ИХЛОС — ИСЛОМ ДИНИНИНГ АСЛ МОҲИЯТИ

31

Барчамизга маълумки, ихлос Ислом динининг асл моҳиятидирки, ҳар бир яхши амал унинг устига барпо килинади. Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Қиёматгача келадиган барча одамзот сўз ва амалда ихлос килишга буюрилгандир. Ким ихлосни маҳкам ушласа — нажот топади. Ким уни зое қилса — ҳалокатга юз тутади. Зеро, амалнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади.

Бандани қилаётган амалларида холис бўлишлигига Аллоҳ таоло буюриб шундай дейди:

“Бас, сен Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт. Огоҳ бўлингким ҳолис дин Аллоҳникидир!” (Зумар 2 – 3 оятлар)

Аллоҳнинг динига ихлос қилиш фақат Аллоҳ таолонинг ўзини кўзлаб, розилигини ўйлаб иш қилишдан иборатдир.

Яна бошқа ояти каримада Аллоҳ Таъоло биздан аввал ўтган қавмларни хам ихлосга буюрганини эслатиб, шундай деди:

«…Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис тутган ва тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни барпо қилишга ҳамда закотни ато этишга буюрилган эдилар«. («Баййина» сураси 5-оят)

Ўзини Аллоҳга ихлос билан таслим килган мўминнинг дини энг гўзал дин эканини таърифлаб, яна бундай деди:

«Мухсин (мухлис) бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган кишидан ҳам кўра дини гўзалроқ ким бор?» («Нисо» сураси 125-оят)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят килинади. У зот: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагиларни эшитганман», дейдилар:

«Аллоҳ таборака ва таъоло айтди: «Мен шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани шерик қилса, Мен уни шерик қилган нарсаси билан бирга ташлаб қўюрман». (Имом Муслим ривояти)

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Ким Аллоҳнинг юзини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, Қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди». (Имом Довуд ривояти)

Аллоҳ таъоло амалларни ҳолислик билан қиладиган бандаларига — гарчи уларнинг амаллари четдан қараганда арзимас ва оз бўлиб кўринса ҳам — ажр-мукофотни катта қилиб беради. Шунингдек, Аллоҳ уларнинг — гарчи хатолари зоҳиридан катта ва йирик бўлиб кўринсада — гуноҳларини кечиради.

Шундай қилиб, бир амалнинг бошқа амалдан афзаллиги унинг катта ёки кичиклигига қараб эмас, балки шу амал соҳибининг қалбида сақланадиган иймон ва ихлоснинг қай даражада эканига қараб белгиланар экан. Зеро, амал суратдир, ихлос эса унинг руҳидир. Одамзот руҳи билан тирик саналганидек, амал ҳам ихлоси билан тирикдир. Шайх Дувайш айтадилар: «Агар амалларда ихлос қилмасанг, ўзингни чарчатиб ўтирма. Ихлос дарахтининг илдизи мустаҳкамдир, риё дарахтининг илдизи эса қўпориб ташлангандир». Дарҳақиқат, агар дарахтнинг илдизи мустаҳкам бўлса, унинг танаси қанчалик кесилиб-қиркилиб ташланмасин, барибир ўсишда, ривожланишда давом этаверади ва агар унинг илдизи қўпориб ташланган бўлса, унда унинг тезда кўришини кутавер!

  Алимардон Кароматов                                            

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

«Ёш илмий тадқиқотчи» жамияти аъзоси