Ҳаром — ҳаммага бирдек ҳаром
24

Ҳаётда инсон баъзан ҳалол (пок) ва ҳаром (нопок) икки айри йўлга тўғри келиб қолади. Улардан қайси бирини танлаш унинг ақлига, ирода кучига, виждон амрига боғлиқ бўлади.
“Ҳалоллик билан қилинмаган иш яхши бўлмас, ип калаваси ҳасса бўлмас”, деганлар.
Атрофга қараганимизда, кимнингдир боласи ўғирлик қилиб, қамалган. Кимнингдир боласи жиноят қилиб қўйиб қочиб юрибди. Яна кимнингдир қизи фаҳш кўчасига кириб кетган… Бу кўргиликларнинг илдизи қаердан сув ичади? “Қозонингга меҳнат ҳосилидан бўлак ҳаром-ҳариш нарса тушмасин, билакс, уни истеъмол қилган фарзандларнинг сенга бемеҳр, бемурувват бўладилар”, деган оддий ҳақиқатни билмайдиганлар кўпми орамизда? Бозорда ёнғоқ сотувчиларнинг найрангларини айтмаса ҳам бўлади… Бозордаги найранглар оддий ҳолатку дейишингиз мумкин. Ҳаром ботқоғига ётганларга бало урмаяпти, бу найранглар денгиздан бир томчи-ку демоқчимисиз? Қайси бир ошхона омбори текширилганда ҳаром ўлган мол гўшти топилибди. Бу ҳам арзимас гапми? Яна замондан, ҳаётдан нолиб гапирамиз-а! Ҳазрати Умар (р.а.) “Биз ҳаром иш қилишдан қўрқиб, ўнта ҳалолдан тўққизтасини тарк этардик”, деганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак (р.а.) эса: “Шубҳали бир дирҳамни тарк этишим юз минг дирҳам садақа қилишимдан кўра афзалроқдир”, деганлар. Ҳалолга ҳаром аралашаверса, бировнинг ҳақидан қўрқув ҳисси танамизни бир марта ҳам жимирлатиб қўймаса, энг ёмони – бу тирикчилик воситасига айланиб улгурган бўлса, биз қандай одам бўлдик?!
Расулуллоҳ ﷺ “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар. Ул муҳтарам зот бозорни кузатганлар. Бир марта савдогарнинг қопда турган молига муборак қўлларини ботириб, аралаштириб кўрдилар. Қарасалар, усти қуруқ, ости ҳўл. Молнинг ости ёмон, усти эса чиройли. Шунда: “Бундай қилма” дедилар.
Ҳар бир инсон қиёматда бойлигини орттирган манба ва унинг сарфлаган ўрни ҳақида сўралади. Ҳаром мол топиб, уни ҳаром жойга сарфлаган кимса ҳасрату надомат, афсусу пушаймонлар чекади. Кимда ҳаром мол-дунё бўлса, қиёматга қолдирмай, ундан тезроқ қутулсин! Зеро, у куни кишининг ҳақи олтин-кумушлару мол-дунё билан эмас, савоб ва гуноҳ билан ҳисоб-китоб қилинади.
Шариат ҳалол деб белгилаган нарсаларни ейиш ҳамда ҳалолдан касб қилиш ва ҳар бир касб устида Аллоҳ таоло қайтарган ҳаром ишлар аралашиб қолишидан сақланиш фарздир. Ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик, қимор ва хамирфурушлик ҳамда зулм билан қўлга киритилган бойлик ҳаром саналади. Бировнинг розилигисиз олинган мол, гарчи унинг ўзи покиза бўлса-да, зулм қўлланилгани учун ҳаром бўлади. Шунингдек, чўчқа, ит каби нопок ҳайвонлар гўштини истеъмол қилиш ҳам ҳаромдир.
Диндорлик заифлашганида шаръий аҳком ва одоблар урф ва одатларга айланади. Бу хатарли ҳолатдир. Гуноҳ бу маъсиятдир, урф-одатга мухолиф бўлиш эмас.
Мураббий доим шаръий истилоҳларни ишлатиши керак, “уят бўлади” ва “одамлар нима дейди”нинг ўрнига “бу ҳалол, бу ҳаром”, деб. Шаръий аҳкомлар ва одатлар бошқа-бошқа нарсалардир.[1]
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўқиса ва ёд олса, у ҳалол қилган нарсани ҳалол билса, у ҳаром қилган нарсани ҳаром билса, Аллоҳ уни бу туфайли жаннатга киритади ва ўз аҳлидан ўн кишига шафоатчи қилади. Ҳолбуки, уларнинг ҳаммасига дўзах вожиб бўлган эди”, дедилар”.
Термизий ривоят қилган.
“Э Одам фарзанди, — дейилади қудсий ҳадисда, билгилки, инсонга ҳалоллик қатра-қатра келур. Ҳаром эса сел каби келур. Ҳар кимнинг емиши ҳалолдан бўлса, дини пок бўлур”. “Э Одам фарзанди, қачонки сенга мўл-кўл кел бошласа, уни исроф қилмасдан яхши йўлларга сарф қил. Ўлимни эслаб, ҳаромдан сақлан”.
Ҳаётда кўп қийинчиликларни бошидан кечирган ва уларни енгиб ўтган инсон босиб ўтган йўлга қаралса, унинг поклигига ва ички дунёси гўзаллигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Ҳалол ютуққа эришиш қийин бўлса-да, унинг завқи тотли, ширин бўлади. Шунинг учун ҳам яхшилар дейдиларки: “Ризқингни топиш учун яхши йўлларга отлан. Фойдани ҳалол йўл билан топ. Ҳаром йўллардан фойда топиш осон бўлса ҳам, охири азобдир”. Ёмонлик эшиги ҳаром фойда билан очилади, яхшилик эшиги эса ҳалол фойда билан очилади. Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам тугайди. Боқийлик эса шуларга қараб, ё азоб бўлади, ё роҳат! Аллоҳ таоло тақиқлаган ишларни қилганлар охиратда йиғлаб, азоб тортадилар. Одам ҳаром-хариш воситалар билан молу дунё, ҳузур-ҳаловат топса ҳам, лекин маънавий жиҳатдан ҳалок бўлади. Ҳаромга берилган кимса ҳар одимда ҳаром еб, гуноҳ топгани каби ҳалолга интилган инсон ҳар ҳалолдан савоб топади. Ҳалол топиб, бу топганингдан муҳтожга ёрдам қилсанг савоби янада ортади.
Нилуфар Ахатовна
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассаси
Фойдаланилган адабиётлар:
- “Одамийлик мулки” – “Хусну хулқ” (Ахлоқ китоби). – Т.: “Sharq”, 2014.
- “Қирқ фарз баёни” китобидан.
[1] П. Абдулкарим Баккор.
