Аҳли илм бўлган одам мушфиқ ва насиҳатгўй бўлиши лозим. Асло ҳасадгўй бўлмаслиги керак. Чунки ҳасадгўйлик ҳеч бир манфаат келтирмайди. Аксинча, унинг турган битгани зарардир. Устозимиз шайхул ислом Бурҳониддин раҳматуллоҳи алайҳ: “Уламолар: “Муаллимнинг фарзанди олим бўлади. Чунки муаллим ўз шогирдини Қуръон илмларида олим бўлишини истайди. Унинг мана шу эътиқоди ва меҳрибонлиги баракасидан фарзанди олим бўлиб етишади”, дер эдилар” – деганлар.

Ҳикоя қилинишича, Содрул ажалл, бурҳонул умма ўғиллари Содруш шаҳид Ҳусомиддин ва Содрус саид Тожиддинларга дарс учун чошгоҳ  вақтини ажратар эди. Бу пайтга келиб, барча дарслар тугаб бўлар эди.

Улар: “Бу пайтда бизнинг ақлимиз ўтмаслашиб дарсдан малолланиб қоламиз-ку”, дер эдилар.

Оталари: “Менинг ҳузуримга ернинг турли жойларидан ғариблар ва мансабдорларнинг фарзандлари келадилар. Дастлаб уларга дарс бермасам бўлмайди”, дея жавоб қилар эди. У кишининг меҳр-шафқатлари баракаси ўлароқ, икки ўғиллари ҳам, ўз асрининг энг забардаст фақиҳлари бўлиб етишдилар.

Толиби илм ҳеч ким билан низога бориб хусуматлашмаслиги керак. Чунки бу нарсалар вақтни зое қилади. Айтилишича, муҳсин киши эҳсонининг мукофатини олади. Ёмон одамга эса унинг қабиҳлиги етади.

Менга шайх, имом, зоҳид, ориф, рукнул ислом Имом Хавоҳирзода номи ила машҳур бўлган муфтий сақалайин Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳи султони шариат Юсуф Ҳамадонийнинг у кишига айтган шеърларини айтиб бердилар.

Шеър:

Жазолама инсонни гар бўлса у феъли ёмон,

Етгай унга ёмон хулқи ва ҳам қабиҳ иши бегумон.

 

Ким душманининг бурнини ерга ишқалаб қўйишни хоҳласа кўп такрор қилсин.

Шеър:

Истасанг йўлиқишни душманингга олиб ундан интиқом,

Ҳам куйдириб ҳам ёндириб ўлдирса уни ғам алам.

Талаб қилиб олийликни бўл илмда зиёда,

Илми зиёд кишига ҳасадгўйнинг армони ҳам зиёда.

Сен ўзингни ислоҳ қилиш ила машғул бўл. Душманларинга қаҳр қилиб юрма. Чунки ўзингни ислоҳ қилишинг душманга қаҳр қилишни ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, душманчилик қилишдан ҳам сақлан!. Чунки у сени расво қилади ва вақтингни зое кетказади. Оғир вазмин бўлишга ҳаракат қил. Айниқса нодонлар билан бўладиган муомалатларда.

Исо ибн Марям алайҳиссалом: “Нодонликнинг биттасига унинг ўнтасидан қутилиш учун сабр қилинглар”, деган эди.

Шеър:

Замон замонда одамларни кўрдим синаб,

Лек кўрмадим алдоқчи-ю  ғаддордан бўлак.

Кўрмадим мен катта ишлар ичинда,

Таъсирини қаттиқроғу оғирроқ,

Ўзаро адоватдан кўра.

Татиб кўрдим ашёларнинг аччиғини барчасин,

Лек тотмадим аччиқроқ сўроқдан кўра.

 

Сен мўмин кишига нисбатан бадгумон бўлма. Чунки бадгумонлик адоватнинг манбаи бўлиб ҳалол эмас.Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларга нисбатан яхши гумонда бўлинглар”, дея марҳамат қилганлар. Аслида бадгумонлик ният ва сийратнинг ёмонлигидан келиб чиқади. Худди Абу Тийб буни ўз шеърларида айтганидек.

Шеър:

Ишлари қабиҳ кишининг ёмондир гумонлари,

Тасдиқлайди кишини қалби одат унсурлари.

Душманлар сўзи деб, душман бўлар дўстга ҳам,

Ўзиб кетар гумонда тим қоронғу тундан ҳам.

Шеър:

Қабоҳатни тарк айла асло истама уни,

Инъом қилсанг кишига яхшисидан бери уни.

Душманларинг макридан Аллоҳ сенга кифоя,

Макр қилмай душманга сен қўй бунга ниҳоя.

Менга Шайх Абу Фатҳ ал-Бустийнинг шеъри ўқиб берилди.

Шеър:

Оқил одам қутилмас

Озор берар жоҳилнинг

Истибдод ва зулмидан.

Унга қарши урушда

Қалқон қилиб сулҳни у

Лозим тутсин сукутни

Гар гапирса жоҳил ҳам.

 

Қодиров Омон

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси катта ўқитувчи