МЕҲМОННИ ИКРОМ ҚИЛИШ – УЛУҒ ХУЛҚЛАРДАН
33

Араблар исломдан олдин тўғрилик, ботирлик ва қўшничилик каби мақталган хулқларга эътибор берар, ушбу ишларга ўзаро мусобақа қилишар ва бу ишлари билан фахрланар эдилар. Мазкур ишларга эътиборсиз бўлган, камчиликка йўл қўйган кишиларни ўзлари учун ор билар эдилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ислом билан пайғамбар қилиб юборилганларида араблар орасида бўлган яхши хулқларни тўлиқ қилишга ва уларни тарбиялашга бел боғладилар. Зеро, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта мен яхши хулқларни тўлиқ қилиш учун юборилдим” деганлар. Имом Аҳмад ривояти Меҳмонни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш исломдан олдин ҳам кейин ҳам араблар орасида мақталган ишлардан ҳисобланган.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликларидан олдин ҳам меҳмонни икром қилиш билан танилган эдилар. Бунга Хадича онамизнинг қуйидаги сўзларини эсга олиш кифоя қилади.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга илк бор ваҳий келганда У зот қўрқиб кетганликлари ва бўлган воқеани Хадича онамизга айтганларида: “Сиз хурсанд бўлинг, албатта Аллоҳ сизни абадий хафа қилмайди деб, Росулуллоҳни бир қанча сифатларини зикр қилганларида “Сиз йўқсилларга улашасиз ва меҳмонни ҳурмат қиласиз”” деганлар. Имом Муслим ва Бухорий ривояти Демак, расулимиз алайҳиссалом пайғамбарликдан олдин ҳам камбағалларга таом улашиш ва меҳмонни икром қилиш каби яхши сифатлар билан танилганлигини билиб олишимиз мумкин.
Муҳаммад алайҳиссалом ўз ҳадисларида меҳмонни ҳурмат қилишга буюрганлар ва бу ишни Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймон билан боғлаганлар. Ўз ҳадсиларидан бирида “Кимнинг Аллоҳ ва охират кунига иймони бўлса, қўшнисига озор бермасин ва кимнинг Аллоҳ ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин ва кимнинг Аллоҳ ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин”, деганлар. Муслим ва Бухорий ривояти
Мезбоннинг зиммасида меҳмоннинг ҳақлари борлиги ҳам таъкидланган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ибн Умар розияллоҳу анҳумога: “Албатта сенинг зиммангда меҳмонингни ҳаққи бордир” деганлар. Имом Бухорий ривояти Жумладан, меҳмон ташриф буюрганда, уй соҳиби қандай аҳволда бўлишидан қатъи назар, меҳмонни очиқ чеҳра ва шодлик билан кутиб олмоғи, меҳмон келганда пайсалга солмай дастурхон тузаш ва уйдаги энг яхши неъматларни дастурхонга тортиш, меҳмонни овқатланиш учун ортиқча мажбурламаслик ва ҳакозолар.
Меҳмондорчилик жаннатга киргизувчи амаллардан эканлигини ҳам яхши билишимиз керак. Бу борада расулимиз алайҳиссалом: “Эй инсонлар! Ораларингизда саломни ёйинг, таом улашинг ва инсонлар ухлаётган вақтда намоз ўқинглар жаннатга саломатликда кирасизлар” деганлар. Имом Термизий ва ибн Можа ривояти
Динимиз кўрсатмаларида ҳар бир нарсада меъёр бўлганидек, меҳмондорчиликда ҳам меъёр бўлиши керак. Турли исрофгарчиликлардан холий бўлиши, мезбон ўзи қийналиб қоладиган даражада такаллуф қилмаслиги, ҳаром-ҳариш нарсалардан четда бўлиши, ўзгаларни ғийбат қилмаслик ҳамда ўзаро суҳбат, таом ёйиш одобларига риоя қилмоғи ҳар бир меҳмон ва мезбоннинг бурчи эканлигини асло эсдан чиқармаслик керак.
Ўткирхон Маҳмудов
“Хожа Бухорий” таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари
