Аллоҳ осмондами?

34

Бутун мавжудотни бенуқсон яратган, уларга гўзал сурат ато этган, махлуқотларнинг сифатларидан пок бўлган Аллоҳ таолога беҳад ҳамд-у санолар бўлсин. Саййидимиз Муҳаммад Мустафо ﷺга саловотлар бўлсин. Ҳабибимиз айтадилар:

“Бисмиллаҳсиз бошланган ишнинг охири кесикдир”. Шундай экан биз ҳам Аллоҳ таолодан тавфиқ, Ўзи борасида айтиладиган гапларнинг хатолигидан паноҳ сўраб, ушбу мақоламизга киришамиз!

Кўпчилигимиз ёшлигимизда бобо-момоларимиз биздан “Аллоҳ қаерда?” деб сўраганларида қўлимиз билан осмонга ишора қилганмиз. Ҳозирги кунда ҳам фарзандларга шундай деб таълим бераётганлар ҳам йўқ эмас. Хўш бу қанчалик асосли? Ҳақиқаттан ҳам Аллоҳ осмондами? Бу борада уламоларнинг қарашлари қандай? Қуръони Каримда муташобиҳ оятлар борлигини деярли барчамиз биламиз. Уларнинг ичида Аллоҳ таолони осмонда эканлигини ҳаёлга келтирувчи оятлар ҳам бор. Келинг, улар борасида айтилган уламоларнинг фикрлари билан ўртоқлашамиз!

(У- Роҳман аршни эгаллади)[1]

Бу оятни зоҳирий маъносига қараб, Карромийя, Мушаббиҳа ва Шия тоифалари шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло Аршнинг устига макон қилгандир, Арш эса У учун ўтирадиган ўриндир”.  Аҳли сунна ва жамоа уламолари айтадиларки: “Арш Аллоҳ таолога макон бўлмайди, балки Аллоҳ таоло Аршни махлуқотларига Ўзининг буюклигини ва улуғлигини зоҳир қилиш учун яратди. Аллоҳ азза ва жаллани унга муҳтожлиги йўқдир. Чунки Аллоҳ таоло муҳтожликдан покдир. Оятдаги эгалладининг маъноси унга эгалик қилди деганидир. Бу ердаги мақсад Аллоҳ таолонинг олийлигидир, маконнинг эмас”.[2]

Макон —  жисм билан қамраб олинадиган нарсадир. Арш ҳам Аллоҳ таоло яратган бир жисмдир. Аллоҳ таоло жисм эмаски, маконни эгалласа. Ҳақ аҳлининг тутган йўли шуки: “Албатта Аллоҳ таоло бирор бир жиҳатда ҳам, маконда ҳам эмас”. Мулла Алиюл Қори: “Ҳашавийлар оятнинг зоҳирига қараб Аллоҳ таоло Аршнинг устида қарор топганини очиқ-ойдин айтганларини” айтадилар.[3]

Аллоҳ таоло яна марҳамат қилиб айтадики:

  1. Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган йерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми? [4]

“Осмондаги зотдан” мурод Аллоҳ таоло, лекин бу Аллоҳ таоло осмонда дегани эмас. Аллоҳ таоло макон ва замондан устун зотдир. Аҳли сунна ва жамоа эътиқодига бинонан: “Аллоҳ таоло ерда ёки осмонда” дейилишига сабаб шуки, Унинг хоҳиши ва ҳукми еру осмонга баробар ўтиши ва Унинг султони ғолиб эканлигидир.[5]

Бу ояти карима ҳам инсоннинг ҳаёлига “Аллоҳ таоло осмонда экан” деган ўйни келтириб қўяди. Эътиборимизни қуйидаги оятга қаратайлик. Аллоҳ таоло шундай дейди:

  1. Ва Биз унга (инсонга) жон томиридан ҳам яқинмиз.[6]

Бу оятни зоҳирига қарайдиган бўлсак, Аллоҳ таоло ичимизда ёки йерда еканлиги юзага чиқиб қолади. Чунки биз ердамиз.  Зоҳиран бу оят юқорида келтирган оятларимизга нисбатан тескари маъно бўлиб қолмайдими? Ёки Аллоҳ таолони осмонда дейдиганлар бу оятни ўқимаганми?

Ақоид китобларида келади: “Аллоҳ ҳеч нарсага ўхшамайди, бирор нарса Унга ўхшамайди”[7]

Махлуқотларнинг макон олиш сифати бор. Аллоҳ таоло эса уларнинг феълларидан ва сифатларидан пок зотдир.

Аллоҳ таолони қаердалигини билсак уни ёнига борамизми? Нима учун мусулмон умматини ривожлантириш ўрнига муташобеҳ оятларни таъвил қилишимиз, ислом динини ҳали бошланғич нуқтасида турган кишиларга булар ҳақида гапиришимиз керак. Ёки биз (Салафи Солиҳлар)[8]дан билимли бўлиб кетдикмики, Аллоҳ таоло борасида баҳс қиламиз. Улар биздан кўра Расулуллоҳ ﷺга яқин эмасмидилар. Ахир улар муташобеҳ оятларни таъвил қилмадиларку. Балки улар борасидаги ҳукмни Аллоҳ таолонинг Ўзига топширдиларку. Улар ҳар бир айтаётган гапларининг оқибатида қўрқар эдилар.Чунки билардиларки қиёмат кунида ҳар бир нарса ўзларининг зарарларига ишлашини. Ёки биз улар каби тақводормизми? Аллоҳ таолога тақво қилайлик биродарлар!!!

Фараз қилинг! Бирор бир қул хўжайинининг қаерда эканлиги билан қизиқадими ёки ундан қаерда эканлигини сўрайдими? Бундай қила олмайди, чунки бунга унинг ҳаққи йўқ. Шундай экан мавлоларнинг Мавлоси, моликларнинг Молиги бўлмиш Аллоҳ таоло борасида унга лойиқ бўлмаган гапларни гапиришга биз ожиз қулларнинг ҳаққи борми? Ҳаққи йўқ, бўлмайди ҳам. Азиз биродарлар Аллоҳ таоло борасида айтаётган ҳар бир гапимизни ўйлаб гапирайлик.  Биз ҳам адашган тоифалардан бўлиб қолмайлик. Аллоҳ таоло бизларни бундай ишларни қилишдан Ўзи сақласин.

الْعَجْزُ عَنْ دَرْكِ الإِدْرَاكِ إدْرَاكٌ

وَ الْبَحْثُ عَنْ سِرِّ ذَاتِ الرَّبِّ إِشْرَاكٌ

Аллоҳнинг зотини (қандайлигини) идрок қила олмаслик, бу Аллоҳнинг Зотини идрок қилишдир. Ва Аллоҳнинг Зотини сири ҳақида баҳс қилиш ширк келтиришдир[9].

Валлоҳу Аълам

 Нўмонов Муҳаммадюсуф

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси талабаси

“Ёш илмий тадқиқотчи” жамияти талабаси

 

[1] Тоҳа сураси 5- оят

[2] ”ضَوْءُ الْمَعَالِي شَرْحُ بَدْءُ الْأَمَالِي”

[3] دَرَجُ الْمَعَالِى شَرْحُ بَدْءِ الأَمَالِى

[4] Мулк сураси 16-оят

[5] “Тафсири Ҳилол” Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф

[6] Қоф сураси 16-оят

[7] “Фиқҳул Акбар” Имом Абу Ҳанифа 

[8] “Салафи Солиҳлар” — Исломнинг дастлабки 3 асрида яшаган кишилардир. Улар саҳобалар, тобеинлар ва табаъ тобеинлардир.

[9] شَرْحُ الْعَقَاعِدِ النَّسَفِى (٧٩)