Ихтилофларнинг келиб чиқиши
22

Ўтмишга бир назар
Турли омилларга кўра Ислом динидан узоқлашган ҳалқимиз ўтмишда турли бало офатларга гирифтор бўлди, динимиздан узоқлашгани сари қолоқликка учради, заифликка юз тутди ва нихоят, мустамлака асоратида қолди. Худди шу боис худосизлар балосига йўлиқди. Ва охир-оқибат, ҳалқимизнинг бир қисми худосизликка юз тутди. Дахрий тузум шайдолари худди шулар ёрдамида юртимизда динимиздан асар ҳам қолдирмасликка жон-жаҳдлари билан тиришдилар. Ана шу худосизлар томонидан масжидлар вайрон қилинди. Ана шу худосизлар томонидан Қуръонлар ёқилди. Шу худосизлар томонидан уламолар ўлдирилди. Ана шу худосизлар томонидан инсоният тарихида мисли кўрилмаган вахшийликлар қилинди. Уларнинг бирдан-бир мақсади Исломни йўқ қилиш эди.
Ана шундай қалтис вазиятларда ҳам халқ ичидан динини қўлида чўғ тутгандек тутиб қолганлар чиқди. Ҳа, севикли Набийимиз соллолоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келганидек, “чўғни тутсалар, қўллари куярди”, қўлни асрасалар, чўғсиз қолар эдилар. Ҳа ана шу азизлар худосизлар зулмидан, тахдидидан қўрқмай, ўлимга тик боқиб, динимизни асраб қолдилар. Албатта бу шароитда диний илмларни тўлиқ эгаллаш хақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Иложини топган одам саноқли сураларни бир амаллаб ёдлаб олиб, намозни эплаб ўқиб туриши катта гап эди. Бу холатда динимизни ўрганмоқчи бўлган хар бир киши тўғри келган китобни ўқир ва “динимиз” деганда ўзи ўрганган ана шу нарсанигина тушунар эди. Бошқа нарсаниниг имкони йўқ эди. Халқимиз ичида динимиз ҳақида гапиришнинг ўзи катта жиноят ҳисобланар эди. Бошқа мусулмон юртлар билан алоқа узилган, биз у томонга бормас, улар биз томонга келмас эдилар.
Халқ ичида динини махкам ушлаб, намозни ўқиб, рўзасини тутиб юрганлар ниҳоятда оз бўлганлиги, ана шу оз сонли мусулмонлар кўп қийинчиликлар билан намоз ўқишни ва рўза тутишни ўрганишгани ҳам аччиқ ҳақиқатдир . Улар халқ орасида динимизни ўрганишнинг энг кўп тарқалган услубидан фойдаланиб, бир амаллаб намоз ўқишни ва рўза тутишни ўрганиб олган эдилар. Ибодатларни улар фақат ҳанафий мазҳаби асосида ўрганар эдилар. Улар исломни таниб унга иймон келтириб, амал қила бошлаганларидан буён ибодатлару шаръий аҳкомларни ана шу ҳанафий мазҳаби асосида ўрганганлар, шу мазҳаб асосида амал қилиб келганлар. Асрлар оша, турли шароитларга қарамай, мужтаҳид Ҳанафий уламоларимиз томонидан Қуръони Карим ва Суннати Набавиядан олиб, халқ оммаси учун қулайлаштириб қўйилган фиқҳий масалалар худди Исломнинг негизига ўхшаб қолган эди. Айниқса, қийинчилик пайтларда, худосизлар ҳамласига учраб, динимизни ўрганиш қийинлашиб қолган кезларда мухтасар фиқҳий китоблар ва улар асосида уюштириладиган ихчам дарслар катта фойда берар эди. Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа омиллар сабабли халқимиз бошқа мазҳаблардаги ҳукмлар қандай эканидан хабарсиз қолди. Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа омиллар сабабли ҳалқимиз бошқа мазҳаблардаги ҳукмлар қандай эканидан хабарсиз қолди. Улар кўпчилик мусулмон халқлар қатори, Ислом шариатини ҳанафий мазҳаби орқали ўрганиб, ҳанафий мазҳаби бўйича ҳаётларига татбиқ қилиб келдилар. Ақийда масаласида эса жумҳур мусулмонлари, жумладан, тўрт эътироф этилган фиқҳий мазҳабларга эргашувчи мусулмонлар қатори, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида ҳам мустаҳкам эдилар. Улар мужтаҳид имомларимиз иттифоқ ила Қуръону Карим ва Суннати Набавиядан чиқарган ақидавий масалаларга олишмай эътиқод қилар эдилар. Бундан бошқа нарса бировнинг ҳаёлига ҳам келган эмас.
Руҳий тарбий бобида эса тасаввуфнинг Нақшбандия ва Қодирия каби тариқатлари тарқалган эди. Кишиларимиз мазкур тариқатларнинг шайхларидан руҳий тарбия олар эдилар. Бу масалада ҳам ихтилоф, келишмовчилик деган нарса бўлган эмасди.
Хулоса: ХХ-асрдаги Ўзбекистоннинг ҳолати баён қилинди, демак ҳозирда ихтилоф қилаётганлар бу ҳолатлардан хабардор эмаслар. Чунки бу нарсаларни билиб туриб Исломни ривожини истаган инсон, бундай қилиши ахмоқлик. Ёки бундайлар махсус топшириқ билан барчанинг эътибор марказига чиқарилган кишилардир.
Аллоҳ Азза ва Жалладан бизларни ва барча мусулмонларни ҳидоят узра собит қилишини сўраймиз.
Шарифбоев Абдуллатиф
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
“Ёш илмий тадқиқотчи” жамияти талабаси
Фойдаланилган адабиётлар:
- «Ихтилофлар Сабаблар Ечимлар» Шайх Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф
