Ватан муҳаббати — буюк туйғу
30

Аллоҳ таоло инсонни яратди ва ерга яъни она тупроққа бўлган муҳаббатни инсон фитратига қориштирди. Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.
Уламолар Аллоҳ таоло инъом этган неъматлар ичида энг тотли ва азизларидан бири бу хотиржамлик ва тинчлик дея таъкидлашган. Зеро, қўлингизда бутун дунё бойлиги жам бўлсаю, тинчлик ва хотиржамлигингиз бўлмаса у бойликдан наф йўқ. Бахт ва саодатни ҳам шу икки неъматсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Бухоро амирлигининг охирги хони Муҳаммад Олимхон умрининг охирги йилларини юрт соғинчида ўтказган ва унинг васиятига кўра қабр тошига қуйидаги мисра битилган.
Ватансиз шоҳ ўзга элда гадодир,
Ватанга йўл олган гадо — подшодир.
Инсон ота-онасини севгани каби Ватанини ҳам чин юракдан севиши, ардоқлаши керак. Ватаннинг зарра тупроғини олтин тоғларга алмаштириб бўлмайди. Ватан муҳаббати буюк туйғу. Шу боис эл оғзида “Ватанни севмоқ иймомондандир”, деган ҳикмат юради.
Яратганга шукур, жаттанмонанд юртимиз дунё ҳавас қиладиган ўлкалардан биридир. Унинг сувлари мазали, тупроғи калтак суқсанг кўкарадиган унумлидир. Энг асосийси, бу юрт дунёга донғи кетган улуғ олим-у уламоларга, фозил-у фузалоларга бешик, илм-у маърифатга эшик бўлган. Шундай ватанни севмай, улуғламай, ҳимоя қилмай бўладими?
Ҳозирги кунда Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қиладиган мард ва забардас ўзбек ўғлонларини, уларнинг ҳарбий салоҳияти ва қобилиятларини кўриб, қалбимиз ўзгача бир хурсандчилик ва хотиржамликни ҳис қилади. Зеро, фарзандларимиз ёшлигидан ватанга хизмат қилишдек олий шарафли вазифаларни бажариб, жонажон Ўзбекистонимизнинг тинчлиги ва асойишталиги абадий бўлишлигига замин яратади.
Ислом таълимотида Ватанга хиёнат қаттиқ қораланади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деганларини эшитдим» (Имом Бухорий, 3188-ҳадис).
Донишмандлар айтишган: Тўрт нарса сотилмайди: инсоннинг дини, иймони, танаси ва Ватани. Кимда ким ушбу қоидага риоя қилмас экан, у инсонийлик чегарасидан чиққан ҳисобланади. Алихонтўра Соғуний ҳазратлари “Биздан эмасдурлар Ватанни севмаганлар” деб бежизга айтмаганлар, чунки яқин ўтмишимизда Ватанимизни ёв қўлига ўтиши, халқимизга қул муомаласи қилинишининг асосий сабаби Ватанига, динига хоинлик қилиш, ўз бурчига масъулиятсизлик билан ёндашиш, ҳам моддий, ҳам маънавий тараққиётдан орқада қолиш оқибатида бўлганлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз ва бу хатони қайта такрорламаслигимиз зарур.
Ҳакимларимиз айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.
Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобурлар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) “Фарзандларингизга сузиш, камон отиш ва аёлларга касб-ҳунарни ўргатинглар” (Байҳақий ривояти) деб таълим берганларидек, жажжи фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш, Ватан ҳимояси олий саодат эканлигини, Ватанни ҳимоя қилиш бизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини ўргатиш, барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.
С.Жаҳонов, ўқитувчи
