Радикалликка қарши ечим!
25

Радикализм жамиятнинг ўзига ҳам, унинг аъзоларига ҳам жуда катта хавф туғдиради, бу маслак кишини жамиятга қўшила олмайдиган, ташландиқ шахсга айлантиради, одамлар у билан зиддиятга бормаслик учун доимо ўзларини олиб қочадилар. Радикализм ижтимоий ҳаётни издан чиқаради, цивилизацияларни ҳароб қилади, ҳисобсиз қон тўкилишига сабаб бўлади. Мамлакатдаги бундай жирканч турдаги оқимларга ёшларни адашиб кириб кетишини олдини олиш мақсадида бир қанча муаммоларни ечими ўлароқ халқни, жамиятни, давлатни бирдамлик ва жипсликка чақиради. Бунинг учун нима қилиш зарур? Нималарни амалга ошириш керак? Қандай ишларни мақсад қилишимиз лозим?…
Радикализм ва интеллектуал экстремизмга қарши фикрий кураш олиб бориш, улар билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш, саволларига жавоб бериш, ўзаро музокаралар олиб бориш, шунингдек, радикалликка мойил ёшларни соғлом ҳаётга қайтариш учун турли маданий ва таълим марказлари очиш, шариат уламолари ва психолог мутахассислардан ташкил топган марказлар орқали уларнинг саволларига етарлича жавоб бериш, ўзаро мулоқотлар ўтказиб тафаккурларини кенгайтириш лозим.
Ҳар бир инсон бошқалардан яхши гумон қилиши лозим албатта… Фақат салбий томонларинигина кўрадиган, ҳамма нарсадан иллат излайдиган киши бўлмаслик керак. Чунки бу нарса радикал фикрга ва жамиятдан узоқлашишга олиб боради. Шунингдек бировни кофир дейиш Аллоҳ ва Расулининг ҳаққи бўлиб, унинг маъноси нима эканини илмда мустаҳкам олимларгина шарҳлаб бера олишларини, бу ишда тилни узун қилишдан ўта эҳтиёт бўлиш лозимлигини ҳар бир инсон яхшилаб тушуниб олиши зарур.
Бекорчи ёшлар вақтларини мазмунли ўтказишлари учун янги иш ўринлари яратиш, турли экскурсиялар, хайрия тадбирлари ташкил этиш, одамлар орасида ўзаро тенглик ва адолат ғояларини кенг тарғиб қилиш, бузуқчилик ва зулмга қарши курашиш керак. Чунки зулм ва адолатсизлик жимиятда радикалликни оширади, адоват уруғини экади, радикализмдан қутулмоқчи бўлган жамият аввало уни келтириб чиқараётган сабабларини даф қилиши лозим.
Ота-оналар фарзандларига кўпроқ эътибор қаратишлари, уларни руҳан ёлғизлатиб қўймасликлари лозим. Чунки бу нарса ёмонликнинг энг биринчи уруғи ҳисобланиб, келажакда боланинг ўзига ҳам, оиласи ва жамиятга ҳам зарарли ҳолатларни юзага келтириши мумкин. Уларга тўғри иймоний тарбия бериш, васатийлик, мўтаъдилликни англатиш, Қуръони карим ва суннати набавия манҳажини таълим бериш, айниқса, солиҳ ва доно кишилар суҳбатига кўпроқ жалб қилиш зарур. Чунки ёшлар тарбиясига суҳбатдошларнинг таъсири жуда катта, эътибор берилмаса, улар фикри бузуқ бирор киши билан илакишиб қолиб, унинг бузуқ ғояларига осонгина ўлжа бўлиши мумкин.
Радикализм ва интеллектуал экстремизм муаммоларини ҳал қилиш ва уларга қарши кураш мақсадида соғлом фикрли, дунёқараши кенг, ўз соҳасида етук мутахассис бўлган олимлар иштирокида турли тренинглар ўтказиш, бу тренингларда кўпчилик инсонлар аниқ жавобини билмайдиган масалаларга жавоб бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, инсон бир нарсани билмаслиги туфайли маъзур ҳисобланадими, муайян кишини кофирга чиқариш мумкинми, кофир деб эълон қилишга тўсқинлик қиладиган нарсалар нима, кишини исломдан чиқарадиган нарсалар, ушбу бобга оид терминлар ўзи нима маънони англатади, каби масалаларда кўпроқ тушунча берилса, нур устига аъло нур бўларди.
Барчанинг олдига қўйилган бош мақсад тинчликни таъминлаш бўлиши лозим. Тинчликка рахна солиш ер юзида фасод тарқатиш ва шариат ҳамда дин муҳофаза қилишни буюрган бешта зарурий нарсага қарши чиқиш ҳисобланади. Шариат ҳукмлари бешта нарсани муҳофаза қилиш мақсадида жорий қилинган: дин, жон, мол, обрў ва ақл. Бу беш зарурий нарсани фақат тинчлик ва хотиржамликни таъминлаш орқалигина муҳофаза қилиш мумкин.
“Ассалому алайкум” икки киши бир бирига йўлиққанда айтиладиган исломнинг биринчи калимаси ҳисобланади. У меҳр-муҳаббат аломати, мурувват кафолати, кўнгил калитидир. Ислом бутун оламда тинчликни таъминлаш, башариятни муҳофаза қилиш ва ҳақиқий тамаддун яратиш, инсонларнинг жонларию молларини сақлаш учун келган дин. Аллоҳ таоло айтади: “Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик”. (Анбиё сураси, 107-оят)
Расулуллоҳ ﷺнинг даврларида учта йигит динда ғайрат кўрсатиб, қаттиқ бел боғлаб ибодат қилишга киришдилар, вақтларининг деярли ҳаммасини Аллоҳнинг тоатида ўтказишга интилдилар, улардан бири ҳар куни кечаси билан ухламай ибодат билан машғул бўлиб чиқаман, деб қасам ичди, иккинчиси бир умр рўза тутишга қасам ичди, учинчиси эса умрининг охиригача уйланмай, бутун умрини ибодатга бахшида қилишга қасам ичди. Дунёга раҳмат бўлиб келган, бағрикенглик ва мўътадил динни олиб келган Расулуллоҳ ﷺ уларнинг бу гап сўзларидан хабар топиб, ҳузурларига чақирдилар ва уларга: “Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга ўйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Шунинг учун, ўзни англаган инсон, динда ҳаддан ошмайди, шариатга қўшимча киритишга ҳаракат қилмайди, суннатдан ташқарига чиқмайди, осон динга ўзидан нималардир қўшишга ўринмайди. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Ва сени осон йўлга муяссар қиламиз”. (Аъла сураси, 8-оят)
Манбалар асосида тайёрланди.
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи
