Таҳсил пайтидаги парҳезкорлик ҳақида

         Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таълим вақтида тақво қилмаса, Аллоҳ таоло уни уч нарсадан бирига гирифтор қилади, ё ёш йигитлик пайтида ўлиб кетади, ё жоҳил одамлар ичида яшатиб қўяди, ё султоннинг хизматига мубтало қилиб қўяди”, дедилар.

Демак толиби илм тақводор бўлса, унинг илми манфаатлик ва таълим олиши осон ҳамда фойдаси кўп бўлади.

Тақвони камолига етказувчи омиллар сирасига, кўп ейишдан тийилиш, кўп ухламаслик, фойдасиз нарсаларни кўп гапирмаслик ва кўча овқатларидан емаслик кабиларни киритиш мумкин. Чунки кўча таомлари нотоза ва ифлос бўлиши мумкин. Шунингдек, кишини Аллоҳнинг зикридан узоқлаштириб, ғафлатга мойил қилиб қўяди. Қолаверса, унга фақир кишиларнинг назари тушади. Лекин ундан сотиб олишга қодир бўлмайдилар ва бундан озорланадилар. Айнан мана шу нарса таомнинг баракасини кетказади.

Катта шайхлардан Имом Муҳаммад ибн Жалил Муҳаммад ибн Фазл толиби илмлик чоғларида кўчадан овқат емас эдилар. У кишининг оталари қишлоқда яшар ваўғлининг таомини тайёрлаб жума куни элтиб берар эди. Бир куни ўғлининг ҳужрасида бозор нони турганини кўриб,ғазабланганидан ўғлига гапирмади. Шунда ўғли узр сўраб: “Уни мен сотиб олмадим ва бунга рози ҳам бўлмадим. Лекин уни шеригим олиб келди”, деди. Отаси: “Агар сен эҳтиёткор бўлиб, бу каби ишлардан тақво қилганингда, шеригинг бу ишни қилишга асло журъат этмас эди”, деди.

Ҳа, олдингилар ана шундай тақво соҳиби бўлишган. Шунинг учун ҳам, илмга ва уни ёйишга муваффақ бўлганлар. Уларнинг номлари эса қиёматгача боқийдир.

Зоҳид фақиҳлардан бири, толиби илмга ғийбатдан ва кўп гапирадиганлар билан ҳамсуҳбат бўлишдан сақланишни васият қилиб: “Ким кўп гапирса ўз умридан ўғирлаган ва вақтини зое қилган бўлади ” , деган эди.

Шунингдек, бузғунчи, осий ва умрини беҳудага ўтказадиганлардан четда бўлиш ҳам, тақводан деб ҳисобланади. Унинг ўрнига солиҳларга яқин бўлиш керак. Албатта ҳар қандай яқинлик ўз таъсир кучига эга. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиш ўлароқ қиблага юзланиб ўтириш, аҳли солиҳларнинг дуосини олиш ва мазлумларнинг дуоибадидан сақланиш лозим.

Ҳикоя қилинишича, икки киши илм талабида, шерик бўлиб четга чиқади. Бир неча йиллардан сўнг ўз ватанларига қайтиб келишганларида, улардан бири фақиҳ бўлиб, иккинчиси эса фақиҳ бўлолмаган ҳолда қайтади. Шунда шаҳар аҳли уламолари бу ҳолатнинг сабаби нима экани борасида ўйланиб қолишади ва улардан ўқиш мобайнидаги ҳолатлари, қандай такрор қилиб, қандай ўтирганлари тўғрисида сўраб кўрадилар.Маълум бўлишича, улардан фақиҳлик даражасига етгани, такрор пайтида қиблага ва илм таҳсил қилган шаҳрига юзланиб, иккинчиси эса қиблага орқа қилиб, юзини шаҳардан бошқа тарафга қаратиб ўтирган экан. Шундан сўнг уламолар фақиҳнинг фақиҳлик даражасига етишига, суннат амал бўлган қиблага юзланиб ўтириш ва бир қатор мусулмонлар дуосининг  баракоти сабаб бўлган деган, хулосага келишади. Чунки шаҳар ибодаткунанда, зоҳид ва аҳли фазл кишилардан холи эмас. Демак унинг ҳақига обид зотлардан бири дуо қилган бўлиб чиқади.

Шунингдек, толиби илм одоб ва суннат (амаллар)га ҳам бепарво бўлмаслиги керак. Чунки ким одобга бепарво бўлса суннатдан, суннатга бепарво бўлса фарздан ва фарзга бепарво бўлса охиратдан маҳрум бўлади. Баъзи олимларнинг айтишича, бу маънолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан олинган.

Яна нафл намозлар ўқиши, намозни ҳам хушуъ ва хузуъ билан адо этиши керак. Чунки намоз унга таҳсили илм қилишида ёрдамчи бўлади.

Менга шайх, буюк имом, зоҳид ва ҳожи Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафийнинг шеъри ўқиб берилди.

Шеър:

Буйруқларга бош эгиб, сен қайтариқдан бўлгин ҳазир,

Ҳам намозга бўл бардавом, доим бўлгин унга ҳозир.

Шаръий илмларни айла талаб, қил ижтиҳод,

Ҳам кўмак сўр Яратгандан бўлгин олим фақиҳ бир зот.

Сўра Аллоҳдан бўлиб роғиб сақласин ҳифзинг,

Ахир Аллоҳ сақловчининг энг яхшиси, Эгам фазлинг.

Шеър:

Қил итоат ҳам ижтиҳод бўлма дангаса асло,

Роббингизга сиз қайтарсиз мутлақо.

Кўп ухламанг махлуқотнинг яхшиси,

Кўп ухлаган яхшиликдан мосуво.

 

Толиби илм ўзи билан ўқиб юриши учун доимо бир дафтар олиб юриши керак. Бежизга: “кимнинг ёнида дафтари бўлмаса, унинг қалбига ҳикмат ўрнашмайди” – дейилмаган.

Шунингдек, толиби илм уламолардан эшитган нарсаларини қайд этиб бориши учун дафтари оқ бўлиши ва сиёҳдони ҳам тайёр туриши керак. Бу ҳақда Ҳилол ибн Ясор розиёллоҳу анҳунинг ҳадисида зикр қилган эдик.

Қодиров Омон

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси катта ўқитувчи