Таваккул ҳақида

24

Илм талаб қилишга отланган толиби илмнинг Аллоҳга таваккул қилиши зарурийдир. Нон насиба топаман деб, ғамга ботиш ва қалбини бу каби ишларга машғул қилиш ярамайди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан бириАбдуллоҳ ибн Ҳасан аз-Зубайдий розияллоҳу анҳуданривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг динида фақиҳлик мақомига етса, Аллоҳнинг Ўзи унинг мақсадларига кифоя қилади ва ўйламаган томонидан ризқини бериб қўяди”, деб марҳамат қилганлар.

Кимнинг кўнгли кийим кечак ва озиқ овқат топиш каби ризққа алоқадор ишлар билан машғул бўлса, карамли хулқ ва олий мақом ишларниҳосил қилиш учун ажратадиган вақти жуда кам бўлади.

Шеър:

Тарк этиб сен макоримларни,

Сафар қилма тилабон уни.

Ўтир майли чунки сен албат,

Одамсанда қорни тўқ-у усти бут.

 

Бир киши Мансур Ҳалложга: “Менга насиҳат қилинг”, деди. Мансур Ҳаллож: “Нафсинга ҳушёр бўл. Уни ишлат бўлмаса, у сени ишлатади”, деди.

Ҳар бир киши нафсини ҳою ҳавасга машғул бўлиб қолмаслиги учун яхши амаллар билан банд қилиб туриши керак. Оқил одам ҳеч қачон дунё учун ғам емайди. Чунки  ғам ғусса мусибатни аритмайди ва фойда ҳам бермайди. Балки юрак, тана ва ақлга зарар бериб, эзгу амал қилишга тўсқинлик қилади. Охират учун ғам ейиш фойдадан холи эмас албатта. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлар ичида шундай бир гуноҳ борки, уни фақатгина тирикчилик ғам ташвишлари ювади”, деганлар. Пайғамбаримизнинг ушбу сўзларидан, яхши амалларни қилишга ва қалбни ўта машғул қилиб, намозга руҳан тайёр бўлишга халал бермайдиган даражадаги ғам ташвиш тушинилади. Албатта, бир миқдор ғам ташвишнинг бўлиши охират амалларидан ҳисобланади. Толиби илм иложи борича дунёвий алоқаларини камайтириши лозим. Негаки, бурунги талабалар узлатни кўп ихтиёр қилар эдилар.

Шунингдек, илм йўлидаги сафарда бўладиган қийинчилик ва машаққатларга бардош бериши лозим бўлади. Худди,Мусо алайҳиссалом ўзларининг таълим сафарларида Каҳф сурасининг 62 оятида, “…Ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик”, деб  айтганидек Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом  тилидан у кишининг бошқа сафарларида бу каби қийинчиликларни зикр қилмаган. Бундан маълум бўладики, албатта илм учун бўлган сафар қийинчиликдан холи бўлмайди. Зеро, илм талаби жуда катта иш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, у аксар уламолар наздида ғазот қилишдан афзал ҳисобланади. Ажр мукофат ҳам, қийинчилик ва машаққатнинг миқдорига қараб бўлади. Ким мазкур қийинчиликларга сабр қилса, дунёвий лаззатлардан устун бўлган илмнинг лаззатини топади. Шунинг учун ҳам, Муҳаммад ибн Ҳасан қачон бедор бўлиб, бирор масалага ечим топса: “Бу лаззатлар кайда-ю, подшоҳларнинг боласи қайда!”, дер эди.

Толиби илм илмдан бошқа нарсалар билан машғул бўлмаслиги ва фиқҳдан юз ўгирмаслиги лозим. Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ: “Бизнинг бу ишимиз бешикдан қабргачадир. Ким бизнинг ушбу илмимизни бир соат тарк этишни истаса уни замон (тириклик) тарк этсин”, деганлар.

Фақиҳ Иброҳим ибн Жарроҳ ўлим тўшагида, жон бериш арафасида ётган Абу Юсуфнинг ҳузурига кирди. Абу Юсуф ундан: “Жамаротда тошларни уловда туриб отган афзалми ёки оёқда туриб отганми?”, деб сўради. Иброҳим ибн Жарроҳ жавоб топалмагач, Абу Юсуфнинг ўзи жавоб бериб қўйди.

Шунинг учун ҳам, фақиҳ одам ҳамиша, доимий равишда фиқҳ илми билан машғул бўлиши матлубдир. Ана шунда у илмдан бир дунё лаззат топади. Айтилишича, Муҳаммад ибн Ҳасан вафотидан кейин тушда кўрилиб: “Жон чиқар пайтда қандай ҳолатга тушган эдингиз?” – деб сўралганда: “мукотабга тегишли масалалардан бири борасида қаттиқ ўйланганимдан жоним чиққанини ҳам сезмай қолганман” – деб, жавоб берган экан. Яна у киши умрларининг охирида: “мукотаб масалалари мени ушбу кунга тайёргарлик кўришдан машғул қилиб қўйди”,  деган эди. Албатта у кишининг бу гаплари ўта камтарликдан бир нишонадир.

 

Қодиров Омон

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси