Кўнгил нимадан қораяди

 Ҳикмат. Иброҳим бин Адҳам ҳазратлари бир куни “Байтул муқаддас ходимлари мени масжиддан чиқаришмасин”, деб бўйрага ўралдилар. Ярим кечада масжид эшиги очилиб, бир пир ичкари кирдилар. Меҳробга ўтиб, икки ракаат намоз ўқидилар. Яна қирқ киши кириб келди. Биттаси: “Бу ерда бир киши ётибдир, биздан эмасдир”, деди. Пир кулимсираб, “Адҳам ўғлидир. Қирқ кундирки, ул ўқиган намозининг тотини билмас”, деган эдилар, Иброҳим бин Адҳам бўйрадан чиқиб, пирнинг ҳузурига салом бериб бордилар. Бу ҳолатининг сабабини не эканини Аллоҳ Таоло ризоси учун айтмоқларини сўрадилар. Пир дедиларки: “Фалон куни хурмо олаётиб, ердаги бир хурмо сеники бўлмагани ҳолда, меники, деб олиб единг сабаб шудир”. Шу жавобни олгани ҳамон хурмофурушга бориб, ҳалоллик тиладилар. Дўкон соҳиби унинг сўзларини эшитиб, бир фарёд кўтарди. Дўконини ташлаб, тарк этиб, дарвишлардан бўлди.

Хулоса шуки, ҳар бир киши луқмасини қай йўл билан келаётганига жуда ҳам эътиборли бўлмоғи хусусан оила рахбари бўлган эр кишилар чандон бепарво бўлмаслиги лозим! Сабаби оила бошлиғининг бепарволигидан нафақат бир ўзи балки, унинг аҳли оиласи ҳам зиён кўради!

Тошмирзаев Фарҳод

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси