ИЛМ ВА УЛАМОЛАР ФАЗЛИ – ИЛМНИНГ ТАРАҚҚИЁТ ВОСИТАСИ ЭКАНЛИГИ
27

“Илм” сўзи луғатда бир нарсани воқеъликдагидек идрок этишни билдиради.
Шаръий истилоҳда эса, маънавий ишларда нарсаларни тескариси йўқ даражада аниқ билиш сифатига “илм” дейилади.
Ислом диничалик илмни улуғлаган дин ёки фалсафа йўқ. Ҳар бир шахсга илм талаб этишни фарз қилиш фақат Ислом динида бор, холос.
Мусулмонлар ўз ҳаётларида Қуръон ва Суннат таълимотларига амал қилиб яшаган пайтларида илм нурини бутун оламга тарқатганлар.
Ана ўша ҳамма бутунлигича ислом шариати бўйича ҳаёт кечирган вақтда Ислом нуридан баҳраманд бўлган ҳар бир ўлкада илм-фан, маърифат ва маданият гуллаб-яшнаган. Илмнинг ҳар бир соҳасида оламшумул кашфиётлар қилинган, улкан уламолар етишиб чиққан.
Ким Исломнинг илмга муносабатини билмоқчи бўлса дин душманларининг бўҳтонларини бир тарафга йиғиштириб қўйсину Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдан илмга тегишли оят ва ҳадисларни ўргансин.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, деганларини эшитдим, деган эканлар”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Ҳадиси шарифда олим кишига осмондаги ва ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиши таъкидланмоқда.
Диний олим Ислом таълимотларини кишиларга етказиш орқали кўп яхшиликларни амалга оширади. Ундан ва у тарғиб қилган яхшиликлардан ҳамма фойда топади. Чунки Ислом таълимотлари бутун мавжудотлар учун кони фойдадир. Шунинг учун ҳам ҳамма мусулмон олимнинг ҳаққига яхшиликлар тилаб, Аллоҳ таолога дуолар қилади. Унга доимо яхшилик етиши тарафдори бўлади.
Олимлар кишиларни Исломга чақириш билан уларни икки дунё саодатига чақиришади. Бу дунёнинг фаровон турмушига, охиратнинг жаннати маъвосига даъват этишади. Шунинг учун ҳам олимлар ҳар қанча ҳурматга, эъзозга сазовордирлар. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, пайғамбарларнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир фақиҳ шайтон учун минг обиддан ҳам ашаддийроқ (душман)дир”, дедилар”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида диний илмлар олимининг фазли қанчалар улуғ эканини баён қилмоқдалар. Ушбу фазлни яна ҳам равшанроқ кўрсатиш учун диний илмлар олимини обид кишига солиштириб баён қилмоқдалар. Обид – ўзини ибодатга бағишлаган одам. Қўшимча ибодатларга кўп аҳамият берувчи, кўп вақтини нафл ибодатларга бағишлаган киши. Шубҳасиз, бундай одам фазилатли бўлади. Кўпчилик уни ибодатли бўлгани учун ҳам ҳурмат қилади.
Аммо олимга солиштирганда мингта обиднинг фазли ҳам битта олимнинг фазлига тўғри келмас экан. Нима учун? Чунки обид сифатига эга бўлган инсон илмдан унчалик хабардор бўлмайди, бўлса ҳам фақат ўзи учунгина ишлатади. Кўпинча ибодатли кишиларга илм етишмаса, шайтон васвасасига учиб, йўлдан озишлар ҳам содир бўлиб туради. Шунинг учун ҳам обид киши шайтонга унчалик қаршилик кўрсатолмайди. Тўғрироғи, шайтоннинг ишларига қарши туролмайди.
Олим киши эса, Аллоҳ таоло берган илм ёрдамида шайтоннинг барча макр-ҳийлаларидан хабардор ва уларга қарши кўриладиган тадбир-чораларни яхши билади. Шайтон қаерда одамларни иғвога солса, уларни тўғри йўлдан адаштирмоқчи бўлса, олим ўша ерда пайдо бўлади ва шайтоннинг иғвосига қарши зарур чораларни кўради.
Шунинг учун бир олим шайтон учун минг нафар обиддан кўра ашаддийроқ душман ҳисобланади.
Исломда шунинг учун ҳам диний илм олимлари юқори қадрланадилар. Олим бор жойда кишиларнинг шайтон васвасасига учиши оз бўлиши тарихий тажрибада кўрилган ҳақиқатдир. Қайси бир жамиятда кераклигича диний олим бўлса, ўша жамиятда шайтоннинг васвасаси оз бўлади. Олимлар ваъз-насиҳат, дарсу иршодлари билан халқни шайтонга малай бўлишдан қайтариб, Аллоҳнинг йўлига солиб турадилар. Уламолари йўқ ёки кам жойларда эса, халқ оммаси шайтонга малай бўлиб қоладилар.
Шунинг учун ҳам орамиздан кўпроқ етук диний олимлар чиқиши учун ҳаракат қилмоғимиз лозим. Бор уламоларни эса жамият учун, эл-юрт учун зарур кишилар сифатида тақдирлашимиз лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсасидек, мўмин уни қаерда топса ҳам ҳақлироқдир”, деганлар.
Бошқа бир ривоятда: “Ким талаби илм қилса, ўтган нарсаларга каффорат бўлур”, дейилган.
Ҳадиси шарифдаги “ҳикматли калима”дан мурод фойдали илмдир. Ўша ҳикмат бир калима бўлса ҳам мўмин киши уни олишга уриниши лозим.
Бу ҳадиси шарифда мўмин инсон илмга доимо талабгор бўлиши, қаердан топса ҳам уни олишга ҳаракат этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ақида ва дин илмларидан бошқа илмларни ғайридинлардан ҳам олиш мумкинлигини қаттиқ тайинлайдилар.
Мусулмон инсон ўз ақидасини ва динини маҳкам тутган ҳолида ўзи учун, жамият ва эл-юрти учун фойдали илмларни ғайридин кишилардан, ғайридин юртларда ҳам олиши мумкин. Илмни қаердан олишнинг фарқи йўқ. Албатта, мусулмон юртида, мусулмон кишилардан илм олиш яхши. Аммо мусулмонлар учун, эл-юрт учун керакли илмни ғайридиндан олмайман, деб ўрганмай юриш мутлақо нотўғри экани ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибди.
Бизда кўплаб муҳим соҳалар илмга рағбатсизлигимиз оқибатида ўзгаларга топширилиб қўйилган. Баъзи бир илмга уринганларимиз эса, диндан бехабар бўлганларидан, кимнинг олдида илм ўрганган бўлсалар, ўшанинг эътиқоди, урф-одати ва ҳаёт тарзидан таъсирланиб, ўшалар измига тушиб қолганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир калима илмни ҳам худди йўқотган нарсамизни қидириб юргандек излашимизни амр қилган бўлсалар ҳам, бизда умуман илмга қизиқиш йўқ. Бутун бошли илмлар бўйича етарли мутахассисларга эга эмасмиз.
Тараққиётдан орқада қолишимизнинг сабаби ҳам шунда!
Ҳамма ўз динидан узоқлашган ҳозирги пайтда мусулмонларнинг тараққиётдан орқада қолгани ва бошқаларнинг илғор бўлиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Инсоф билан айтганда, дин маҳкам тутилганда мусулмонлар илғор, бошқалар қолоқ бўлган эди, диндан узоқлашганда мусулмонлар қолоқ, бошқалар илғор бўлди.
Мантиқан қараганда илм соҳасидаги қолоқлигимиз бошқалардан кўра илмга кўпроқ уринишимиз лозимлигини тақозо қилади. Воқеъликда эса, бунинг тескариси бўлмоқда. Бошқа тараққий этган халқлар йил сайин, ой сайин илмга кўпроқ маблағ сарфлаб, илмдан яна ҳам кўпроқ фойда олишга уринаётган бир пайтда биз мусулмонлар бефойда нарсаларга керагидан ортиқ маблағ ва куч сарфлаб, илмга эса керакли нарсани ҳам ажратмаяпмиз.
Ислом юртларида илмий савияни ўқув юртларининг сони ва номига, талабаларнинг ададига қараб ўлчаш одат бўлиб қолмоқда. Бу эса ожизлик аломатидир. “Бизда фалонча дорулфунун бор, аҳолининг фалон фоизи талаба”, дейиш билан нима фойда топилади?
Аслида эса, илмнинг савияси унинг жамиятга келтираётган фойдасига қараб белгиланади. Бошқалар ҳар бир илмдан инсон учун, инсоннинг яхши яшаши учун фойда олиш билан банд бўлиб турган бир пайтда биз саводхонликни илм, деб юрибмиз.
Агар биз ҳақиқий тараққиётга эришмоқчи, дунёнинг пешқадам халқлари сафига қўшилмоқчи бўлсак, илмга муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида тамоман ўзгартиришимиз лозим.
Ҳар бир мусулмон илмга муносабатини Ислом таълимотига мувофиқ қилиши керак. Ҳар ким ўзига керак нарсанинг илмини талаб қила билиши лозим. Ҳар бир соҳада ўз эҳтиёжимизни қондирадиган олимлар тайёрлашимиз зиммамизга фарзи кифоя. Аксинча бўлса, ҳаммамиз баробар гуноҳкор бўламиз.
Дулабов Абдурашид
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
“Ёш илмий тадқиқод” жамияти аъзоси
