапириш бошланди. Санад узулуксиз келганми ёки узилганми экани ҳақида ҳам гапириладиган бўлди. Шунингдек, махфий иллатлар бўлса, уларни ҳам билишга ҳаракат қилинди.
Охири келиб бу илм пишиб етилди, истилоҳлари ва қоида-қонунлари қарор топди ва ўзидан бошқа илмлардан ажралиб, мустақил илм шаклига келди. Бу нарса ҳижрий тўртинчи асрда юзага чиқди. Шундан бошлаб уламолар мусталаҳ илми ҳақида алоҳида мустақил китоблар ёздилар.[5]
- Бу илмда биринчи бўлиб китоб таснийф қилган зот қози Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Абдурроҳман ибн Холлад Ромаҳурмузий[6] эди. У киши ҳижрий 360-санада вафот этганлар. У кишининг “Мусталаҳул ҳадис” илми бўйича ёзган китобларининг номи эса “Ал-муҳаддисул фосил байнар-ровий вал воъий” деб номланган. Лекин Ромаҳурмузий бу китобида “Мусталаҳул ҳадис”нинг барча баҳсларини қамраб ола билмаган.[7]
- Сўнгра Ҳоким Абу Абдуллоҳ Найсобурий[8] “Маърифату улумул ҳадис” китобини ёзди.[9]
- Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит Хатийб Бағдодий[10] “Кифая фий илмир-ривая” номли китоб ёзган. Бу одам жуда ҳам машҳур олим бўлиб, китоблари ниҳоятда кўп. Имом Хатийб Бағдодий ҳижрий 463-санада вафот этганлар. Мана шу китоб “Мусталаҳул ҳадис” илмида тўлиқ китоб ҳисобланади. Бу китоб “Мусталаҳул ҳадис” илмига доир жуда кўп масалаларни ўз ичига олган, ривоятнинг қоидаларини баён қилган. Шунинг учун ҳам у мана шу илмдаги энг улуғ манбаълардан саналанади.[11]
Манбалар асосида тайёрланди
Алимардон Кароматов
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси
“Ёш илмий тадқиқотчи” аъзоси
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Тафсири Ҳилол
[2] “Ҳужурот” сураси 6-оят
[3] Имом Термизий ривояти, Сунани Термизий 2673 ҳадис
[4] Имом Абу Довуд ривояти, Мишкотул масобиҳ китоби, 1-жуз, 652-ҳадис
[5] Ал-Умм, Имом Шофиий, 73-бет.
[6] У киши 360-ҳижрий йилда вафот этганлар.
[7] Нузҳатун Назар, Имом Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, 54-бет.
[8] У киши ҳижрий 405-санада вафот этган. Лекин, Ҳоким ҳам мазкур китобини яхшилаб, чиройли ҳолатга келтиролмаган, керакли тартибга сола олмаган.
[9] Сияр Аьломин Нубало, Имомуз Заҳабий, 2-жуз, 154-бет.
[10] У киши улуғ олим бўлиб, ҳадис илмининг ҳар бир илмида алоҳида китоб ёзганлар. Ҳофиз Абу Бакр ибн Нукта айтадилар: Илмда инсоф қилган ҳар бир киши билурки, Хатийбул Бағдодийдан кейин келган ҳамма муҳаддислар у кишининг китобидан истефода қилгандурлар.
[11] Дуктур Маҳмуд Тоҳҳан, “Тайсийр Мусталаҳил Ҳадийс”, 13-бет.
