Солиҳларнинг нишони – марҳаматдир
23

Бир донишманддан: “Мурувват нима?” деб сўрадилар.
У: “Қариндош-уруғ, дўсту ёрлардан етган жафоларни кечиришдир”, деб жавоб берди.
Агар бир дарахт шохлари кесилса, ўрнига янги навдалар кўкариб чиқади. Аммо меҳру муҳаббат, раҳм-шавқат ниҳоли жафо арраси билан арраланса, асло кўкармайди.
Ҳазрати Нўъмон ибн Баширдан қилинган ривоятда Расулуллоҳﷺ дедилар: “Мусулмонлар бир-бирларига насиҳат қилиб юрмоғи ва ўзаро раҳмли бўлмоғи лозим. Улар бир жону бир тан кабидирлар. Агар аъзолардан бирортаси дард чекса, қолган бутун жасади унга бедорлик билан ҳамдард бўлади. Мўмин кишилар ҳам битта вужуд кабидирлар. Агар унинг боши оғриса, ҳамма ёғи оғрийди ва агар кўзи оғриса ҳам унинг ҳамма ёғи дард чекади”. Саҳл ибн Саъддан қилинган ривоятда мазкур маъно бу тарзда баён қилинади: “Иймон аҳлидан бўлган мўмин киши худди жасаддаги бош кабидир. Бошдаги оғриқни жасад билгани каби, бутун аҳли иймоннинг дардини ҳам мўмин киши билиб туради”. Ҳа, жасад бошдаги оғриқ учун азият чекканидек, мўмин киши ҳам биродарлари учун азият чекади.
Аллоҳ таоло Юнус сурасининг 99-оятида шундай марҳамат қилади.
Агар Роббинг хоҳласа, ер юзидаги барча кишиларнинг ҳаммаси иймонга келар эдилар. Ёки сен одамларни мўмин бўлишга мажбурлайсанми?
Яъни, Сен ҳамманинг бирдек мўмин бўлмаганига кўп ҳам куюнаверма. Уларнинг ҳаммаси иймонга келиши шарт эмас. Агар шу нарса зарур бўлганда, Аллоҳ таоло уларнинг ҳаммасини аввал бошдан мўмин килиб яратар эди ёки мўмин бўлишга мажбур этар эди.
Ҳа, агар Роббинг хоҳласа, ер юзидаги кишиларнинг ҳаммаси иймонга келар эдилар.
Лекин барча ҳикмат соҳиби бўлган Ул зот бундай қилмади. Инсонни яхшилик ва ёмонлик, иймон ва куфрга лаёқат билан яратди. Унга у ёки бу йўлни танлаб олиш ихтиёрини берди. Аллоҳ инсонга тўғридан хатони ажратадиган ақл ҳам берди. У зот ақлларга энг осон йўлни кўрсатиш учун Пайғамбарлар юборди. Китоблар туширди. Яъни, ҳар бир одам тўғри йўлни топиб олишига ҳар жиҳатдан имконият яратди. Ана ўша омиллар орқали ҳар бир одам тўғри йўлни топиб олиши ёки аксинча, ақлини ишлатмай, залолатда қолиши ҳам мумкин. Шундай қилиб, иймон иши ихтиёрли бўлди.
“Ёки сен одамларни мўмин бўлишга мажбурлайсанми?”
Йўқ, албатта, иймон иши қалбга боғлиқ. Унга мажбур қилиш фойдасиздир.
Расулуллоҳﷺ дедилар: “Раҳм қилувчиларга Раҳмон раҳм қилади. Ердаги кишиларга раҳм қилинглар, Осмондаги Зот сизларга раҳм этади” (Мазкур ҳадисни мавлоно Румий: “Сен ерда бўлганларга марҳамат қилгинки, кўкда бўлган сенга марҳамат қилсин. Сендан қуйида бўлганга жонинг ачисинки, сендан юқори бўлганнинг ҳам сенга жони ачинсин”, деб шарҳлаганлар. Бу шарафли ҳадисдан Аллоҳ таоло осмонда экан, деб тушунмаслик керак. Зеро, Аллоҳ маконга муҳтож эмас). Яна дедилар: “Ким одамларга раҳм этмаса, Аллоҳ ҳам унга раҳм қилмайди”. (Буни “Ким атрофидагиларга жонкуярлик қилмаса, ҳолига бефарқ бўлса, Қиёматда унинг аянчли ҳолига Аллоҳ ачинмайди, дўзах оловидан қутқармайди”, деб тушунишимиз мумкин.) яна дедилар: “Умматимнинг кейингилари намози ва рўзасининг кўплиги учун эмас, балки қалбларининг раҳмати, кўнгилларининг саломатлиги, нафсларининг саховати ва барча мусулмонларга раҳмдиллиги боис жаннатга кирадилар”. Мазкурнинг мағзини чақишда “Жаннатга кириш учун намоз ва рўза шарт эмас экан”, деган хато фикрига бориб қолмаслик керак. Бунда “жаннатга кириш учун намоз ва рўзанинг кўплиги кифоя қилмайди, мўминда яна бошқа фазилатлар ҳам бўлиши шарт”, дейилмоқчи.
Солиҳларнинг нишони – марҳаматдир. Шақийларнинг (гуноҳкор, бахтсиз) нишони – марҳаматсизликдир. Ҳолиқни севган махлуққа шафқатли бўлади. Нафрат ва ғазаби оловланиб учқунлар сачратар экан, у киши инсон эмас. Меҳр – шафқат билан оламга қарасинки, шунда у инсон бўлади.
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси Кароматов Алимардон
