РАДИКАЛЛИК (Экстремизм ёки мутассиблик)

62

 Бугунги кунда ёшлар онгида “экстремизм”, “терроризм”, “мутаассиблик”, “оқимлар” ва улар қаторида “радикаллик” деган тушунча ҳам жуда тез сингиб бормоқда. Радикализм киши сўз ва амалларида мўътадилликдан оғиб, ҳақиқатдан узоқ бўлган “нодир” фикрлар ортидан эргашиш бўлиб, динда ғулувга кетишнинг бир кўриниши ҳисобланади. Радикализм қадим замонлардан мавжуд, у қайсидир динга хос бўлмай, балки тарихда ўтган барча динларда мўътадилликдан чиққан радикал тоифалар бўлган. Бу маслак Европада ҳам мавжуд бўлган, насроний дини негизига кириб борган, шунингдек, ислом жамиятлари ҳам радикализмнинг заҳарли нишларидан кўп озор чеккан. Ушбу даҳшатли вабо ҳар куни ўз домига тушган қанчадан-қанча мусулмон ёшларнинг қони тўкилишига, ақллари исроф бўлишига, ёшликдаги умрларини илм олиб, ҳаётларини гуллаб яшнатиш ўрнига  пушаймонлик ботқоғига ботишига сабаб бўлмоқда… Уларнинг қанчадан-қанчаси бора-бора террор йўлига ўтиб, гулдек ҳаётларини барбод қилиб яна сон-саноқсиз кишиларнинг ўлимига, шаҳарларнинг вайрон бўлишига, ҳисобсиз оилаларнинг йўқолиб кетишига, бегуноҳ гўдакларнинг қонларини оқизишга, аёллар ва болаларнинг ваҳшийларча ўлимига сабабчи бўлмоқда… Бу иллат дин, миллат ёки ирқ танламайди, балки у Ер юзининг исталган нуқтасида, исталган миллатда топилади. Радикализм жамиятнинг ўзига ҳам, унинг аъзоларига ҳам жуда катта хавф туғдиради, бу маслак кишини жамиятга қўшила олмайдиган, ташландиқ шахсга айлантиради, одамлар у билан зиддиятга бормаслик учун доимо ўзларини олиб қочадилар. Радикализм ижтимоий ҳаётни издан чиқаради, цивилизацияларни ҳароб қилади, ҳисобсиз қон тўкилишига сабаб бўлади.

Мамлакатлардаги ҳар бир ташкилот, ҳар бир муассаса, ОАВларида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиши лозим. Бу эса соф шаръий илмларни кенгроқ ёйиш, таълим бериш ва бу борадаги китобларни кўпайтириш бўлади. Бу радикализм, экстремизам, мутаассибликка қарши курашнинг энг оқилона усулидир. Кишиларга исломни мўътадил дин эканини, бағрикенг дин эканини англатиш, уларни ислом ҳақида кўпроқ тушунчага эга бўлишига тарғиб қилиш зарурдир. Яхши таълим тарбия кишини маданиятли, маърифатли, оқил, яхши-ёмонни ажрата оладиган, ҳаддан ошиш ва бепарволик нима эканини англайдиган шахс бўлиб етишишига хизмат қилади. Бугунги айни замонамиз учун ҳаводек зарур бўлган илмли инсонларни илмини ҳорлаб эмас, ёшларимиз учун манфаатли бўлган илмларини тўсиқларсиз етказишга кўникма ҳосил қилдиришга муҳтожмиз. Йиғинларни ўтказаётган отинойиларни илмсизларини эмас, балки ислом динини оят ва ҳадислар асосида илмни бузмасдан, уни “исроф” қилмасдан тўғри қилиб тушунтиришлари лозимлиги, ўзларича “фатво” бермасдан, балки муаммоли масалаларни ечишда фатво берадиган дин ташкилотларига мурожаат қилиш йўлларини кўрсатишлари лозимдир.  Шаръий масалаларда фатвони шаръий далиллар асосида жавоб берадиган мутахассис олимларгагина беришлари лозим. Ҳеч қандай манбаага асосланмай, ҳалол ҳаромга оид масалаларга ўнгга, чапга қарамай фатво берадиганларга қаттиқ чоралар кўриш лозим. Инсонларни диний масалаларда шариат олимларигина мурожаат қилишга тарғиб қилиш зарур.

Оммавий ахборот воситалари ва алоқа воситаларини китоб ва суннат асосидаги васатийликни ёйишга сафарбар этиш, радикализм, мутаассибликка қарши хужжат ва далиллар билан раддиялар бериш, ёш авлодни радикалликнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирадиган тарбиявий, интеллектуал лойиҳаларни кўпайтириш, таълим муаасасалари, мактаб, коллеж, университетларда киши тафаккурини ўстирадиган фанларни ҳам ўқитиш, радикализмнинг сабаб ва оқибатларини тушунтириш, Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расулининг суннатлари асосидаги бағрикенглик ва мурувватли бўлиш маданиятини тарғиб қилиш даркордир.

Барча ишда Расулуллоҳ ﷺнинг манҳажлари ва суннатларини маҳкам ушлаш зарур. Чунки бу манҳаж ҳаддан ошиш ва бепарволик ўртасидаги мўътадил маслакдир. Аллоҳ таоло айтади: “Шунингдек, сизларни васат (ўрта, мўътадил) уммат қилдик”. (Бақара сураси, 143 оят)

Расулуллоҳ ﷺ бундай марҳамат қилганлар: “Эй инсонлар, динда ғулувга кетишдан, ҳаддан ошишдан ҳазир бўлинг, чунки сиздан аввалги умматларни динда ғулувга кетиш ҳалок қилган”. (Имом Насоий ривояти)

(давоми бор…)

Манбаалар асосида тайёрланди.

Нилуфар Аҳадовна

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассаси

“Ўқув услубий” бўлим бошлиғи