Саломлашиш ҳақида
71

Халқимиз азалдан жуда кўп қадрятларга бой. Уйқудан туришдан бошлаб, то кеч киргунча бўлган ҳар бир вақтда биз бу қадрятлар билан бирга яшаймиз. Одоб-ахлоқ қоидалари асосида ҳаёт кечирамиз. Бу бизнинг қон-қонимизгача сингиб кетган, ҳаётни ажралмас қисмига айланган. Масалан, уйқудан туриб юз-қўлни ювмасдан бошқалар билан сўзлашмаслик ва овқатланмаслик, барча оила аъзоларидан ҳол-аҳвол сўраш, биргаликда овқатланиш, ота-онани эъзозлаш, кўп салом бериш ва касални зиёрат қилиш… Буларнинг барчаси муқаддас динимиз кўрсатмаси асосида шаклланган ва доимий амал қилиш натижасида қадрятга айланган. Булар орасида саломлашиш ўзига хос аҳамият касб этади. Барча хонадонда фарзанд ёшлигидан эрталаб ҳамма оила азоларига салом бериб ҳол-аҳвол сўраш кераклиги, агар кўчага чиқса йўлиққан кишисига салом бериши, салом берса савоб бўлиши ва яна шу каби кўп гапларни эшитиб катта бўлади.
Саломлашишда катта фазилат бор. Салом бериш билан инсонлар бир-бирларига саломатлик, соғлик, Аллоҳнинг раҳмат ва барокатини тилашади. Ҳатто нотаниш киши билан ҳам саломлашиш орқали танишиб, яқин бўлиб олиш мумкин. Бир-биридан хафа бўлган кишилар, ўзаро тортишиб қолганлар, гина сақлаётган кишиларга салом беришлик билан бу ҳолатлардан чиройли тарзда ҳалос бўлиш мумкин.
Муқаддас динимиз исломда ҳам саломлашишга, саломни кўпайтиришга, ёйишга буюрилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нур сурасида шундай деб марҳамат қилади:
“…Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир—бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!) Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур”.
Саломлашиш борасида Пайғамбар алайҳиссаломдан жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Биз шу ўринда уларнинг айримларини келтириб ўтиш билан чекланамиз.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: لِيْ يَا بُنَيَّ إِذَا دَخَلْتَ عَلَى أَهْلِكَ فَسَلِّمْ يَكُنْ بَرَكَةً عَلَيْكَ وَ عَلَى أَهْلِ بَيْتِكَ. رَوَاهُ الْإمَامُ التِّرْمِذِي
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй ўғлим, қачонки уйингга кириб борсанг, аҳли оилангга салом бериб киргин. Шунда сенга ҳам аҳли оилангга ҳам барака бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмассиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунча, мўмин бўлмассиз. Сизни агар (амал) қилсангиз, бир-бирингизни яхши кўргизадиган ишга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг тарқатинг”, дедилар”. (Абу Довуд, Термизий ва Муслим ривоят қилганлар).
Саломни юқорида айтиб ўтканимиздан ҳам кўп фойдалари бор эканлигини бу оят-у ҳадислардан билиб олдик. Саломлашиш инсонлар учун Аллоҳ таолонинг улкан неъматидир. Саломни кўп айтиладиган жойда Аллоҳнинг раҳмати ёғилар эканки, барчамиз саломни кўпайтиришимиз керак. Зеро, салом сўзи Аллоҳ талонинг муборак исмларидан биридир.
Музаффаров Муҳаммадалихон
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
“Ёш илмий тадқиқодчи” жамияти аъзоси
