Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Убайдуллоҳ Маҳбубий Бухорий 

95

Убайдуллоҳ ибн Масъудни Садру-ш-шариъати-л-асғар (кичик Садру-ш-шарияъ) деб ҳам аташган. “Шарҳу-л-виқоя” соҳибидир. Доктор Абу Ҳожж Салоҳ Муҳаммад „Шарҳу-л-виқоя“га ёзган шарҳининг муқаддимасида алломанинг насаби ҳақида:

“Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Умар” деб, унинг бобосини Маҳмуд эмас, балки Умар эканлигини таъкидлаб келтиради. Бухоролик ўнлаб атоқли фақиҳлар (ҳуқуқшунос олимлар) орасида, Садру-ш-шариъалар оиласи ўзларига хос мавқега эга бўлиб, ислом ҳуқуқшунослигида мумтоз ўрин тутган ҳанафий мазҳабининг йирик намояндалари сифатида хизмат қилди. Садру-ш-шарияъ Аҳмад ибн Жамолуддин Убайдулло Маҳбубий Бухорий, XIII асрда яшаб ижод этган ва муҳим фиқҳий асарлар, жумладан, „Ал-ҳидоя“га ёзилган шарҳлардан бирининг муаллифи сифатида танилган.

Унинг ўғли Тожу-ш-шарияъ лақаби билан шуҳрат қозонган Маҳмуд ибн Садру-ш-шарияъ ҳам ўз отаси сингари, ажойиб ҳуқуқшунос олим бўлиб, ҳанафийлар фиқҳи соҳасида ўзидан унутилмас илмий асарлар қолдирди. Тожу-ш-шарияъ, ўз невараси Садру-ш-шарияъти-с-соний (иккинчи ёки кичик Садру-ш-шарияъ)ни ислом ҳуқуқи бўйича яхши тарбиялаб, фиқҳий масалаларни унинг миясига сингдириш мақсадида Бурҳониддин Марғинонийнинг шоҳ асари бўлмиш „Ал-ҳидоя“нинг энг асосий масалаларини қисқартириб олиб, бир китобда ижодий шаклда жамлаб, уни „Виқояту-р-ривоя фи масоили-л-ҳидоя“ (“Ҳидоя масалаларида ривоятларни сақлаш”) деб атайди. Асар „Ал-ҳидоя“нинг энг яхши ва қулай қисқартмаси сифатида катта эътибор қозониб, асрлар давомида ўқилиб, шарҳланиб келган ва уни изоҳлаш учун ҳошиялар ёзилган. Тожу-ш-шарияънинг невараси Убайдуллоҳ ибн Масъуд бу оиланинг фахри ва ҳанафийлар фиқҳининг порлоқ юлдузи ҳисобланади. Убайдуллоҳ ибн Масъуд бобоси тарбиясида камол топиб, шарқ ҳикмати (фалсафаси), калом илми ва табиатга оид фанларни ўзлаштириб, фиқҳ илмида буюк аллома сифатида танилди ва ҳанафий мазҳабининг атоқли ва сермаҳсул олимларидан бири бўлиб ижод қилди. Убайдуллоҳ ибн Масъуд аждодларидан қолган илмий асарларни жамлаб, нафис ёдгорликларни тўплаш билан шуғулланиб келди ва бобоси ёзган “Виқояту-р-ривоя”ни араб тилида шарҳлаб, уни “Шарҳу-л-виқоя” деб атади. Бу китоб энг яхши ва тўлиқ шарҳ ҳисобланади.

Шундан кейин баъзи ўқувчиларнинг “Виқояту-р-ривоя” китобини ўзлаштириб олишга қурби етмаётганлигини сезиб, ундаги энг зарурий масалаларни танлаб олиб, уни “Ан-нуқоя” (“Қисқача баён”) ёки “Мухтасару-л-виқоя” деб атади. Асарнинг муқаддимасига муаллиф шундай деб ёзади: «Бобом Маҳмуд ибн Садру-ш-шарияъ менинг фиқҳ илмини яхши ўрганишим у-н “Виқояту-р-ривоя фи масоили-л-ҳидоя” китобини тузди. Бу китобдек сўзлари мўъжаз, мазмуни аниқ ва тўла иккинчи бир китобни замон аҳли кўрган эмас. Мен баъзи бир толиблар ҳиммати бу китобни ўрганиб ўзлаштиришга қодир эмаслигини сезиб, зарурий масалаларни танлаб олиб, ушбу “Мухтасар” (“Қисқартирилган китоб”)ни ёздим. Ҳар ким “Ал-ҳидоя”да келтирилган масалаларни ўрганиб, ўз хотирасида сақламоқчи бўлса, „Виқоя“ (бобом таълиф этган китоб)ни ўрганиб олишга урингай. Шошилиб турган, вақти оз бўлган киши мен таълиф этган бу “Мухтасар” (“Мухтасару-л-виқоя”)ни ўрганишга таважжуҳ қилгай”. Шунингдек, Садру-ш-шарияъ иккинчи усулу-л-­фиқҳ бўйича “Ат-танқийҳ” (“Сўзни покизалаш, бир хос мавзуга тааллуқли ҳукмни умумийлаштириш”) номли асар ёзди, сўнгра уни бир чиройли шаклда шарҳлаб “Ат-тавзийҳ” деб атади.

Ушбу китоб усул илми бўйича шофеъий ва ҳанафий йўналишларини бирлаштириб ёзилган муҳим асар бўлиб, йирик олимлар томонидан шарҳланган “Ал-муқаддимоту-л-арбаъа” (“Тўртта муқа­ддима”), “Таъдийлу-л-улум ва-ш-шурут…” номли асарлар ҳам катта эътибор ва шуҳрат касб этиб келган. Хайруддин Зириклий берган маълумотга кўра, “Маъоний” (“Адабиётга оид фанлар”) соҳасида “Ал-вишоҳ” (“Бўйинга тақиладиган безак”) номли китоб ҳам Убайдуллоҳ ибн Масъуд қаламига мансубдир. Садру-ш-шариъа ва унинг барча аждодлари илму фан арбоблари сифатида кўп ҳурмат ва иззат билан яшаганлар. Ҳиндистонлик машҳур олим Абдулҳай Лакнавийнинг ёзишича, Саййид Аҳмад Таҳовийнинг шогирди Мавло Абдулмўмин Димётий “Таолийқу-л-анвор ало дурри-л-мухтор” (“Дурру-л-мухтор китобига ёрқин ҳошиялар”) номли асарида Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг насабини Пайғамбар ﷺнинг машҳур саҳобаларидан бири бўлмиш Ибода ибн Сомитга боғлайди.

У, жумладан, бундай деб ёзади: «Устозимиз Саййид Муртазо Ҳусайн силсиласида кўрдимки, Садру-ш-шарияънинг насабини қуйидагидек зикр этган: Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тожу-ш-шарияъ Маҳмуд ибн буюк Садру-ш-шарияъ Аҳмад ибн Жамолуддин Абдулмакорим Убайдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Аҳмад ибн Абдулмалик ибн Умар ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳбуб ибн Валид ибн Убода ибн Сомит Ансорий Маҳбубий. Шунингдек, устозимиз: “Унинг насабини Бухоро тарихида кўрганман”, — дедилар«. Садру-ш-шарияълар ва уларнинг оила аъзолари фиқҳ илмини ўз замоналарининг энг буюк олимларидан олган. Уларнинг фиқҳ илмини ўрганиш силсиласи бухоролик атоқли фақиҳ Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабирга етиб боради. Абдулҳай Лакнавий “Мухтасару-л-виқоя” муаллифи Садру-ш-шарияъ иккинчини: “Барча томонидан қабул қилинган имом, шариат қонунларининг соқчиси, аслий ва фаръий (жузъий) муаммолар устоди ва қисқартирувчиси, ақлий ва нақлий (шаръий) фанлар олими, фақиҳ (ҳуқуқшунос), фиқҳ усулларининг билимдони, мантиқий, муҳаддис (ҳадисшунос) муфассир, тилшунос, адиб, мутакаллим, буюк қадру манзилат ва юксак мақом эгаси, илму адаб билан тўлиб тошган, мажду азаматни ота-боболаридан мерос қилиб олган зот эди“, — деб танитади. Убайдуллоҳ ибн Масъуд 747/1346—йилда вафот этган. Қабри ота-боболарининг абадий макони — Бухоронинг Шеробод деган жойидадир.

Мансуров Исмоил

Хожа Бухорий ЎМИТМ талабаси